19 июн. 2013 г.

ЎзМУ ҳамда СамДУ “Ҳуқуқшунослик” факультетлари ёпилди (ми?)

2013 йил 11 июнь кунидаги “2013/2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан, мазкур йилда олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квотаси белгилаб берилган эди.
ЎзМУ "Ҳуқуқшунослик"
факультети эмблемаси || nuu.uz


Мазкур қарордаги эътиборга молик ўзгаришлардан бири, бу Ўзбекистон миллий университети ҳамда Самарқанд давлат университетларининг “Ҳуқуқшунослик” факультетларига талабаларни қабул қилиш квотаси ажратилмаганлиги бўлди. Яъни ушбу йилда юқоридаги факультетларга қабул жараёни ўтказилмайди.

Ушбу ўринда савол туғилади, энди мазкур факультетлар тугатиладими? Уларда ўқиётган юқори курс талабаларининг тақдири нима бўлади? Айтиш жоизки, юқоридаги факультетларда таҳсил олаётган талабалар ўз ўқишларини давом эттиришади. Агарда кейинги йилларда ҳам қабул квоталари ажратилмаса, унда охирги битирувчилар битириб кетгунгача факультетлар ўз фаолиятини давом эттиришади. Сўнги битирувчилар тамомлагандан сўнг, факультетлар тугатилиши мумкин. Бу 2016/2017 ўқув йилларига тўғри келади.

Маълумот ўрнида шуни айтишим мумкинки, Dtm.uz сайти маълумотларига кўра, ўтган йили Ўзбекистон миллий университетининг “Ҳуқуқшунослик” факультетига 25 нафар ўзбек гуруҳига, 5 нафар рус гуруҳига талабалар қабул қилинган. Ўтиш бали давлат гранти учун ўзбек гуруҳига 213, рус гуруҳига 223,6 бўлган бўлса, тўлов-контракт учун ўзбек гуруҳига 190, рус гуруҳига 201,6 балл бўлган.

Самарқанд давлат университетининг “Ҳуқуқшунослик” факультетига эса ўтган йили 50 нафар талаба қабул қилинган. Ўтиш бали давлат гранти учун 215,2, тўлов-контракт учун 201,7 баллни ташкил қилган. Университет расмий сайтининг маълумотига кўра, ҳозирда факультетда 377 нафар таҳсил олмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2011/2012 ўқув йилидан бошлаб Наманган давлат университетининг “Ҳуқуқшунослик” факультетига ҳам талабаларни қабул қилиш тўхтатилган эди.

Эндиликда юртимизда учта олий ўқув юрти юриспруденция йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш билан шуғулланади. Булар: Тошкент давлат юридик институти, Қорақалпоқ давлат университетининг “Ҳуқуқшунослик” факультети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Халқаро ҳуқуқ” факультети (халқаро ҳуқуқий фаолият бўйича).

Мазкур йилда ушбу ОТМларига қуйидагича квоталар ажратилган:

1. Тошкент давлат юридик институтига – 450 та;
2. Қорақалпоқ давлат университетига юриспруденция йўналиши бўйича – 20 та;
3. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига юриспруденция (Халқаро ҳуқуқий фаолият) йўналиши бўйича – 90 та.\


1 комментарий: