15 июн. 2013 г.

2013/2014 ўқув йили учун қабул квоталари тасдиқланди



2013 йил 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “2013/2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Ушбу қарорда олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квотаси белгилаб берилган бўлиб, унга кўра 2013/2014 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 56 607 нафар талаба қабул қилинади. Шуларнинг 19 120 нафари давлат грантида ва 37 487 нафари тўлов-контракт бўйича таҳсил олади. Ўтган йилги қабул квоталари билан солиштирадиган бўлсак, қабул қилиниши режалаштирилган талабаларнинг умумий сони ўзгармаган. Ўтган йилги Президент қарорида ҳам 56 607 нафар қабул квотаси белгиланган бўлиб, амалда 56 559 нафар талаба қабул қилинган эди. Аммо ушбу йилда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул квоталарига ўзгартириш киритилган. Ўтган йили 19 340 нафар талаба давлат гранти асосида қабул қилинган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 220 нафарга камайтирилган. Тўлов-контракт асосида қабул квотаси эса мос равишда 220 нафарга кўпайтирилган.

Жорий йилда олий таълим муассасаларига 6.300 нафар магистр, шундан 1548 нафари давлат гранти, 4752 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Магистратурада ҳам бакалавр таълим йўналиши каби ўтган йилгига қараганда давлат грантига 18 нафар талаба камроқ қабул қилинадиган бўлди.

Тошкент кимё-технология институти (Қўнғирот бўлими)нинг махсус сиртқи бўлимига давлат гранти бўйича 65 нафар ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимига 50 нафар талаба қабул қилинади(15та давлат гранти, 35та шартнома асосида). Мазкур қабул квота кўрсаткичи ўтган йилги каби қолдирилган, ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ.

Айтиб ўтиш жоизки, ўтган йили ҳужжат топширган абитуриентлар сони бўйича рекорд натижа қайд этилган эди. Яъни 432 минг нафардан кўпроқ абитуриент талабалик бахтига мушарраф бўлиш учун ўз омадини синаб кўришга аҳд қилган эди. Бу бир ўрин учун ўртача 7,6 киши даъвогарлик қилган деганидир.

Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдимки, ушбу йилда тест синовларини ўтказиш низомининг янги таҳрири ишлаб чиқилган бўлиб, қабул қилиниш арафасида. Унга кўра қабул жараёнидаги баъзи тартиб ва қоидаларга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилиши мумкин. Хабарингиз бор, ҳужжат қабул қилиш 20 июнь кунидан бошланади ва 20 июлгача давом этади.



1 комментарий:

  1. Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдимки, ушбу йилда тест синовларини ўтказиш низомининг янги таҳрири ишлаб чиқилган бўлиб, қабул қилиниш арафасида. Унга кўра қабул жараёнидаги баъзи тартиб ва қоидаларга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилиши мумкин.
    Umid qilamizki, bu haqdayam birinchi bölib shu yerdan öqiymiz

    ОтветитьУдалить