9 мая 2013 г.

Барча таълим муассасаларида яшин қайтаргичлар ўрнатилиши лозим



Куни кеча Интернет нашрларида Қибрай тумани мактаб ўқувчисини яшин урганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу ҳақида Kun.uz интернет нашри 12uz.com нашрига асосланиб хабар берган.

Ушбу мақолани ўқий туриб, яқиндагина, аниқроғи 2013 йил 1 апрель куни чиқарилган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг буйруғи кўз олдимга келди. Мазкур буйруқ “Таълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-ишлаб чиқариш устахоналари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида” бўлиб, унга кўра ўқувчи-талабаларнинг таълим муассасаларида меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилаб берган.

Аслида бу ҳақида бирон нарса ёзиш ниятим йўқ эди, аммо юқоридаги яшин урган ўқувчи ҳақидаги хабарни ўқиб, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларининг бир банди ҳақида ёзишга қарор қилдим.

“Таълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-ишлаб чиқариш устахоналари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари” жами 203 та банддан иборат. Мазкур қоидаларнинг 138-140-бандларига эътиборингизни қаратинг:

138. Таълим муассасасининг барча турдаги бинолари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим.
139. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текширилиб турилиши ва носозликлари бартараф этилиши лозим.
140. Момақалдироқ вақтида электр ўлчашларни амалга ошириш тақиқланади.

Кўриб турганингиздек, таълим муассасаларининг барча турдаги биноларига яшин қайтаргичлар ўрнатилган бўлиши лозим. Аммо ростини айтсам, ҳозиргача бундай яшин қайтаргичларни кўрганим йўқ. Балки эътибор бермагандирман. Балки бу қоидалар яқинда қабул қилингани учун ҳали таълим муассасалари ўрнатишга улгуришмагандир.

Мени яна бошқа нарса ҳам қизиқтиради. Ушбу қоидаларни ҳамма таълим муассасалари раҳбарлари ўқиб чиқишармикин ва бунга қай даражада амал қилишаркин?

Комментариев нет:

Отправить комментарий