Савол: Турмуш ўртоғим ҳорижга ишлаш учун кетиб, анча йиллар қайтиб
келмаганди. Шу сабабли суд томонидан бедарак йўқолган деб топилиб, никоҳимиз
ҳам бекор қилинган эди. Бахтли тасодиф туфайли, у яқинда яна қайтиб келди. Биз
никоҳимизни қайта тикласак бўладими ёки янгидан никоҳдан ўтишимиз керакми?
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 48-моддаси “Суд томонидан вафот этган
деб эълон қилинган ёки бедарак йўқолган деб топилган эр (хотин) қайтиб келган
ҳолларда никоҳнинг тикланиши” деб номланиб, унда Сиз мурожаат қилган масала бўйича ишлар қандай ҳал
қилиниши кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, суд томонидан вафот этган деб эълон қилинган ёки
бедарак йўқолган деб топилган эр (хотин) қайтиб келган ва тегишли суд қарорлари
бекор қилинган ҳолларда, никоҳ эр-хотиннинг биргаликдаги аризасига кўра
фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи томонидан тикланиши мумкин. Фақатгина агар
эр (хотин) янги никоҳга кирган бўлса, никоҳни тиклашга йўл қўйилмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, сизлар биргаликда ариза бериб, никоҳингиз қайта
тиклашингиз мумкин, яна янгитдан никоҳдан ўтиш учун зарурат йўқ.
Савол: Мен август ойида меҳнат таътилига чиқишим керак. Лекин баъзи сабабларга кўра, ушбу
таътил муддатини бошқа вақтга кўчирмоқчиман. Шуни қилишим мумкинми ва қандай
асосларга кўра меҳнат таътили бошқа вақтга кўчирилади?
Жавоб: Ўзбекистон
Республикаси Меҳнат кодексининг 145-моддасида “Таътилни узайтириш ёки уни
бошқа муддатга кўчириш” асослари баён этилган бўлиб, унга кўра ходимлар қуйидаги ҳолларда таътилни узайтириш
ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадирлар:
1) вақтинча
меҳнатга қобилиятсизлик даврида;
2) ҳомиладорлик
ва туғиш таътили муддати бошланганда;
3) йиллик
таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганда;
4) давлат
ёки жамоат вазифаларини бажараётганда, башарти қонунлар ва бошқа норматив
ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда
тутилган бўлса.
Агар
таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар
келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан
таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай сабаблар таътил
даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки
ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган
қисми бошқа муддатга кўчирилади.
Ходим
таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини
хабардор қилиши шарт.
Агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг
бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил
бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, таътил ходимнинг
аризасига мувофиқ бошқа вақтга кўчирилади.
Савол: Мен давлат
корхонасида ходим бўлиб ишлайман. Яқинда асосий иш жойимдан ажралмаган ҳолда
ўзимнинг хусусий тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўймоқчи эдим. Лекин эшитишимга
кўра, давлат корхонасида ишлайдиганлар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши
мумкин эмас экан. Шунга аниқлиқ киритиб берсангиз.
Жавоб: Ўзбекистон
Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги “Тадбиркорлик фаолияти
билан шуғулланиш тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тўғрисида”ги
Қарорига мувофиқ қуйидаги мансабдор шахсларга тадбиркорлик фаолияти билан
шуғулланиш тақиқланди:
1) давлат ҳокимияти ва
бошқарув органларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимларига;
2)
давлат банклари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларига, хизмат юзасидан пул
белгиларига ва пул (банк) ҳужжатларига бевосита алоқаси бўлган мансабдор шахсларга;
3)
давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари раҳбарларига ва уларнинг банк
ҳужжатларига имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлган ўринбосарларига;
4)
давлат таъминот ва савдо-сотиқ корхоналари ва ташкилотларининг раҳбар
ходимларига;
5)
тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш ёки
бундай фаолиятни назорат қилиш вазифасига кирувчи давлат органларининг раҳбар
ходимлари ва мутахассисларига;
6)
чакана, улгуржи-чакана савдо, умумий овқатланиш давлат бирлашмалари ва
корхоналарининг, савдо ташкилотларининг, трестларининг раҳбарларига ва уларнинг
ўринбосарларига, бош мутахассисларига, структуравий бўлинмаларининг бошлиқларига,
моддий жавобгар шахсларига.
Савол: Мен ушбу йили касб-ҳунар коллежини тугатдим
ҳамда олий таълим муассасига ҳужжатларимни топширмоқчиман. Айтингчи, мен қабул
комиссиясига қандай ҳужжатларни тақдим этишим керак?
Жавоб:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сонли қарори билан
тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига
талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомининг 12-бандига асосан абитуриентлар олий
таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
1) таълим йўналиши, ўқув тили ва шакли
кўрсатилган ҳолдаги ариза (аризада олий таълим муассасасини тугатганлиги ёки
олий маълумоти йўқлиги, қайси чет тилидан тест топшириши, ҳарбий тавсияномага
эга бўлганлар унинг рақамини кўрсатишлари ҳамда тест синовларини ўтказиш
қоидалари ва жавоблар варақаларини тўғри тўлдириш билан танишганлиги
кўрсатилади);
2) ўрта таълим (11-синф негизида) ёки
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг
асл нусхаси;
3) 086-У — шакл бўйича тиббий маълумотнома;
4) паспорт (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлиги тўғрисидаги
гувоҳнома)нинг нусхаси;
5) 3.5 x 4.5 см ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;
6) меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма ва
ишлаб турган соҳадан тавсиянома (махсус сиртқи бўлим абитуриентлари учун).
Танловдан ташқари
ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлган халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар
ва мусобақалар ғолиблари асл нусхадаги тасдиқловчи ҳужжатларни топширадилар.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий
хизматни ўтаб бўлган фуқаролар ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли
тавсияномасининг аслини юқорида кўрсатилган ҳужжатлар билан биргаликда тақдим
этадилар.
Абитуриент томонидан паспорт (паспорт ёшига етмаганлар
туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома) ҳамда ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги
ҳужжат қабул комиссиясига шахсан кўрсатилади.
Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда олий таълим муассасаси
қабул комиссияси абитуриентнинг ҳужжатларини қабул қилишни рад этишга ҳақли
эмас.
Х.Худайбердиев, ТДЮИ ўқитувчиси
Ушбу савол-жавоблар “Парвона” газетасида чоп этилган
Ушбу савол-жавоблар “Парвона” газетасида чоп этилган
Комментариев нет:
Отправить комментарий