29 мая 2013 г.

Давлат гранти асосида таҳсил олган талабалар 3 йил ишлаб бериши мажбурийми?



Олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида таҳсил олган талабаларни доим қизиқтириб келган бир савол мавжуд. Бу таълимдан кейин 3 йил давомида мажбурий ишлаб бериш ҳақидаги саволдир. Ушбу қоида қаерда белгилаб берилган ва 3 йил давомида мажбурий ишлаб бериш қандай амалга оширилади ва шу кабилар ҳақида батафсил тўхталиб ўтаман.
Давлат гранти асосида таҳсил олган бакалавриатура ва магистратура талабаларининг 3 йил давомида ишлаб бериш мажбурияти 2005/2006 ўқув йилидан бошлаб амалиётга тадбиқ этилган. Мазкур амалиёт Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 2 июндаги ПҚ-92-сон «2005/2006 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарорининг 6-бандига асосан жорий этилган.
Президент қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2005 йил 7 июлдаги 58, 154-1, 19 ва 02/2658-сонли қарори билан тасдиқланган “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида” низом ишлаб чиқилган.
Мазкур Низом олий таълим муассасаларида давлат грантлари асосида мақсадли тайёрланган кадрларни камида уч йил ишлаб бериш шарти билан, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимлаш қоидалари ва тартибини белгилайди.
Низом бўйича кўп учрайдиган қуйидаги саволларга жавоб бераман:

1.     Агар давлат гранти асосида ўқиган талаба бакалавр босқичини якунлагач магистратурага ўқишга қабул қилинса, унда қачондан мажбурий ишлаб бериш бошланади? Магистратурада ўқиш давомида ишлаган бўлса, ҳисобга ўтадими?
Олий таълим муассасаларини давлат грантлари асосида бакалавриатни тамомлаган битирувчилар магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган тақдирда, камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти магистратурани якунлагандан сўнг амалга оширилади.

2.     Агар давлат гранти асосида ўқиган талаба бакалавр босқичини якунлагач магистратурага ҳам давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинса, унда мажбурий ишлаб бериш муддати 6 йил бўладими?
Йўқ, агар битирувчи олий таълим муассасаларининг бакалавриати ва магистратурасида давлат грантлари асосида ўқиган тақдирда, унинг ишлаб бериш мажбурияти камида уч йил деб ҳисобланади.

3.     Агар тўлов-контракт асосида бакалавриатни тамомлаган талаба магистратурага давлат гранти асосида қабул қилинса, унда қачондан мажбурий ишлаб бериш бошланади?
Олий таълим муассасаларини тўлов-контракт асосида бакалавриатни тамомлаган битирувчилар магистратурага давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинган тақдирда камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти магистратурани якунлагандан сўнг амалга оширилади.

4.     Агар битирувчи талаба ўқишдан сўнг мажбурий ишлаб бериш вақтида ҳарбий хизматга кетган бўлса, унда ҳарбий хизмат вақти мажбурий ишлаб бериш вақтига кирадими?
Ҳа, муддатли ҳарбий хизмат ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат ўталган муддат битирувчи томонидан мажбурий ишлаб берилиши лозим бўлган уч йиллик муддатга ҳам киради.

5.     Агар битирувчи талаба 3 йил давомида бошқа лавозимга ёки бошқа ташкилотга ишга ўтса, унда муддат янгидан бошланадими?
Йўқ, таълим муассасаси, корхона ёки ташкилотда турли лавозимларда ишлаган муддат ҳамда таълим муассасаси, корхонаси ёки ташкилот мансуб бўлган тизимдаги (вазирлик, идора ёки бошқа хўжалик бошқаруви органи) бошқа таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда иш берувчининг розилигига кўра ишлаган муддат битирувчи томонидан мажбурий ишлаб берилиши лозим бўлган уч йиллик муддатга ҳам киради.

27 мая 2013 г.

“Имтиёзли” дипломни қандай фойдаси бор?


Ҳа, кўпчилик “аълочи” талабаларимизни мана шу савол ҳам қизиқтириши табиий. Бакалавриатура босқичини якунлаб, қўлингизга қизил рангли муқовадаги дипломни олсангиз, магистратура босқичига кириш учун бўладиган имтиҳонларда қандайдир имтиёз бўлишига умид қилиши табиий. Хўш, қонунчилигимиз бу борада нима дейди?
Республикамиздаги олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра амалга оширилади. Мазкур низомнинг 4-қисми “Кириш синовлари” деб номланиб, унда магистратурага кириш синовларининг умумий баллари ҳақида маълумот берилган. Ушбу маълумотлар орасида бакалавриатура босқичини “имтиёзли” диплом билан тугатган талабаларга қандайдир қўшимча имтиёзлар берилиши ҳақида ҳеч қандай қоида келтирилмаган. Бундан ташқари, низомнинг 3-бандида магистратурага қабул барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиши белгилаб берилган.
Низомда фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари совриндорларига имтиёз берилиши ва улар олий таълим муассасалари магистратурасига бакалавриатнинг таълим йўналишига мос мутахассисликларга танловдан ташқари давлат гранти асосида қабул қилиниши қайд этиб ўтилган.
Яна шуни эслатиш жоизки, илгари амалда бўлган магистратурага қабул қилиш ҳақидаги низомда “имтиёзли” диплом соҳиблари учун тегишли имтиёз мавжуд эди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул тўғрисида низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 342-сон қарорига мувофиқ тасдиқланган низомга кўра, қуйидагича тартиб-қоида белгиланган эди:
13. Магистратурага ўқишга кирувчиларнинг умумий баллари қуйидагилардан ташкил топади:
1. Магистратурага киришда танлаган мутахассислиги бўйича билим даражасини белгиловчи махсус фанлардан синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 100 баллгачани ташкил этади).
2. Демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти асослари бўйича синов (баҳолаш мезони 0 баллдан 100 баллгачани ташкил этади).
3. Олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи (ўзлаштириш тегишли равишда 55 баллдан 100 баллгача бўлган диапазонда ифодаланади). Битирувчи рейтингини аниқлашда 0,7 тузатиш коэффициенти киритилади. Ўқишни имтиёзли тугатганлар учун тузатиш коэффициенти 1 га тенг.

Мазкур тартиб-қоидага кўра, абитуриентнинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи махсус коэффициентларга кўпайтирилган. Яъни “имтиёзли” диплом олган талабанинг бали 1 га, “имтиёзсиз” диплом олган талабаларники 0,7 коэффициентга. Масалан, 86 балл “имтиёзли” диплом соҳибида 86 баллигича қолган, “имтиёзсиз” диплом олган битирувчиники эса 60,2 балл деб ҳисобланган.
 Лекин бугунги кунда юқоридаги низом ўз кучини йўқотган.
Айтиш жоизки, ҳозир ҳам магистратурага кириш синовларида учта йўналиш бўйича баллар йиғиндиси ҳисобга олинади: махсус фанлардан (0-150 балл), демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти асослари бўйича (0-50 балл) ҳамда энг охирида уларга олий таълим муассасаси битирувчисининг ўзлаштириш кўрсаткичи (55 дан 100 баллгача) қўшилади. Аммо ҳозирда “имтиёзли” диплом соҳиблари учун имтиёзлар бекор қилинган.

“Қизил диплом” қайси талабаларга берилади?


Халқ орасида “қизил диплом” атамаси билан номланадиган дипломларнинг расмий номи аслида “имтиёзли” дипломдир. Олий таълим муассасаларида “имтиёзли” дипломлар бакалавриатура босқичида ўқув дастурларини ўзлаштиришда катта ютуқларга эришган талабаларга берилишидан хабарингиз бор. Аммо ҳамма ҳам “имтиёзли” дипломни олишнинг аниқ қонун-қоидасидан хабардор бўлмаса керак. “Имтиёзли” диплом берилиши ҳақида кўпчиликда турли фикрлар мавжуд. Кимдир барча баҳолар “5” (аъло) бўлиши керак деб таъкидласа, кимдир талабанинг умумий ўртача ўзлаштириши 86%дан юқори бўлиши керак деб ўйлайди. Аслида ҳам шунақами? Келинг, юқоридаги масала бўйича таълим тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қилсак.
“Имтиёзли” диплом бериш тартиби Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2009 йил 22 майдаги 160-сон буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисида”ги низомда кўрсатиб ўтилган. Мазкур низомнинг 22-бандида қуйидагича тартиб-қоида белгиланган:
“22. Ўқув дастурларини ўзлаштиришда катта ютуқларга эришган ва ўқув режасидаги барча фанларнинг камида 3/4 қисми бўйича 86 балл ва ундан юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган, (бошқа фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи 71 баллдан кам бўлмаган), шунингдек, якуний давлат аттестацияси синовларининг ҳар бири бўйича камида 86 балл ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган бакалавриат битирувчисига «имтиёзли» диплом берилади”.

Юқоридаги банддан хулоса қилган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, “имтиёзли” диплом таҳсил олиш давомида ўтилган барча фанларнинг камида 3/4 қисмидан “5” (аъло) баҳо олган, шунингдек, бошқа фанларнинг биронтасидан “3” (қониқарли) баҳо олмаган ва ниҳоят якуний давлат аттестация синовларининг барчасидан “5” (аъло) баҳо олган талабага “имтиёзли” диплом берилади. Кўриб турганингиздек, “имтиёзли” диплом олишда талабанинг барча семестрлар бўйича чиқариладиган умумий ўртача ўзлаштириши ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Яъни ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 83-84%ни ташкил қилган талаба ҳам “имтиёзли” диплом олиши мумкин. Бундан ташқари, биронта “4” (яхши) баҳо олмалик керак деган тушунча ҳам нотўғри. Низомдан келиб чиқадиган бўлсак, барча фанларнинг 1/4 қисми бўйича “4” (яхши) баҳо олган талабага ҳам “имтиёзли” диплом берилиши мумкин. Масалан, талаба таҳсил олиш давомида ўқув дастури бўйича жами 60та фан ўқиган бўлса, шундан 45та фандан “5” (аъло), 15та фандан “4” (яхши) баҳо олган бўлса, унга “имтиёзли” диплом бериши мумкин, башарти у якуний давлат аттестациясидаги барча фанлардан камида 86 балл тўплаган бўлса.
Эслатма: Мазкур мақолада мен шартли равишда “5”, “4”, “3” баҳолар атамасини ишлатдим. Аслида ҳозирда амалда бўлган “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисида”ги низомга кўра, юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида баҳолашнинг рейтинг тизимига ўтилган ва баҳо тизимидан воз кечилган. Низом бўйича рейтинг баллари мос равишда қуйидаги баҳоларга тенглаштирилган:
86-100 балл – 5;
71-85 балл – 4;
55-70 балл – 3.
Шунчаки, муштарийларга тушунарли бўлиши учун айнан “5 (4, 3) баҳо” атамаларини қўллашни афзал деб топдим.

10 мая 2013 г.

"Ҳаёт учун!" хайрия футбол шоуси фотошарҳи (3-қисм)

1-қисм
2-қисм

Финал баҳсида "Келажак овози" ва "Ҳижолат" жамоалари тўп суришди

Ўйин аввалида Гулнора Каримова, ҳакамлар, жамоа сардорлари ва бошловчи суратга тушишди

Ўйин шиддатли бўлди. Валижон Шамсиев бўлсангиз ўзингизга дейишди "Келажакчилар"

Улуғбек Қодиров ҳимояда зўр турди лекин. Кутмагандим рости...

Ҳаммани кўзи тўпда...

Игнатий Нестеров бундайин яккама-якка баҳсларда устунлик қилиши табиий

Улуғбек Қодиров ҳужумда ҳам яхши қатнашди

Шукрулло Исроилов майдонга тушиши билан Гиннес рекордлар китобига телефон қилдик, ахир бунақа оғир футболчи рекорд бўлса керагов

Нестеровга ҳам осон бўлмади ўша куни

Айтдиму, Улуғбек Қодиров ҳимояда яхши ўйнади деб )))


Атайин қилгандек, Финал баҳсида ҳам пенальтилар тепилди

Нестеров пенальтилар сериясида

Улуғбек Қодиров пенальти тепди ва Бугалони доғда қолдирди. Айтдиму ))))

Больше чем проста фото )))

Бугало Валижон Шамсиевнинг зарбасини бартараф этди

Натижада "Келажак овози" жамоаси ғалаба қозонди ҳамда чемпион бўлди

Тақдирлаш маросими

Ғолибларга ўзбек футболининг фахрийси Биродар Абдураимов медалларни топширди

Игорь Шквирин ҳам медал тақишда иштирок этди

Игорь Шквирин ва Самандар

Гулнора Каримова чемпионларга кубокни топширди

Озодбек Назарбеков хайрия футбол ўйини иштирокчилари номидан 30 миллион сўм хайрия суммасини тақдим этди

Галнора Каримова эса ўз номидан 10 миллион сўм хайрия қилди

Кейин ўзбек тилида нутқ сўзлаб, барчага миннатдорчилик изҳор этдилар

Кейин эсталик учун суратга тушилди

Чемпионлар - "Келажак овози" жамоаси




Охирида "рекламная пауза" )))

9 мая 2013 г.

Жиноят кодексига никоҳ билан боғлиқ янги модда қўшилди

2013 йил 30 апрель куни Президент Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади. Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил 20 мартда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2013 йил 28 мартда маъқулланган.

Ушбу Қонунга асосан Ўзбекистон Республикасининг қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, хусусан, 8 та Кодекс, 36 та Қонун, 1 та Низом ҳамда 1 та Олий Мажлис Қарорига ўзгартириш киритилди.

Жумладан, Жиноят кодекси махсус қисмига янги модда қўшилди. Яъни никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишга доир ижтимоий хавфли қилмиш жиноят дея эътироф этиладиган бўлди.

Қонунга кўра, Жиноят Кодекси Махсус қисмига 1251-модда (прим бир) қўшилди. Мазкур модданинг мазмуни қуйидагича:


1251-модда. Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,
энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ билан жазоланади.
Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.


Янги қўшилган модданинг субъект ёши 18 ёш этиб белгиланган. Яъни мазкур жиноят фақат 18 ёшга тўлган шахслар томонидан содир этилган бўлсагина, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Шу ўринда бир савол туғилиши мумкин, бугунги кунгача шунга ўхшаш ҳаракат қандай эътироф этилган, бунга нисбатан бирон таъсир чораси қўлланилмаганми?

Айтишим мумкинки, бугунги кунгача агарда никоҳ ёшига етмаган шахс билан расмий никоҳдан ўтмасдан, диний никоҳ орқали ҳаёт кечираётганларга нисбатан Жиноят Кодексининг 128-моддаси, яъни “Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш” жиноятини содир этганликда гумон қилиниб, жиноят иши қўзғатилган ҳолатлар учраб турар эди. Албатта бундай ҳолатлар жуда кам учраган. Сабабини тушунтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Энди янги ўзгартиришга кўра, никоҳ ёшига етмасдан, диний никоҳдан ўтганларга фақат 1251-модда билан иш қўзғатилармикин ёки нисбатан санкцияси оғирроқ бўлган 128-модда ҳам қўшилармикин, бу ҳақида ҳозирча маълумотга эга эмасман.