29 нояб. 2013 г.

Диққат!!!
Блогим ҳозирда тўлиқлигича янги манзилга кўчган.
Энг сўнги янгиликлардан хабардор бўлиш учун қуйидаги манзилга ташриф буюринг:

28 сент. 2013 г.

Шахсий блогим 1 ёшга тўлди!

Ўтган йили август-сентябрь ойларида Facebook ижтимоий тармоғи орқали “Қонунчиликдаги янгиликлар” рукни остида бир нечта постлар қолдира бошлаган эдим. Мазкур постларда қонунчиликда бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар бериб борар эдим. 27 сентябрь куни Facebookда қолдирган мана бу постим якунда ҳозир Сиз ўқиб турган блогнинг дунёга келишига туртки бўлган эди. Ўшанда Sanjar Rizayev изоҳ қолдириб, “Siz blog oching bir” деган таклифни илгари сурган эдилар. Бу таклиф HamzaFoziljonov томонидан қўллаб-қувватланганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Хуллас, ўша таклифни ўйлаб кўриб, блог очишга аҳд қилгандим. Агар маъқул келса, фурсатдан фойдаланиб, блогим ҳақидаги баъзи маълумотларни Сизларга етказсам дегандим.

Блогдаги биринчи хабарим “Bismillohdanboshladik...” деб номланиб, 27 сентябрь куни соат 20:14 да қолдирилган экан.

Агар ортга назар ташлайдиган бўлсак, ўтган бир йил давомида блогимга 78 та блогпост қолдирдим. Улар орасида турли йўналишда, турли мавзуларда, турли мазмунларда ёзилган хабарлар бор эди.
  
2013 йилнинг 17 апрелида Xushnudbek.uz доменини олдим ва ўша кундан буён блогимга мазкур манзил орқали ҳам кирса бўладиган бўлди.

Доимий равишда янгилаб боришга, барқарорликни таъминлашга қўлдан келганча ҳаракат қилдим. Агар эътибор берсак, фақат 2013 йилнинг февраль ойидагина блогимга биронта хабар қолдирмаган эканман. Қолган барча ойларда озми-кўпми, яхшими-ёмонми бирон нима қоралашга ҳаракат қилдим. 

Блогимга бугунги кунгача 42 978 марта ташриф буюрилган. Ҳозирча энг кўп ташриф буюрилган ой – 2013 йилнинг июль ойи бўлиб турибди: 7407 марта қадам ранжида қилинган.

Энг кўп ўқилган хабарлар кетма-кетлигидан шу нарса маълум бўлдики, блогга ташриф буюрувчиларни ОТМдаги тўлов-контракт суммалари кўпроқ қизиқтирган. Мисол учун, энг кўп ўқилган хабар 1 мартдан олий таълим муассаларида тўлов-контракт суммалари ошганлиги ҳақидаёзилган хабар бўлса (1088 марта), 4-ўринда “Олий таълим муассаларида 1 сентябрдан тўлов-контракт суммалари ошди” номли хабар турибди (978 марта). Иккинчи ўринда “Миллий хавфсизлик хизмати, Прокуратура ва Ички ишлар органлари терговчилари ҳақида”ги хабар (1025 марта), “Трастбанк”ка ёзилган хат эса кўп ўқилганлиги бўйича учинчи ўриндан жой эгаллаган (1015 марта).

Блогда бугунги кунгача 191 та изоҳ қолдирилган. Бу ҳар бир хабарга ўртача 2,4 тадан изоҳ қолдирилган дегани. Албатта бу ҳозирча кам, лекин ўйлашимча, мазкур рақам яна ошиб борса керак. Ҳар ҳолда шунга умид қиламан.

