31 июл. 2013 г.

Twitter`да ёзган барча твитларингизни қандай қилиб сақлаб олиш мумкин?



Twitter ижтимоий тармоғи бугунги кунда дунёга энг машҳур ижтимоий тармоқлардан бири ҳисобланади. Кундан кунга мазкур ижтимоий тармоқдаги ўзбек фойдаланувчилари сони ҳам ошиб бормоқда.

Ўтган йили декабрь ойида Twitter ўзининг расмий блогида фойдаланувчилар ўзларининг барча ёзган твитларини сақлаб олиш имкони пайдо бўлганини хабар қилганди.

Агарда Сизда ҳам ўз твитларингизни кўчириб олиш хоҳишингиз бўлса, буни амалга ошириш жуда осон. Бунинг учун аввало бизга компьютер керак бўлади. Чунки ҳозирча мобил телефонлардан буни амалга ошириш имкони йўқ.

Демак, архивни сақлаб олиш учун қуйидаги амалларни бажаринг:

1. “Настройки” (Settings)

2. “Учетная запись” (Account)

3. Саҳифанинг энг пастида “Архив ваших твитов” (Your Twitter archive)

4. “Отправить письмо повторно” (Resend email)

Бироз муддатдан сўнг, электрон почтангизга хат келади. Хатда кўрсатилган манзилга ўтасиз ва ўша ердан твитларингиз архиви жойлашган  .Zip форматдаги файлни кўчириб оласиз.

Файлни кўчириб олгач, ундаги “index” номли .html форматдаги файлни ишга туширасиз, тамом! Ҳа, аввал, .Zip форматдаги файлни архивдан чиқариб олишни унутманг.
Архив қулай интерфейсга эга бўлиб, унда ойма-ой барча твитларингиз ўз аксини топган бўлади. Бир ойда нечта твит ёзганингиз ҳам акс этади. Шунингдек, твитларингиз орасида қидирув тизимидан ҳам фойдалансангиз бўлади.


25 июл. 2013 г.

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига қабул қилиш тартиби ўзгартирилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 23 июлдаги №206-сонли қарорига асосан, “Тошкент давлат юридик университети магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланди.

Мазкур Низом “Таълим тўғрисида”ги қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2013 йил 28 июндаги ПҚ-1990-сон қарорига мувофиқ қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида ТДЮУ магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш, кейинги ўқув йилидан бошлаб ТДЮУ магистратурасига мутахассисликларнинг янгиланган рўйхатини жорий қилиш бўйича таклифлар киритиш, 2010 йил 18 июндаги “Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга ўзгартириш киритиш каби масалалар ўрин олган.

Айтиш жойизки, бугунги кунда Республика ОТМларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан олиб борилар эди. Ушбу Низом фақатгина ҳарбий таълим муассасаларига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси магистратурасига нисбатан татбиқ этилмас эди. Эндиликда киритилган ўзгартириш бўйича мазкур Низом Тошкент давлат юридик университети магистратураси учун ҳам татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилди.

Хўш, савол туғилиши мумкин, янги қабул қилинган Низом бўйича ТДЮУ магистратурасига қабул қилиш тартиби қолган ОТМлардаги тартибдан нимаси билан фарқ қилади? Асосий фарқли қоидалари қайсилар?

Ушбу саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин:
1. Энг аввало кириш балларининг таркиби ўзгарди. Яъни, ТДЮУ магистратурасига киришда эндиликда олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи ҲИСОБЛАНМАЙДИГАН бўлди. Бу нима дегани?
Биламизки, магистратурага қабулда максимал 300 балл тўплаш мумкин. Шундан, 200 баллини кириш синовлари орқали, қолган 100 балли эса диплом иловада кўрсатилган ўзлаштириш баллини қўшиш орқали тўпланарди. ТДЮУ магистратурасига қабулда эса бундан буён фақат кириш синовларида тўплаган баллари инобатга олинади, бакалаврда ким қанақа ўқиганлиги, ўзлаштириш кўрсаткичи қанақа бўлганлиги эндиликда аҳамиятга эга эмас.

