Савол: Амнистия акти бўйича саволим бор эди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати
билан амнистия тўғрисида”ги Олий Мажлис Сенатининг қарорининг 1-банди оғир
жиноят содир этганларга татбиқ этилмасин дейилган. Айтингчи, жабрланувчига
қанча миқдорда моддий зарар етказилган бўлса жиноят оғир деб топилади?
Жавоб: Жиноятнинг даражасини белгилаш етказилган моддий
зарарга боғлиқ эмас. ЎзР Жиноят Кодекси 15-моддасида айнан жиноятларни
таснифлаш ҳақида қоидалар белгиланган бўлиб, бунга кўра жиноятлар ўз хусусияти
ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра: ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир
бўлмаган, оғир ва ўта оғир жиноятларга бўлинади. Бунда жиноятга белгиланган жазонинг
муддати асос қилиб олинади.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга
озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек
эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги
жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
Унча оғир бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга
озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек
эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо
назарда тутилган жиноятлар киради.
Оғир
жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда оғир жазо сифатида 5 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга
озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган жиноятлар киради.
Ўта оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан
маҳрум қилиш ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган
жиноятлар киради.
Савол: Турмуш ўртоғим билан судга
ажралиш ҳақида ариза бердик. Сўрамоқчи бўлганим, ажралиш масаласи ҳал
қилинаётганда умумий мол-мулкимизни бўлиш қандай тартибда амалга оширилади? Мол-мулкдаги улушимизни белгилашда нималар эътиборга
олинади?
Жавоб: Ўзбекистон
Республикаси Оила кодексининг 27-моддасига асосан, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш
эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан
ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги
улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган
ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Эр ва хотиннинг умумий
мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин.
Низо туғилган
ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек эр ва хотиннинг бу
мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади.
Оилавий муносабатлар тугатилганда, суд эр
ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз
мулки деб топиши мумкин.
Ўзбекистон
Республикаси Оила кодексининг 28-моддасига асосан, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини
бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин
ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва
хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади.
Суд вояга
етмаган болалар манфаатларидан ва(ёки) эр ва хотиндан бирининг эътиборга лойиқ
манфаатини ҳисобга олиб, жумладан, агар эр ёки хотин узрсиз сабабларга кўра
даромад олмаган бўлса ёхуд эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини оила
манфаатларига зарар етказган ҳолда сарфлаган бўлса, эр ва хотиннинг умумий
мол-мулкидаги улушлари тенглигидан чекинишга ҳақлидир.
Эр ва хотиннинг
умумий мол-мулкини бўлишда эр ва хотиннинг умумий қарзлари уларга белгиланган
улушларга мутаносиб равишда ҳар иккаласи ўртасида тақсимланади.
Агар эр ва хотиндан бири умумий
мол-мулкни эр ёки хотиннинг эркига зид равишда ва оила манфаатига мос бўлмаган
ҳолда ўз хоҳишига кўра сарфлаган ёки бошқа шахсга ўтказган бўлса, уни бўлишда
бу мол-мулк ёки унинг қиймати ҳисобга олинади.
Савол: Мен ўтган йили ноқонуний равишда жиноий
жавобгарликка тортилиб, суд ҳукми билан айбдор деб топилгандим. Апелляция
натижасида юқори турувчи суд инстанцияси қарорига биноан менга нисбатан
чиқарилган суд ҳукми бекор қилинди ҳамда мен оқландим. Менга етказилган зарар
ким томонидан тўланади?
Жавоб: ЎзР ФКнинг 991-моддасига мувофиқ, қонунга хилоф
тарзда ҳукм этиш натижасида етказилган зарар суриштирув, дастлабки тергов,
прокуратура органларининг ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъи назар,
қонунда белгиланган тартибда давлат томонидан тўла ҳажмда тўланади. Зарар
таркибига қуйидагилар киради:
1. Қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган
иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадлар;
2. Пенсия ва нафақалар, башарти уларни тўлаш тўхтатиб
қўйилган бўлса;
3. Пуллар, пул жамғармалари ва уларга тўланадиган
фоизлар, давлат заёми облигациялари ва уларга чиққан ютуқлар, акциялар ва бошқа
қимматли қоҚозлар, шунингдек суднинг ҳукми, ажрими (қарори)га асосан мусодара
қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ёхуд бошқа мол-мулкнинг
қиймати;
4. Суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундириладиган
жарималар ва суд чиқимлари;
5. Юридик ёрдам кўрсатилиши учун шахс томонидан
адвокатлар бюросига ёки ҳайъатига ёки фирмасига тўланган пул, шунингдек унга
нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган барча
ҳаракатлар;
Шунингдек, ЎзР ФК 1021-моддаси 2-қисмига мувофиқ
маънавий зарар ҳам қопланади.
Савол: Меҳнат
шартномаси қандай асосларга кўра тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган
ҳолларга кўра бекор қилинади?
Жавоб: ЎзР
Меҳнат Кодекси 106-моддасига биноан меҳнат шартномаси тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган қуйидаги ҳолатлар бўйича бекор қилинади:
1) ходим ҳарбий
ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда;
2) шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга
тикланган тақдирда;
3) ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний
кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом
эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек ходим суднинг қарорига
биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига йўлланган тақдирда;
4) ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар
бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф
этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;
5) ходимнинг вафоти муносабати билан;
6) қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Х.Худайбердиев, ТДЮИ ўқитувчиси
Ушбу савол-жавоблар “Парвона” газетасида чоп этилган
Ушбу савол-жавоблар “Парвона” газетасида чоп этилган
Спасибо за статью оказалась очень полезной.
ОтветитьУдалить