Блогга турли излаш тизимларидан (Google, Yandex ва ҳ.к) қидириб киришда фойдаланилган калит сўзларнинг кучли учлигида қуйидаги калит сўзлар ўрин эгаллаган:
1. xushnudbek.blogspot.com
2. milliy xavfsizlik xizmati
3. миллий хавфсизлик хизмати

Блогга ташриф буюриш аудиторияси бўйича қуйидаги давлатлар кучли учликни ташкил қилган:
1. Ўзбекистон (20019 марта)
2. Россия (1993 марта)
3. АҚШ (1852 марта)

Ҳозирча, блогим ҳақида шулар. Агарда блогимни кимгадир фойдаси теккан бўлса, кимдир ўзи учун қизиқарли бирон нарса ололган бўлса, бундан хурсандман.

Имконингиз бўлса, блогимни кузатиб боришда давом этинг. Тез орада блогимда сюрприз бўлади. Вақти соати келганда бу қандай сюрприз эканлигини билиб оласиз, Худо хоҳласа.

Саломат бўлинг!

24 сент. 2013 г.

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси магистратурасига 35 ёшдан ошганлар топшира олмайди

2013 йил 16 сентябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг 255-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Мазкур Низом Банк-молия академияси магистратурасига қабул қилиш қоидаларини аниқлаштирган ва аввал амалда бўлган тартибларга бир қанча ўзгартиришлар киритган.
Жорий йилдан бошлаб Банк-молия Академияси магистратурасига қабул қилишда ёш цензи белгиланди. Эндиликда 35 ёшдан ошганлар мазкур даргоҳга ҳужжат топшира олмайди.
Шунингдек, ўқиш муддати ҳам ўзгарди. Маълумотларга кўра, илгари Банк-молия Академияси магистратурасида ўқиш муддати 14 ой давом этган. Низомга кўра ўқиш муддати 2 йил этиб белгиланди.

МУАЛЛИФ ИЗОҲИ:
Мазкур ўзгартириш Банк-молия Академияси магистратураси ўқув тизимини амалдаги қонунчиликка мослаш мақсадида қилингани таҳмин қилиш мумкин. Сабаби, 1997 йил 29 августда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллик дастурига биноан магистратурада ўқиш камида икки йил давом этиши лозим.

Магистратура аниқ мутахассислик бўйича бакалавриат негизида камида икки йил давом этадиган олий таълимдир”.
“Таълим тўғрисида”ги Қонун, 14-модда.

“Магистратура аниқ мутахассислик бўйича фундаментал ва амалий билим берадиган, бакалавриат негизида таълим муддати камида икки йил давом этадиган олий таълимдир”.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастури.


Академия магистратурасига кириш учун ҳужжатлар 1 августдан 31 августгача қабул қилинади.
Академия магистратурасига кириш имтиҳонлари тест кўринишида ўтказилади ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ташкил қилинади.
Тест синовлари 3 та фандан: «Демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш назарияси ва амалиёти асослари», «Мутахассислик фани», «Инглиз тили» фанларидан ўтказилади.

МУАЛЛИФ ИЗОҲИ:
Низомнинг мазкур бандидан кўриш мумкинки, тест синовларида фақат инглиз тили фани бўйича ўтказилади. Қолган хорижий тиллар, масалан, француз, немис тиллари бўйича тест синовлари бўлмайди. Бакалавр босқичида айнан мана шу тилларда таҳсил олганлар учун инглиз тилини ўрганишни маслаҳат берамиз.

Кириш тест синовлари бўйича номзодларнинг максимал балли 200 баллни ташкил қилади ва ушбу баллар қуйидагилардан ташкил топади:
«Демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш назарияси ва ама- лиёти асослари» фани бўйича — 0 баллдан 50 баллгача;
«Инглиз тили» фани бўйича — 0 баллдан 50 баллгача;
«Мутахассислик фани» фани бўйича — 0 баллдан 100 баллгача.
Халқаро тест бўйича инглиз тилида IELTS (International English Language Testing System) ёки TOEFL (Test of English as a Foreign Language) имтиҳон топширган ва амалдаги IELTS сертификати бўйича камида 5.0 баллга ёки ушбу баллнинг эквивалентига тенг бўлган TOEFL сертификатига эга бўлган номзодлар «Инглиз тили» фани бўйича кириш тест синовларини топширишдан озод этилади. Ушбу номзодларга «Инглиз тили» фанидан максимал 50 балл ҳисобланади.
Белгиланган тартибда GMAT (The Graduate Management Admission Test — бизнес мактабларида муваффақиятли ўқиш имкониятларини аниқ- лаш учун стандартлаштирилган тест) тизимида камида умумий 500 баллик амалдаги сертификатга эга бўлган номзодлар «Мутахассислик фани» ва «Инглиз тили» фанларидан кириш тест синовларини топширишдан озод этиладилар. Ушбу номзодларга «Мутахассислик фани» ва «Инглиз тили» фанлари бўйича максимал 150 балл ҳисобланади.
Кириш тест синовлари бўйича максимал 200 баллнинг 25 фоизидан кам балл тўплаган номзодлар қабул қилинмайди.
Кириш тест синовлари 10 сентябрь куни ўтказилади.

МУАЛЛИФ ИЗОҲИ:
Мазкур Низом жорий йилнинг 16 сентябрь куни тасдиқлангани эвазига, мазкур ўқув йилида тест синовлари истисно тарзида 10 сентябрда эмас, балки эртага, яъни 25 сентябрда, Турин Политехника Университетида ўтказилиши режалаштирилган экан. Бу ҳақида Академиянинг расмий сайтида хабар берилган.

Бошқа шаҳарлардан келган тингловчиларга иш жойига бориш ва қайтиш йўл харажатлари ҳамда меҳмонхонада (турар жой)да яшаш ҳаражатлари уларни жўнатган вазирликлар ва бошқа ташкилотлар томонидан қопланади.
Шунингдек, Банк-молия Академияси академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш учун тавсия этилиши мумкин бўлган лавозимлар рўйхати ҳам Низомга илова қилинган бўлиб, унга кўра 4 та соҳада фаолият олиб бораётган ходимларгина Академия магистратурасига ҳужжат топшира олади. Тўлиқ рўйхат билан қуйидаги манзил орқали танишишингиз мумкин.
Эндиликда 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом Банк-молия Академияси учун амал қилмайди. Аввалроқ ушбу Низом Тошкент давлат юридик университети учун амал қилмаслиги ва университет учун алоҳида Низом ишлаб чиқилганлиги ҳақида хабар берган эдим. Ўйлашимча, бора-бора, ҳар бир олийгоҳда (ёки бир хил мутахассисликлар бўйича) ўзининг алоҳида магистратурага қабул қилиш Низоми ишлаб чиқилса керак. Бунда соҳанинг ўзига хосликлари инобатга олиниши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Айниқса, тезроқ барча ОТМлар магистратураларига кириш тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган қилиш зарур. Менимча, бунинг фойдаси катта бўлади.


4 сент. 2013 г.

Трендга чиқдик!



Айтганча, 1 сентябрь куни Мустақиллигимизнинг 22 йиллиги муносабати билан Твиттер ижтимоий тармоғида #uzb22 ҳештэгини трендга чиқара олдик. Ҳаммага раҳмат!




Трендга чиққанимиз ҳақида интернетда (топганларим):






29 авг. 2013 г.

1 сентябрь соат 14:00 да #uzb22 хештэгини трендга чиқаришга ҳаракат қиламиз


Гап Твиттер ижтимоий тармоғи ҳақида кетмоқда. Билсангиз керак.

Хўш, аввало тренд нима ўзи?