2. Кириш имтиҳонларининг шакли ўзгарди ва қатъий қилиб белгиланди. Яъни, эндиликда ТДЮУ магистратурасида кириш имтиҳонлари ТЕСТ СИНОВЛАРИ ВА ЁЗМА ИМТИҲОН шаклда олиб борилади.
Тест синовлари барча фанлар бўйича: Демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти асослари, мутахассислик фани ва чет тили.
Ёзма имтиҳон фақат мутахассислик фани бўйича ўтказилади ва абитуриентларда таҳлил, тафаккур, ҳуқуқий манбалар билан мустақил ишлаш ҳамда ҳуқуқий масалалар бўйича хулосаларни ифода этиш борасида қобилиятларни аниқлашга қаратилади.

3. Тест синовлари эндиликда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИ томонидан ўтказилади. Шунингдек, тест саволлари ҳам Давлат тест маркази томонидан шакллантирилади.

4. Махсус фанга бериладиган баллар миқдори ўзгарди. Бунда Махсус фандан ҳам тест, ҳам ёзма имтиҳон ўтказилади ва ҳар бир имтиҳонга 100 баллдан – ЖАМИ 200 БАЛЛ берилади. Қолган ОТМларда махсус фанга 100 балл берилади. Демак, ТДЮУ магистратурасига киришда танланган йўналиш бўйича махсус билимлар кўпроқ талаб этилади.

5. Абитуриент имтиҳон натижаларидан норози бўлган тақдирда, шикоят бериш муддатлари ўзгарди. Ҳозирдаги тартиб бўйича, абитуриент синов натижасидан норози бўлган тақдирда, синов натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида шикоят бериши мумкин. ТДЮУ магистратурасига қабул қилиш тўғрисидаги Низом бўйича, апелляция комиссиясига шикоят қилиш муддати 2 ИШ КУНИ қилиб белгиланди.

6. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари билан тақдирланган абитуриентларни қабул қилиш тартиби ҳам бироз ўзгарди. Эндиликда юқоридаги стипендия совриндорлари ТДЮУ магистратурасига давлат гранти асосида УМУМИЙ ҚАБУЛ КВОТАСИ ДОИРАСИДАН ТАШҚАРИДА бакалавриатнинг таълим йўналишига мос мутахассисликларга танловдан ташқари қабул қилинади. Яъни, эндиликда стипендиатнинг магистратурага давлат гранти асосида қабул қилиниши квотада белгиланган давлат гранти учун жойга таъсир қилмайди. Улар умумий қабул квотаси доирасидан ташқарида қабул қилинади.
Мавжуд тартиб қоидага кўра, бошқа ОТМларда, стипендиатлар давлат грантига квота ичида қабул қилинади. Масалан, маълум бир йўналишга давлат гранти учун 2 та ўрин ажратилган бўлса ва ўша йўналишга 1 нафар Президент стипендияси соҳиби ва 1 нафар номли давлат стипендияси соҳиби ҳужжат топширса, ўша 2 та ўрин банд қилинади ҳамда қолган абитуриентлар фақат тўлов-контрактдаги ўрин учун ҳаракат қилишади.
Менинг фикри ожизимча, қолган ОТМларда ҳам ТДЮУда ўрнатилган тартиб қўлланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

ТДЮУ магистратурасига қолган тартиблар умумий тартиб қоидалар деярли бир хил. Бошқа катта ўзгартиришлар йўқ.

Маълумот учун айтишим мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 июлдаги 199-сонли қарорига асосан Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилган ҳамда чет тили фанидан ҳам имтиҳон бўлиши белгилаб берилган эди. Бу ҳақида қуйидаги манзилдан батафсил маълумот олишингиз мумкин.
Мана бу манзилдан эса, магистратурага қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом билан танишиб чиқишингиз мумукин. (Эслатма: ҳали бу манзилдаги Низомга мен юқорида айтган ўзгартиришлар киритилмаган)



24 июл. 2013 г.

Қандай қилиб кредит карточкасиз Apple ID очиш мумкин?


Яқинда Twitter ижтимоий тармоғида қанақа қилиб, текин, кредит карточкасиз Apple ID очиш мумкинлиги ҳақида мавзу бўлганди. Google амакининг ёрдами билан ушбу муаммога ҳам чек қўйдик, ечимини топдик. http://icupertino.ru сайтида бу борада жуда осон қўлланма берилган экан. Кўпчиликни ушбу савол қизиқтиришини билган ҳолда, бу тўғрисидаги қўлланмани Сиз билан ўртоқлашишни лозим топдим. Сабаби бугунги кунда кўпчилик юртдошларимиз Apple компанияси маҳсулотларидан фойдаланишмоқда ва iPad-у iPhone’лардан фойдаланиш вақтида бизга Apple ID жуда ҳам керак бўлади.

Аслида Apple ID очиш текин. Лекин aplle.com сайтидан рўйхатдан ўтиш вақтида якунда Сиздан кредит карточка (Visa Card, Master Card) рақамини сўрайди. Кўпчилик айнан мана шу жойга келганда “ожиз” қолади. Қуйидаги усулда Сиз кредит карточкасиз Apple ID очишингиз мумкин.

Кредит карточкасиз Apple ID очишимиз учун бизга қуйидагилар керак бўлади:
1. Интернетга боғланган компьютер ёки ноутбук
2. iTunes дастури (http://www.apple.com/itunes/download/)

1-қадам. Энг аввало iTunes дастурини ишга туширамиз ва iTunes Store бўлимидаги App Store саҳифасини танлаймиз.




2-қадам. Энди исталган бепул дастурлардан бирини танлаймиз ва “Бесплатно” тугмасини босамиз.
Диққат қилинг! Ушбу қадам бажарилиши шарт бўлган ҳаракат бўлиб, буни бажармасдан кредит карточкасиз Apple ID оча олмаймиз.




3-қадам. Шундан сўнг бизда қуйидагича ойна пайдо бўлади. Бунда Сиздан Apple ID ва пароль сўрайди. Биз эса “Создать  Apple ID” деган жойни танлаймиз.




4-қадам. Кейин “Добро пожаловать в iTunes Store” ойнаси очилади. Биз “Продолжить” тугмасини босамиз. Шундан сўнг бизга яна бир ойна очилади ва унга “ҳамма шартинга розиман-эй” деган жойига белги қўйиб, “Принять” тугмасини босамиз.






5-қадам. Пайдо бўлган ойнага ўз маълумотларимизни киритамиз. E-mail қисмига ишлайдиган E-mail манзилини киритишимиз зарур, чунки рўйхатдан ўтишни тасдиқлаш учун хат келади.






6-қадам. Кейинги қадамда бизга тўлов карталарини кўрсатиш зарур бўлган ойна очилади. Биз бу ерда “Нет” тугмасини танлаймиз ва пастдаги “Создать  Apple ID” тугмасини босамиз.




Шу билан Apple ID очиш миссияси якунланди. Бундан кейин почтангизга келган хатни тасдиқлашингиз қолади холос. 

Сизни муваффақиятли рўйхатдан ўтганингиз билан табриклайман! Ана энди бемалол Apple ID хизматидан фойдаланишингиз мумкин. Омад!



23 июл. 2013 г.

Сен айиққа ашнамисан?


Куни кеча блогимга “Дақиқа қадри. Абрамов ва Қосимов даврида” деб номланган мақола жойлаштирган эдим. Мақолада Ўзбекистон терма жамоаси билан боғлиқ қизиқарли статистика жой олганди. Бунақа ҳисоб-китобли хабарлар жуда кўп учраб туради, ким қанча масофа югургани-ю, ким неча дақиқа тўп сурганигача. Қайси дарвозабон неча дақиқа гол ўтказмагани-ю, қайси жамоа узоқ муддат “қуруқ” серия олиб борганигача. Бунақа хабарлар тиқилиб ётибди! Оддий статистика, тамом. Лекин минг афсуски, менинг мақолам мухлисларда турлича кутиб олинди. Дастлаб, мақола Стадион.уз сайтида эълон қилинди. Сайт мухлисларининг муносабатидан сездимки, қаердадир хатолик кетган. Негадир ҳамма дарров

