28 сент. 2013 г.

Шахсий блогим 1 ёшга тўлди!

Ўтган йили август-сентябрь ойларида Facebook ижтимоий тармоғи орқали “Қонунчиликдаги янгиликлар” рукни остида бир нечта постлар қолдира бошлаган эдим. Мазкур постларда қонунчиликда бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар бериб борар эдим. 27 сентябрь куни Facebookда қолдирган мана бу постим якунда ҳозир Сиз ўқиб турган блогнинг дунёга келишига туртки бўлган эди. Ўшанда Sanjar Rizayev изоҳ қолдириб, “Siz blog oching bir” деган таклифни илгари сурган эдилар. Бу таклиф HamzaFoziljonov томонидан қўллаб-қувватланганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Хуллас, ўша таклифни ўйлаб кўриб, блог очишга аҳд қилгандим. Агар маъқул келса, фурсатдан фойдаланиб, блогим ҳақидаги баъзи маълумотларни Сизларга етказсам дегандим.

Блогдаги биринчи хабарим “Bismillohdanboshladik...” деб номланиб, 27 сентябрь куни соат 20:14 да қолдирилган экан.

Агар ортга назар ташлайдиган бўлсак, ўтган бир йил давомида блогимга 78 та блогпост қолдирдим. Улар орасида турли йўналишда, турли мавзуларда, турли мазмунларда ёзилган хабарлар бор эди.
  
2013 йилнинг 17 апрелида Xushnudbek.uz доменини олдим ва ўша кундан буён блогимга мазкур манзил орқали ҳам кирса бўладиган бўлди.

Доимий равишда янгилаб боришга, барқарорликни таъминлашга қўлдан келганча ҳаракат қилдим. Агар эътибор берсак, фақат 2013 йилнинг февраль ойидагина блогимга биронта хабар қолдирмаган эканман. Қолган барча ойларда озми-кўпми, яхшими-ёмонми бирон нима қоралашга ҳаракат қилдим. 

Блогимга бугунги кунгача 42 978 марта ташриф буюрилган. Ҳозирча энг кўп ташриф буюрилган ой – 2013 йилнинг июль ойи бўлиб турибди: 7407 марта қадам ранжида қилинган.

Энг кўп ўқилган хабарлар кетма-кетлигидан шу нарса маълум бўлдики, блогга ташриф буюрувчиларни ОТМдаги тўлов-контракт суммалари кўпроқ қизиқтирган. Мисол учун, энг кўп ўқилган хабар 1 мартдан олий таълим муассаларида тўлов-контракт суммалари ошганлиги ҳақидаёзилган хабар бўлса (1088 марта), 4-ўринда “Олий таълим муассаларида 1 сентябрдан тўлов-контракт суммалари ошди” номли хабар турибди (978 марта). Иккинчи ўринда “Миллий хавфсизлик хизмати, Прокуратура ва Ички ишлар органлари терговчилари ҳақида”ги хабар (1025 марта), “Трастбанк”ка ёзилган хат эса кўп ўқилганлиги бўйича учинчи ўриндан жой эгаллаган (1015 марта).

Блогда бугунги кунгача 191 та изоҳ қолдирилган. Бу ҳар бир хабарга ўртача 2,4 тадан изоҳ қолдирилган дегани. Албатта бу ҳозирча кам, лекин ўйлашимча, мазкур рақам яна ошиб борса керак. Ҳар ҳолда шунга умид қиламан.

Блогга турли излаш тизимларидан (Google, Yandex ва ҳ.к) қидириб киришда фойдаланилган калит сўзларнинг кучли учлигида қуйидаги калит сўзлар ўрин эгаллаган:
1. xushnudbek.blogspot.com
2. milliy xavfsizlik xizmati
3. миллий хавфсизлик хизмати

Блогга ташриф буюриш аудиторияси бўйича қуйидаги давлатлар кучли учликни ташкил қилган:
1. Ўзбекистон (20019 марта)
2. Россия (1993 марта)
3. АҚШ (1852 марта)

Ҳозирча, блогим ҳақида шулар. Агарда блогимни кимгадир фойдаси теккан бўлса, кимдир ўзи учун қизиқарли бирон нарса ололган бўлса, бундан хурсандман.

Имконингиз бўлса, блогимни кузатиб боришда давом этинг. Тез орада блогимда сюрприз бўлади. Вақти соати келганда бу қандай сюрприз эканлигини билиб оласиз, Худо хоҳласа.

Саломат бўлинг!

3 комментария: