27 мая 2013 г.

“Имтиёзли” дипломни қандай фойдаси бор?


Ҳа, кўпчилик “аълочи” талабаларимизни мана шу савол ҳам қизиқтириши табиий. Бакалавриатура босқичини якунлаб, қўлингизга қизил рангли муқовадаги дипломни олсангиз, магистратура босқичига кириш учун бўладиган имтиҳонларда қандайдир имтиёз бўлишига умид қилиши табиий. Хўш, қонунчилигимиз бу борада нима дейди?
Республикамиздаги олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра амалга оширилади. Мазкур низомнинг 4-қисми “Кириш синовлари” деб номланиб, унда магистратурага кириш синовларининг умумий баллари ҳақида маълумот берилган. Ушбу маълумотлар орасида бакалавриатура босқичини “имтиёзли” диплом билан тугатган талабаларга қандайдир қўшимча имтиёзлар берилиши ҳақида ҳеч қандай қоида келтирилмаган. Бундан ташқари, низомнинг 3-бандида магистратурага қабул барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиши белгилаб берилган.
Низомда фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари совриндорларига имтиёз берилиши ва улар олий таълим муассасалари магистратурасига бакалавриатнинг таълим йўналишига мос мутахассисликларга танловдан ташқари давлат гранти асосида қабул қилиниши қайд этиб ўтилган.
Яна шуни эслатиш жоизки, илгари амалда бўлган магистратурага қабул қилиш ҳақидаги низомда “имтиёзли” диплом соҳиблари учун тегишли имтиёз мавжуд эди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул тўғрисида низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 342-сон қарорига мувофиқ тасдиқланган низомга кўра, қуйидагича тартиб-қоида белгиланган эди:
13. Магистратурага ўқишга кирувчиларнинг умумий баллари қуйидагилардан ташкил топади:
1. Магистратурага киришда танлаган мутахассислиги бўйича билим даражасини белгиловчи махсус фанлардан синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 100 баллгачани ташкил этади).
2. Демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти асослари бўйича синов (баҳолаш мезони 0 баллдан 100 баллгачани ташкил этади).
3. Олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи (ўзлаштириш тегишли равишда 55 баллдан 100 баллгача бўлган диапазонда ифодаланади). Битирувчи рейтингини аниқлашда 0,7 тузатиш коэффициенти киритилади. Ўқишни имтиёзли тугатганлар учун тузатиш коэффициенти 1 га тенг.

Мазкур тартиб-қоидага кўра, абитуриентнинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи махсус коэффициентларга кўпайтирилган. Яъни “имтиёзли” диплом олган талабанинг бали 1 га, “имтиёзсиз” диплом олган талабаларники 0,7 коэффициентга. Масалан, 86 балл “имтиёзли” диплом соҳибида 86 баллигича қолган, “имтиёзсиз” диплом олган битирувчиники эса 60,2 балл деб ҳисобланган.
 Лекин бугунги кунда юқоридаги низом ўз кучини йўқотган.
Айтиш жоизки, ҳозир ҳам магистратурага кириш синовларида учта йўналиш бўйича баллар йиғиндиси ҳисобга олинади: махсус фанлардан (0-150 балл), демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти асослари бўйича (0-50 балл) ҳамда энг охирида уларга олий таълим муассасаси битирувчисининг ўзлаштириш кўрсаткичи (55 дан 100 баллгача) қўшилади. Аммо ҳозирда “имтиёзли” диплом соҳиблари учун имтиёзлар бекор қилинган.

6 комментариев:

  1. magistraturada imtiyozli diplom boladimi yoki hammaga bir xil diplom beriladimi?

    ОтветитьУдалить
  2. Assalomu alaykum Xushnud aka. Ishlariz yaxshimi? Advokat bo'lish uchun Toshkent davlat Yurdistskiy inuversitetini shunga o'xshagan universitetni tugatish shartmi yoki advokatlik litsenziyasi uchun test topshirsa bo'ladimi?

    ОтветитьУдалить
  3. Хозирда имтиёзли диплом олган талаба магистратура киришда хеч кандай имтиёзга эга эмасми. Бу коида олий харбий таьлим муассасида хам шундайми

    ОтветитьУдалить