Твиттер Тренди – жаҳон миқёсида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулар ўнглиги бўлиб, муҳокаманинг қанчалик кенг ва узоқ давом этаётганига қараб, ҳар дақиқа, ҳар соатда ўзгариб туриши мумкин. Бундан ташқари, Твиттерда 30дан ортиқ мамлакатларнинг алоҳида трендлар рўйхати бўлиб, унда ўша мамлакат фойдаланувчилари томонидан энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулар ўнлиги чиқиб туради. (Кун.уз таърифи)

Илгари ҳам Твиттерда рўйхатдан ўтган ўзбек фойдаланувчилари баъзи хештэгларни трендга чиқаришга уруниб кўришган. Ёппасига илк марта трендга чиқишга уриниш 2011 йил Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги муносабати билан #uzb20 хештэги билан содир бўлганди. Бу ҳақида Газета.уз сайти ҳам хабар қилганди. Аммо ўша йили трендга чиқишни уддалай олмаганмиз.

Кейинги йил #uzb21 учун ҳаракат қилдик. Бу ҳақида ҳам электрон ОАВлар хабар қолдиришди. Масалан, яна ўша Газета.уз ёки Кун.уз.

2011 йилги муваффақиятсизликдан тўғри хулоса чиқарилиб, шунингдек, бир йил ичида Твиттерга аъзолар сонининг ошганини ҳисобга олиб, 2012 йилда #uzb21 хештэгини трендга чиқаришга муваффақ бўлдик. Бу ҳақида Газета.уз,   Кун.Уз сайтлари ҳам хабар қилишганди.

Ўшанда #uzb21 ни трендга чиққанлигини тасдиқловчи бир қанча скриншотлар ҳам Твиттер тармоғида қолдирилган эди.




Твиттердаги машҳур микроблоггерлардан бири #AzamatMurodov трендга чиқишда ким қандай ҳисса қўшганлиги ҳақида http://www.tweetarchivist.com/ сайти маълумоти асосида статистик хабар ҳам қолдирган эди.




Хуллас, ўтган йили уддалаганмиз. Эслатиб ўтаман, ўтган йили дастлаб 31 август куни ўша ишни қилмоқчи бўлганмиз, аммо эплай олмаганмиз. Кейин 1 сентябрга белгилаб, мақсадга эришганмиз. Шу сабабли ҳам, мазкур йилда айнан 1 сентябрга белгилашга қарор қилдик. Бу ҳақида махсус твит ҳам қолдирдим. Ва мазкур твит ҳозирча 42 марта РТ қилинган.



Трендга чиқиш учун нима қилиш керак?

Энг аввало ёзаётган барча твитларимизга #uzb22 хештэгини қўшиб ёзишимиз керак. Ва умуман трендга чиқиш ҳақида аввалроқ Муҳрим Аъзамхўжаев ўзининг блогида бу ҳақида ёзган эди. Ўқиб олсак, ёмон бўлмасди.

Энди яна қўшимча маслаҳатлар бор эди.

1. Битта твитга бир нечта (айтишларича 3 та бир хил) хештэг ёзиб бўлмайди. Бундай твитлар спам ҳисобланади ва ҳисобга олинмайди. Масалан, мана бундай ёзманг:



2. Агарда Сиз ўша куни Твиттерга телефондан кирсангиз, унда аввалдан тайёр твитларни “Черновик”ка сохранить қилиб қўйинг.  Бу усул вақтдан ютиш учун катта қулайлик беради. Яъни Сиз твит ёзиб ўтирмасдан, шунчаки, ёзилган твитларни “Отправить” қиласиз холос. Эринмасдан 50-100 та твитни сақлаб қўяверинг.

3. TweetDeck дастуридан фойдаланувчилар бир нечта профилларидан бир вақтни ўзида битта твитни юборишлари мумкин. Масалан, мен ҳозирда 5 та профилни активлаштириб қўйдим. Ўзим учун бир марталик профиллар ҳам очволдим. Фақат ўша куни фойдаланилади, кейин ишлатилмайди. Ҳар ҳолда 1 та ёзган твитим 5 та бўлиб кетади. Масалан, мен аллақачон 100 дан ошиқ твитларни тайёрлаб қўйганман. Ўша куни ёзиб ўтирмайман, шунчаки юбораман холос. Агар ўша 100 та твитни  TweetDeckдан жўнатсам, 500 та твит бўлиб кетади. Сиз ҳам шунақа қилишингиз мумкин.

4. Хештэг ҳисобланиши учун фақат твит ёзиш шарт эмас. Балки #uzb22 хештэги қўшилган твитларни РТ (ретвит) қилса ҳам, алоҳида твит каби ҳисобга ўтади. Шунинг учун ёзишга эринганлар, фақат РТ қилиб ўтириш ҳам мумкин.

5. Юқоридаги пунктдан келиб чиқиб, ёзилган твитларда асосан РТ қилишга ундайдиган сўзлар битилгани маъқул. Масалан,


Шунда Сиз нафақат 1 та твит эмас, балки РТ қилинганлар сонича твит ёзганга тенг бўласиз.

6. Электрон ОАВларимиздан яна бир бор мазкур акция ҳақида ёритишларини илтимос қилиб қоламиз.

Ҳозирча шулар. Яна нимадир эсга тушиб қолса, ёзарман.

Барча юртдошларимизга энг улуғ, энг азиз байрамимиз муборак бўлсин!

27 авг. 2013 г.

Спорт журналистлари билан бўлган учрашув ҳақида

Минг марта ўқигандан, бир марта эшитган яхши


26 август куни Чирчиқдаги “Бўстон” санаторийсида “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази томонидан ўтказилаётган медиа-оромгоҳ доирасида юртимиздаги кўзга кўринган спорт журналистлари ҳамда медиа-оромгоҳ иштирокчилари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Дўстона ва кўтаринки руҳда ўтган мазкур учрашувда Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Даврон Файзиев, Норбек Ниёзов, Камолиддин Алимов ва Беҳзод Назаровлар иштирок этишди.
Учрашувдан мақсад нима эканлиги ҳақида ортиқча гапириб ўтирмайман, ҳаммага тушунарли бўлса керак. Ёш журналистлар билан ўз ҳаётий ва касбий тажрибасини ўртоқлашиш, уларга тегишли кўрсатмалар, қимматли маслаҳатлар бериш ва ҳ.к. Тушунарлидир.
Бироқ учрашув оддий мастер-класс ёки журналистика дарсидан фарқли ўлароқ норасмий кўринишда, “дилдан суҳбат” форматида бўлиб ўтди. 3 соатга яқин бўлиб ўтган мазкур учрашувда иштирокчилар фақат журналистика ҳақида эмас, балки ўзларини қизиқтирган шахсий саволлари билан ҳам мурожаат қилишди ҳамда тўлақонли, қизиқарли жавоб олишга муваффақ бўлишди.
Хўп, қуруқ олиб қочмасдан конкрет гапга ўтамиз. Аслида бўлиб ўтган учрашувдаги савол-жавобларни матн кўринишида жойлаш хоҳишим бор эди. Аммо! Аммо иккита сабаб туфайли бундай қилмасликка қарор қилдим. Биринчидан, эриндим. Шунча гапни матнга “таржима” қилиш анча вақтни олади ва бу менга ўхшаган дангаса учун мушкул вазифа.
Иккинчидан, ўзимни замонавий, интернетни яхши биладиган қилиб кўрсатиш ниятида учрашувнинг диктофонга ёзиб олинган вариантини жойлашни афзал билдим. Хуллас, ўзингизни қизиқтирган саволларга жавобларни танлаб, энди ўқишингиз эмас, балки тинглашингиз мумкин. Оригинал овозга нима етсин, а, лаббай?


























23 авг. 2013 г.

Тузатиш: “Таълим грантлари” дастурига 1-курслар ҳам ҳужжат топширса бўлади

Яқинда блогимда ОТМларда 1 сентябрдан тўлов-контракт суммаси ошганлиги ҳақида хабар қолдирган эдим. Ўша хабарга шартнома асосида таҳсил олаётган талабаларга қўшимча енгилликлар ҳақидаги маълумотни ҳам илова қилгандим. Мазкур иловада Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси ҳамда “Меҳр нури” жамғармалари томонидан эълон қилинган “Таълим грантлари” дастури ҳақида ҳам сўз юритилган. Хабарнинг мазкур қисмига, кичик, баъзилар учун эса катта ўзгартириш киритаман:

“Таълим грантлари” дастурига 1-курслар ҳам ҳужжат топширса бўлади!!!

Блогимда эълон қилинган хабарда мазкур йилдан бошлаб “Таълим грантлари” дастури 1-курсларга татбиқ этилмаслиги ҳақида ёзган эдим ва бу кўпчиликда қизиқиш уйғотгани ҳамда мазкур йилда шартнома асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг ҳафсаласини пир қилгани маълум бўлди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Твиттерда дўстимиз Мақсад Зоҳидов таъкидлаганидек, бу хабар “Меҳр нури” жамғармасида норозиликни ҳам уйғотган.
Кеча жамғарма вакили билан бўлиб ўтган суҳбатни батафсил ёзиб ўтирмайман, шунчаки кичкина изоҳ бермоқчи эдимки, мазкур хабарни Фонд Форумнинг расмий сайтидаги мақоладан олган эдим.
Ўзбекча хабардан скриншот
Русча хабардан скриншот

Ҳеч қиси йўқ, асосийси хатолик ўз вақтида тўғриланди. Ҳужжатлар топшириш муддати 5 сентябргача ва умид қиламизки, 1-курсга шартнома асосида қабул қилинган талабалар бемалол ҳужжатларни йиғишга ва топширишга улгуришади.
Демак, шошилинг, имкониятни қўлдан бой берманг!

Гап келганда, грант олиш билан боғлиқ кўпчиликни қизиқтирган баъзи саволларга жавоб бериб кетсам.
“Меҳр нури” жамғармасининг расмий сайтида грантга номзодлар топшириши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати келтирилган. Ундаги баъзи ҳужжатларни мазкур йилда 1-курсга қабул қилинган талабалар топшира олмайди. Ўша ҳужжатлар ўрнига қуйидаги аналогдаги ҳужжатлар топширилиши керак:
1. Талаба олий ўқув юртида таълим олиши ҳақида деканатдан маълумотнома;
Мазкур маълумотнома фақат юқори курс талабаларига берилади. Унинг ўрнига 1-курс талабалари ОТМ қабул комиссиясидан ўзи тўплаган балли ва ўтиш балли кўрсатилган маълумотномани олиши керак.

2. Рейтинг дафтарчаси нусхаси.
Ўз-ўзидан тушунарлики, мазкур ҳужжатни ҳам олиш имконияти йўқ 1-курсларда. Шу сабабли, унинг ўрнига ОТМгача таҳсил олган ўқув муассасаси (мактаб, лицей, коллеж) томонидан берилган диплом ва баҳолар ёзилган иловасининг нусхасини топширишлари лозим.

3. Тавсиянома.
Тавсиянома одатда талаба таҳсил олаётган ОТМ профессор-ўқитувчилари ва раҳбарларидан олинар эди. 1-курсга қабул қилинганлар эса ОТМгача таҳсил олган ўқув муассасаси (мактаб, лицей, коллеж) профессор-ўқитувчилари ва раҳбарларидан олишса жоиз бўлади.

“Таълим гранти”ни олиш бўйича янада тўлиқ маълумотларни “Меҳр нури” жамғармасининг расмий сайтидан ёки 239-27-86, 239-2787 телефон рақамларидан (код: 998 71) олишингиз мумкин.

Барчага омад!