АБРАМОВ ЯХШИМИ ЁКИ ҚОСИМОВ

деган саволга жавоб излашга тушиб кетган. Ушбу ҳолатни кузатиб, эртаси куни Уфф.уз сайтидаги блогимга мақолани жойлашдан олдин, атайин бошига изоҳ ёздим. Мақсадим мураббийларни солиштириш эмас. Ақли, эс-ҳуши жойида футбол мухлиси бор-ки, дақиқалар билан боғлиқ статистика орқали мураббийни кучини аниқламайди, бу аҳмақона иш дедим. Қоғозга ўраб албатта. Йўқ, барибир ўша-ўша гап. Нима эмиш, Қосимовда айб йўқ эмиш. У 4-босқичда жамоани бошқарганмиш. Унинг рақиблари кучли бўлган эмиш. Тўғри! Тўппа-тўғри! Бу гапларга 100% қўшиламан. Аммо савол:


КИМ ҚОСИМОВНИ АЙБЛАДИ?!

Ҳали бирон жойда Қосимовга қарши ФИКР бермадим. Умуман олганда ўша мақоламда биронта таҳлилий ФИКР ёзмаганман. Ўзимнинг шахсий позициям ҳақида 1 та сўз ҳам йўқ. Мен бор нарсани, ФАКТни, оддий СТАТИСТИКАни ёзгандим холос. Бошланғич синфда қўшиш-айиришни ўрганган исталган инсон ўзи менсиз ҳам ҳисоблай олиши мумкин бўлган рақамларни ёздим холос. Ҳеч нарсани тўқимадим, ҳеч нарсани осмондан олмадим. Ва асосийси



ҲЕЧ КИМ

ни айбламадим ҳам. Ўзи биласизми, ушбу мақолани анча олдин эълон қилишим керак эди. Аммо бирдан интернет сайтларида Бош мураббий ҳақидаги таҳлилий, танқидий мақолалар сони кўпайиб кетгач, бу ишни қилмасликка қарор қилдим. Чунки айнан ўша “маҳмадоналар”* қаторида мени ҳам мураббийга тош отяпти деб ўйлашмасин дея кутишга аҳд қилдим. Орадан вақт ўтди. Ур-тўполон бироз босилди. Стадион.уз сайтида терма жамоа ҳақидаги “жырний”да ёзиладиган мақолалар тўхтади. Отишма тугагач бошини секин окопдан чиқарадиган аскар каби мен ҳам блогимга мақоламни жойлаштирдим. Аммо жойлаштирдиму, дарров “халқ душмани” сифатида,

КАМПАНИЯ**ВОЗЧИЛИК

ишларига шерик сифатида ҳукм чиқаришди. Тўғрисини айтайми? Умуман кўнглимга олганим йўқ. Ортиқча эътибор ҳам бермадим. Чунки футбол оламида озми-кўпми, ҳаваскор сифатида қалам тебратаётганимга ҳам 5 йил бўлибди. Шу чоққача биронта мақоламни эслай олмайманки, умуман танқид қилишмаган бўлса. Шу сабабли, бетимиз қотиб, юзимизни териси қалинлашиб кетган бу борада.
Билдим, билдим. Савол бермоқчисиз менга-а? Шоша-пиша коммент ёзадиган пастки қисмга шошилманг. Нима демоқчи эканлигингизни сезгандекман. Хўш, агар эътибор бермаган бўлсанг, агар сенга “по барабану” экан, унда нега бу мақолани ёзаяпсан, индамай кетавермайсанми, демоқчи эдингиз-а? Албатта, чиройли киноя, пичинг ва қочириқлар билан ёзар эдингиз бу гапни. Коммент охирига албатта “а, нима дедингиз?” деб ҳам қўшиб қўймоқчи бўлганлар бордир, ҳойнаҳой. Мазкур мақолани

ЁЗИШДАН МАҚСАДИМ

шундаки, мени хавотирга солган ташвиш бор. Бир нарса юрагимни тирнаб, ўйнаётир. Йўқ, йўқ, GM Uzbekistan машиналари нархи ошишини бунга сира алоқаси йўқ. Масала бошқа жойда. Ҳа, йўўўўқ, нима деяпсиз, мухлислик маданиятини ҳам кўтариб чиқмоқчи эмасман-ей ҳозир. Ҳа, мақола тагида сўкса, сўкибди-да, ўзи жавобини беради, муқаддас ойда қилган иши учун. Энди шуни мақола қилиб ёзиб, ҳаммага олиб чиқишим шартми? А, нима дедингиз?!
         Гапнинг пўст калласи қуйидагича: мени

МУХЛИСЛАР ИККИ ФРОНТГА БЎЛИНИБ ОЛИБ

ягона мақсад йўлидан адашиб кетаётгани хавотирга солмоқда. Қаттиқ ўйлатирмоқда. Бу яққол сезилмоқда, инкор қилишга шошилманг. Аҳвол шу даражадаки, ҳар қандай хабарда дарров Қосимов ва Абрамов солиштирилмоқда. Аҳвол шу даражадаки, кимдир “Ўзбекистон терма жа...” деб оғиз очиши билан “Қосимовда айб йўқ” дея эътироз билдириш бошланмоқда. Аҳвол шу даражадаки, “Тито Виланова “Барселона”дан кетди” деган хабарда ҳам, “Абрамовни қайтариш керак” дея изоҳ берилмоқда. Аҳвол шу даражадаки, Абрамов 1953 йили туғилган экан, Қосимов 1970 йили туғилган экан дея оддий маълумот ёзилса ҳам (мақсадсиз), дарров “Ўв, сен нима деяпсан, нима бу билан Қосимовни ёши кичкина деб ерга уряпсанми?” деб жавоб қайтарилмоқда. Аҳвол шу даражадаки...
         Мен мухлисларни иккита жамоага мухлислик қилиб, ўзаро қирпичоқ бўлганини кўрганман, масалан

РЕАЛ МАДРИД ва БАРСЕЛОНА

жамоалари мухлислари, ёки ана боринг ўзимизни пойтахт ёки воҳа жамоалари. Бунда мухлислардаги мотивация ва мақсадлар айро тушади. Бири бунисига кўнгил қўйган, бири бошқасига. Ёхуд мухлислар иккита турли футболчи томон бўлиб, бир-бири билан баҳслашган, бир-бири урушганини кўрганман. Мана масалан, оддий мисол


РОНАЛДУ ва МЕССИ

мухлисларини олайлик. Қайси бири зўрлигини кўрсатиш учун, ўзининг севимли футболчиси устунроқлиги исботлаш учун нималар қилишмайди дейсиз. Бу ерда ўша ҳолат, иккита турлича мақсад, иккита алоҳида йўл. Лекин, лекин, иккита мураббийлар учун мухлислар икки фронтга бўлинганини кўрмагандим илгари. Тўғри, ўз вақтида Моуриньо Гвардиоладан зўрлигини таъкидлаш билан “Реал” мухлислари ўзларини “Барселона”дан ҳам яхши эканлигини уқтириш мақсади бўлгандир, бундай ҳолларда мураббийлар “жангини” тушунаман. Аммо, қандай қилиб, ҳаммада ягона мақсад, ягона манфаат, яъни

ВАТАН ЖАМОАСИ МАНФААТИ

ётган бир пайтда, бундайин икки қирғоққа ажралиб олиш мумкин? Хўп, Абрамов ўйинни даҳшат чиройли қилиб берган дейлик, лекин барибир у ватан жамоасидан устун бўла олмайди-ку! Хўп, Қосимов жуда ҳурматли шахс, “Ўзбекистон ифтихори” экан, майли, лекин барибир 10 та Қосимов ҳам Ўзбекистон терма жамоасидан устун эмас-ку! Сал кўнгилни кенг қилайлик. Танқидларни тўғри қабул қилайлик. Абрамовни танқид қилган, қилаётган ва қиладиганлар аҳмоқ эмасдир? Уларда ҳам асос бор-ку: 6-0, Олимпия терма жамоаси, Эрондан мағлубият. Қосимовни танқид қилаётганларни бирдан “ватан хоини”, “кампаниявоз”га чиқариб қўймайлик, уларнинг ҳам дардини бир тинглаб кўрган маъқулмасмикин? Улар ҳам дили куйганидан, юраги эзилганидан ёзаётгандир ва энг муҳими конкрет асослар билан ёзишаётгандир?! Унақамасде...
Энди

МЕНИНГ ПОЗИЦИЯМ

ҳақида икки оғиз. Мен аввал ҳам айтганман: мен бетараф. Кимнингдир шахсини устун қўймайман. Менга терма жамоанинг ўйин сифати ва натижаси муҳимроқ, мураббийдан кўра. Агарда мени АнтиҚосимовчи дея тўла-тўкис тасаввур қилган бўлсангиз, унда бироз шошилманг. Ливан билан ўйиндан кейиноқ, кўпчилик тасодифий кирган гол эвазига қозонилган натижадан бироз қониқса-да, лекин ўйиндан кўнгли тўлмай, Қосимовни танқид қилишни бошлаб юборишган эди. Ваҳоланки, ўшандаги мухлислар норозилиги охир-оқибат бежизга эмаслиги исботланди, биз тўплар нисбатидан мағлуб бўлдик. Агар Ливанга битта ўлик эмас, кўпроқ гол урилганда... Хуллас, ярани янгиламаймиз, мавзуга қайтамиз. Ўша кунлардаги норозиликлар болалаган бир пайтда мен “Натижами ёки ўйин?” деб номланган мақола ёзгандим. Унда тушкунликка тушмаслик, гарчи ўйин ёқмаган бўлса-да, лекин натижаларимиз, айниқса Қосимов кўрсатаётган натижалар яхши эканлигини таъкидлагандим.
Юқорида айтганидек, менга натижа муҳимроқ. Менга мураббийнинг кимлиги кейинги даражада. Ўша биз орзиқиб кутган ЖЧга Қосимов олиб чиқадими, Абрамов олиб чиқадими, Амет Мемет олиб чиқадими, Самвел Бабаян олиб чиқадими ёки ана боринг, ҳеч қанақа мураббийсиз йигитларни ўзлари ўйнаб олиб чиқадими, уни қизиқчилиги йўқ. Асосийси натижа ва ўйин бўлса, бўлди. Ёки сизга фарқи борми? Қани, мухлислар орасида биронта

МАРД БОРМИ

қўлини кўтарсин-чи, мана менга мураббийни фарқи бор, агар фалон мураббий терма жамоани бошқарса, ЖЧга чиқолмаслигини тилайман дейдиган? Қани, мураббийнинг шахсиятини ВАТАНИМ жамоаси манфаатидан устун қўяман мен, дейдиган мардлар қўлини кўтарсин-чи! Қани, менга Ўзбекистон терма жамоасининг натижаси, унинг ЖЧга чиқишидан ҳам кўра, фалон мураббийнинг қолиши, кетиши, келиши кўпроқ қизиқарлироқ дейдиган мардлар қўлини кўтарсин-чи! Кўтаринг қўлингизни, нега уялаяпсиз? (Шуҳрат ака, бўлди ҳар сафар кўтараверманг, бошидаёқ кўрганман)
         Хулласи калом, дўстлар, илтимос Сизлардан, ҳозир шахсиятни бир четга суриб турайлик. Биламан, ушбу мақоламни фойдаси жуда кам. Барибир кўпчиликка зиғирча ҳам таъсир қилмаслиги аниқ. Худди шу мақолани тагида ҳам “Абрамов йўқолсин Қосимов” деган гаплар ёзилади, фақат кимдир вергулни йўқолсиндан олдин, кимдир кейин қўяди холос.
Ҳа, айтганча, шахсий позициямда ушбу икки мураббий ҳақида тўхталиш эсимдан чиқибди. Дастлаб

АБРАМОВ ҲАҚИДА

гапирсам. Мен уни кучли мураббий ҳисоблайман. Кимдир ушбу фикримга қўшилмаса, бу мени футболни тушунмайман дегани эмас. Аммо Абрамовни ҳозир терма жамоага мураббий бўлишига қаршиман! Аввало бу қарор қандайдир натижани таъминлаб беришига кафолат йўқ. Бироқ ушбу қарор муҳитни ёмонлаштиради. Мухлисларни том маънода иккига ажралишига, зимдан душманга айланиш жараёнини кучайтиради. Тасаввур қилинг, сайтда хабар чиқса, “Абрамов терма жамоа бош мураббийи бўлди” деган. Ўша ердаги урушни фараз қилинг энди. Бир-бирини камситиш, бир-бирини масхара қилиш, “Ҳа, қалай, ҳолинга маймунлар йиғладими?” деган пичинглар кўпаймайдими? Шу сабабли ҳозирда Абрамовнинг терма жамоага келиши менимча, нотўғри қарор бўлар эди.
         Ана энди терма жамоамизнинг бугунги кундаги бош мураббийи

ҚОСИМОВ ҲАҚИДА

икки оғиз фикримни айтсам. Қосимовни қаттиқ ҳурмат қиламан. Ўзбек футболининг фахри. Гап бўлиши мумкин эмас. Аммо биз уни мураббий сифатида таҳлил қилишимиз керак. Хўш, мураббий сифатида ҳам ёмон иш олиб бормади. Бир қадам қолганди ЖЧга. Кучли рақибларни ер тишлатдик. Қойил. Лекин... Лекин кутилган натижа бўлмади, яъни биз тўғридан-тўғри ЖЧга чиқа олмадик. Шу нуқтаъи назардан ундан норози бўлишга, унга эътироз билдиришга ҳаққимиз бордир, ахир? Мен БАРЧА АЙБ Қосимовда дейишдан бутунлай йироқман. Терма жамоа атрофидагиларнинг ҳам улуши бор. Шу жумладан Қосимовнинг ҳам улуши йўқ эмас. Хўп, майли, биз Мираброр Зуфарович гапларини инобатга оламиз, яъни Қосимов олдига тўғридан-тўғри ЖЧга чиқиш вазифаси қўйилмаган экан. Нега чиқара олмадинг деб айблашимиз нотўғри деб ҳисоблаймиз, хўп. Аммо танганинг иккинчи томонига эътибор қаратайлик. ЎФФ Президенти таъкидладиларки, биз Қосимовга бошқа вазифа, яъни ёшларни кашф этиш, уларни жалб қилишни топширгандик дедилар. Хўш, унда бу вазифа қай даражада уддаланди? Қани, терма жамоада ёшлар? Фақат Гадоевми? Хуллас, гапирса гап кўп, аммо давом этиш ниятим йўқ. Яна номим қорага чиқиб қолиши мумкин. Балки аллақачон шунақа бўлгандир ҳам...
         Сўнги сўз ўрнида, Қосимов терма жамоа тарихида энг зўр натижа кўрсатди дея бот-бот такрорлаётганларга қарата айтмоқчи эдимки, терма жамоанинг ҳозирги натижаси биз учун янгилик эмас. Гуруҳда 3-ўринни эгаллаб, плей-оффга чиқишни илгари ҳам уддалаганмиз. Демак, ҳозирча, биронта янги тарих, янги саҳифа ҳали очилмади. Агар насиб қилса, Иорданияни ютиб, кейинги босқичга ўтсак, ана унда айтишимиз мумкин. Ҳа, айтганча, сиз очокларни эсламоқчисиз-а? Биз энг кўп очко олдик демоқчимисиз? Бу борада яхшиси шахсан ўзим ҳеч қанақа фикр билдирмайман, шунчаки Twitter ижтимоий тармоғида @prorab15 томонидан ёзилган твитдан иқтибос келтираман (имло аслича қолдирилди):

akam oqishga kiralmagach maqtangandi: men 178 ball oldim,uyimizdan oldin xech kim buncha olmagan, kira olmasang nima keragi bor? #qosimov



___________________________

Сноска:
* Мираброр Усмоновнинг “Футбол шарҳи” кўрсатувига берган интервьюсида бир гуруҳ журналистларга берилган таъриф

** Зафар Имомхўжаевнинг “Футбол шарҳи” кўрсатувида олган интервьюсида бир гуруҳ журналистларга берилган таъриф