2013 йил 30 апрель куни
Президент Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади. Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил 20 мартда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2013 йил 28 мартда маъқулланган.
Ушбу Қонунга асосан Ўзбекистон Республикасининг қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, хусусан, 8 та Кодекс, 36 та Қонун, 1 та Низом ҳамда 1 та Олий Мажлис Қарорига ўзгартириш киритилди.
Жумладан, Жиноят кодекси махсус қисмига янги модда қўшилди. Яъни никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишга доир ижтимоий хавфли қилмиш жиноят дея эътироф этиладиган бўлди.
Қонунга кўра, Жиноят Кодекси Махсус қисмига 1251-модда (прим бир) қўшилди. Мазкур модданинг мазмуни қуйидагича:
1251-модда. Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш
Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ билан жазоланади.Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ билан жазоланади.Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Янги қўшилган модданинг субъект ёши 18 ёш этиб белгиланган. Яъни мазкур жиноят фақат 18 ёшга тўлган шахслар томонидан содир этилган бўлсагина, жиноий жавобгарликка
тортилиши мумкин.
Шу ўринда бир савол туғилиши мумкин, бугунги кунгача шунга ўхшаш ҳаракат қандай эътироф этилган, бунга нисбатан бирон таъсир чораси қўлланилмаганми?
Айтишим мумкинки, бугунги кунгача агарда никоҳ ёшига етмаган шахс билан
расмий никоҳдан ўтмасдан, диний никоҳ орқали ҳаёт кечираётганларга нисбатан Жиноят
Кодексининг 128-моддаси, яъни “Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш” жиноятини
содир этганликда гумон қилиниб, жиноят иши қўзғатилган ҳолатлар учраб турар эди. Албатта бундай ҳолатлар жуда кам учраган. Сабабини тушунтиришга
ҳожат бўлмаса керак.
Энди янги ўзгартиришга кўра, никоҳ ёшига етмасдан, диний никоҳдан ўтганларга фақат 1251-модда билан иш қўзғатилармикин ёки нисбатан санкцияси оғирроқ бўлган 128-модда ҳам қўшилармикин, бу ҳақида ҳозирча маълумотга эга эмасман.
Комментариев нет:
Отправить комментарий