Савол: Мен ушбу йили Тошкент ахборот технологиялари
университетига ҳужжат топширмоқчиман. Эшитишимча, мазкур университетга 4-блок
сифатида чет тили ҳам қўшилган эмиш. Шу гапда қанчалик жон бор. Агар инглиз
тили қўшилган бўлса, унда баҳолаш қандай бўлади. Қайси фанга неча балл
берилади.
Жавоб: Ҳа, Тошкент ахборот технологиялари
университетининг барча йўналишларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2013 йил 26 мартдаги ПҚ-1942-сонли қарорига асосан “Чет тили” фанидан ҳам
имтиҳон бўлиши белгиланган. Натижада абитуриентлар 4 та фан блоки бўйича
имтиҳон топширади: математика, физика, она тили ва адабиёти ҳамда чет тили.
Ўзбекистон
Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2013 йил 1 июлдаги
225-сонли буйруғи билан 2013/2014 ўқув йили учун “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари таълим йўналишлари
рўйхати ва тест бўйича уларга мувофиқ келувчи фанлар мажмуаси” тасдиқланди.
Ушбу буйруққа асосан, Тошкент ахборот технологиялари университетида 4 та фан
блоки бўйича тест синовлари ўтказиладиган йўналишларда қуйидагича баллар
тақсимоти белгилаб берилди:
Математика фанидан (жами 36 та савол) 1 та тўғри жавоб учун - 3,1 балл;
Физика фанидан (жами 36 та савол) 1 та тўғри жавоб учун - 2,1 балл;
Она тили ва адабиёти фанидан (жами 18 та савол) 1 та тўғри жавоб
учун - 1,1 балл;
Чет тили фанидан (жами 18 та савол) 1 та тўғри жавоб учун - 1,1 балл.
Кўриб турганингиздек, гарчи 4-фан блоки қўшилган бўлса-да, лекин саволлар
сони ҳам, умумий баллар миқдори ўзгаришсиз қолган. Шунчаки, 2 та фан блокида
саволлар сони 18 тадан бўлиши белгилаб берилган холос.
Шунингдек, яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ТАТУнинг барча
йўналишларида ҳам 4 та фан блоки бўйича имтиҳон бўлиб ўтмайди. Чунки 2 та
йўналишда, яъни “5350300‑Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида
иқтисодиёт ва менежмент” ҳамда “5350600‑Ахборотлаштириш ва кутубхонашунослик”
йўналишларида илгари ҳам чет тилидан имтиҳон бўлар эди. Шу сабабли мазкур
йўналишларга бу қоида таълуқли эмас.
4 та фан блоки бўйича қуйидаги йўналишлар имтиҳон топширади:
1. 5330500‑Компьютер
инжиниринги (“Компьютер инжиниринги”, “АТ-Сервис”, “Ахборот хавфсизлиги”,
“Мультимедиа технологиялари”)
2. 5330501‑Компьютер
инжиниринги (“Компьютер инжиниринги”, “АТ-Сервис”)
3. 5330600‑Дастурий инжиниринг
4. 5350100‑Телекоммуникация
технологиялари (“Телекоммуникациялар”, “Телерадиоэшиттириш”, “Мобиль тизимлар”)
5. 5350101‑Телекоммуникация
технологиялари (“Телекоммуникациялар”)
6. 5350200‑Телевизион
технологиялар (“Аудиовизуал технологиялар”, “Телестудия тизимлари ва
иловалари”)
7. 5350400‑Ахборот-коммуникация
технологиялари соҳасида касб таълими
8. 5350500‑Почта алоқаси
технологияси
Савол: Мен яқинда оилавий шароитим туфайли ўзим ишлаб
турган ташкилотдан ишдан бўшадим. Аммо ушбу ташкилот менга икки ой қолиб кетган
маошимни бермади. Бу қонунга зид эмасми?
Жавоб: Ташкилот маъмуриятининг қилган хатти-ҳаракати
қонунга зид. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасида меҳнатга
ҳақ тўлаш муддатлари берилган бўлиб, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа
шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир
мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларнинг айрим тоифалари учун алоҳида
ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа
муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин.
Ҳақ
тўланадиган кун дам олиш куни ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, меҳнат ҳақи
шу кун арафасида тўланади.
Меҳнат
шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли барча суммаларни тўлаш ушбу
Кодекснинг 110-моддасига мувофиқ равишда амалга оширилади.
Жамоа
шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган
муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкин.
Савол: Мен турмуш ўртоғимдан
ажрашмоқчи эдим. Қандай ҳолларда фақат эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича
фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилиши
мумкин?
Жавоб: Ушбу масала ҳақида Ўзбекистон Республикаси
Оила Кодексининг 43-моддасида сўз боради. Унга кўра агар
эр-хотиндан бири:
суд томонидан
бедарак йўқолган деб топилган бўлса;
суд томонидан
руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага
лаёқатсиз деб топилган бўлса;
содир қилган
жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса,
ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг
аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида
никоҳдан ажратилади.
Агар болалар ҳақида,
эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож,
меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо
мавжуд бўлса, улар никоҳдан суд тартибида ажратилади.
Савол: Яқинда иш
юзасидан “хизмат турар жойлари” деган атамага дуч келдим. Айтингчи, “хизмат
турар жойлари” дейилганда нимани тушунишимиз керак?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Уй–жой кодексининг
75-моддасида бу ҳақида сўз боради. Ушбу моддага асосан, хусусий, муниципал, идоравий уй-жой фонди ёки аниқ
мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларида жойлашган, ўз меҳнат муносабатлари
хусусиятига кўра иш жойига бевосита яқин ерда яшаши керак бўлган фуқаролар
кўчиб киришига мўлжалланган турар жойлар хизмат турар жойлари деб ҳисобланади.
Сайлаб қўйиладиган лавозимларни эгаллаб турган, меҳнат шартномалари
бўйича ишлаётган шахсларга, ҳарбий хизматчиларнинг айрим тоифаларига, шунингдек
қонун ҳужжатларида белгиланган рўйхатдаги бошқа шахсларга бериладиган турар
жойлар ҳам хизмат турар жойларига киритилиши мумкин.
Белгиланган тартибда оилавий болалар уйи ташкил этилганда тарбиясига
олинган болалар билан биргаликда яшаши учун тарбиячи – ота-она этиб тайинланган
фуқароларга хизмат уйи ёки хизмат квартираси берилади.
Хизмат турар жойларидан
ўз мақсадида фойдаланилади.
Хизмат турар жойлари
меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатига ёки хизмат даврига, сайлаб
қўйиладиган лавозим муддати тугагунга қадар берилади.
Хизмат турар жойларини бериш тартиби,
шунингдек уларни олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар тоифалари рўйхати Ўзбекистон
Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Худайбердиев
Хушнуд
Ушбу
савол-жавоблар “Парвона” газетасида чоп этилган
Комментариев нет:
Отправить комментарий