20 июн. 2013 г.

"Билайн"нинг рекламаси қонунийми?

Юртимиздаги мобил алоқа операторлари билан боғлиқ мавзу ўтган йилдан буён энг оммабоп ва кенг муҳокама қилинаётган мавзулар хит-парадида 1-ўринга кўтарилиб олганига анча бўлди.
Алоқа бозорида яққол ҳокимлик қилаётган икки компания бир-бири билан ўзаро рақобати мобайнида турли янгиликлар ўйлаб топишга, шундоқ ҳам кўп абонентини яна кўпайтиришга ҳаракат қилишмоқда. Шу сабабдан иккала компания ҳам абонентлар учун оригинал хизматлар ўйлаб топиш, уларни кенг миқёсда реклама қилиш борасида ишлар олиб бормоқда.
Гапни кўпайтирмасдан, асосий мавзуга ўтаман.
“Билайн” (“Unitel” МЧЖ ва “Buzton” ҚК МЧЖ) алоқа оператори 2013 йилнинг 31 март куни ўзининг янги “Зўр-Зўр МегаБит” тарифини ишга туширганлиги ҳақида расмий сайти орқали маълумот берганди. Компания томонидан тайёрланган ушбу тариф режасининг рекламаларида кунига 5 Мб дан сўнг Интернетдан бепул фойдаланиш имконияти мавжудлиги таъкидланган.
Аммо тариф режасининг шартларига жиддийроқ эътибор берсак, аслида ундай эмаслигини кўриш мумкин. Тариф режаси ҳақидаги маълумотларга илова сифатида кичкина шрифтларда қуйидагича изоҳ берилган:
Кунига 5 Мбдан сўнг бепул. Биринчи 5 Мб Интернет нархи $0.07/Мб ни ташкил қилади.
Технологик чеклаш кунига 25 бепул Мб ларни ташкил қилади, улар тугагандан сўнг Интернет тариф режасига асосан тарифланади. Бепул Мб лар кейинги кунга ўтказилмайди”.
"Zo'r-zo'r MegaBit" тариф режаси рекламаси

"Zo'r-zo'r MegaBit" тариф режаси изоҳи || Beeline.uz

Албатта ушбу ёзув мижозларни чалғитиши табиий. Сабаби реклама қилинаётганда катта қилиб, “Кунига 5 Мб дан сўнг БЕПУЛ ИНТЕРНЕТ”деб ёзиб қўйилган. Хўш, нега рекламани ўзидаёқ “Кунига 5 Мб дан сўнг 25 мб Бепул интернет” деб ёзилмаган?! Алоҳида, кичик шрифтларда ёзишдан мақсад нима? Мақсад, мижозларни чалғитишми?
Интернет тармоғида кўпчиликнинг ушбу масаладаги эътирозларини ўқиб, бу ҳақида қонунчилик нима дейишига қизиқиб кўрдим. Ва у ердан кўплаб ажойиб нарсаларни топдим.
Гап шундаки, “Реклама тўғрисида”ги Қонунга биноан “Билайн” компаниясининг мазкур рекламасини нотўғри реклама деб топиш учун асослар мавжуд. Мазкур Қонуннинг 13-моддасига кўра, ноаниқлиги, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, Қонунда нотўғри реклама тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.

Ушбу Қонун нормасидан келиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра юқорида таъкидлаган “Билайн” рекламасини нотўғри деб топиш мумкин:
1) “Билайн” компаниясининг юқоридаги рекламасида ушбу хизматдан фойдаланувчиларни чалғитувчи маълумот мавжуд. Чунки “Зўр-зўр МегаБит” тариф режасида 5 мегабайтдан сўнг Интернет чексиз текин эмас, у суткасига бор-йўғи бепул 25 мегабайтни тақдим этади холос. Ундан ошган трафиклар учун абонентлар пул тўлашда давом этишади. Демак, рекламани чалғитувчи деб топиш мумкин.
2) Ушбу рекламани бўрттириб юборилган деб ҳисобласак ҳам бўлади. Яъни 5 мб трафикдан сўнг суткасига бор-йўғи 25 мб текин трафик берилади холос, лекин компания кун давомида БЕПУЛ Интернет тақдим этилади деб бўрттириб юборишган. Йўқса, тасаввур қилинг, эртага қайсидир бошқа алоқа компанияси кунига 5-10 дақиқа текин гаплашишни тақдим қиладида, “Бизда кун давомида VIP гаплашинг” дея реклама қилади. Хўш, шу тўғрими?
3) Ушбу рекламани ноаниқ реклама деб топиш учун ҳам асослар мавжуд. Менимча, бунга ортиқча изоҳ шарт эмас.
4) Шунингдек, мазкур реклама натижасида шахсларга, яъни компаниянинг ушбу тариф режасидан фойдаланувчи абонентларига моддий ва маънавий зарар етиши мумкинлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Чунки барча абонентлар ҳам кичкина, кўз илғаши қийин бўлган шрифтларда берган маълумотини ўқишмаган ёки улар компания таъкидлаганидек “технологик чеклаш”ни билишмайди. Бу ҳақида ҳам қонунчиликда махсус қоида мавжуд. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига кўра, истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилиши кераклиги белгиланган.

Кўриб турганингиздек, “Билайн” компаниясининг “Зўр-зўр МегаБит” тариф режасини тарғиб қилувчи рекламалар нотўғри реклама бўлиб, уларнинг натижасида истеъмолчиларга, компания мижозларига асоссиз зарар етказилиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд.
Мазкур хулосага келганимдан сўнг, бу борада бирон амалий чора кўриш учун ҳаракат қилишга қарор қилдим. “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига кўра, рекламани нотўғри деб топиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат Қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари қабул қилади. Шу сабабли ҳам, ушбу масала бўйича Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат Қўмитасига тегишли тартибда хат билан чиқдим. 24 май куни топширилган хатимга Қўмита томонидан 19 июнь куни жавоб олдим. Ушбу жавоб хати Қўмита раисининг ўринбосари У.Турдиев номидан бўлиб, унда қуйидагилар ёзилган эди:

“Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат Қўмитаси Сизнинг мурожаатингини ўрганиб чиқиб қуйидагиларни маълум қилади.

“Реклама тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талабдир.

Қўмита томонидан, “Билайн” савдо маркаси остида реклама қилинган “Зўр-зўр МигаБит” тарифи ўрганиб чиқилиб, ҳақиқатдан ҳам тариф режасидаги технологик чеклов, кичкина шрифтларда берилганлиги ва бу ўз навбатида истеъмолчилар учун асосий ахборотни олишлари учун қийинчилик туғдираётганлиги маълум бўлди.

Шу муносабат билан, ушбу ҳолатлар бўйича уяли алоқа компаниясига нисбатан тегишли кўрсатма бериш юзасидан иш олиб борилаётганлигини маълум қиламиз”.



Демак, Қўмита ҳам реклама кўнгилдагидек эмаслигини қайд этган ва компанияга тегишли кўрсатма бериш юзасидан иш олиб борилаётганлигини таъкидлашган. Жавоб хати Қўмита номидан 10 июнь кунги сана билан чиқиш рўйхатидан ўтказилганлигини ҳисобга олсак (почтамиз хатни 9 кунда Тошкентдан Тошкентга олиб келибди), ўтган давр мобайнида компанияга қандайдир тегишли кўрсатма берилганлигига ва бу борада бирон амалий ҳаракат амалга оширилишига умид қилиб қоламан.

19 июн. 2013 г.

ЎзМУ ҳамда СамДУ “Ҳуқуқшунослик” факультетлари ёпилди (ми?)

2013 йил 11 июнь кунидаги “2013/2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан, мазкур йилда олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квотаси белгилаб берилган эди.
ЎзМУ "Ҳуқуқшунослик"
факультети эмблемаси || nuu.uz


Мазкур қарордаги эътиборга молик ўзгаришлардан бири, бу Ўзбекистон миллий университети ҳамда Самарқанд давлат университетларининг “Ҳуқуқшунослик” факультетларига талабаларни қабул қилиш квотаси ажратилмаганлиги бўлди. Яъни ушбу йилда юқоридаги факультетларга қабул жараёни ўтказилмайди.

Ушбу ўринда савол туғилади, энди мазкур факультетлар тугатиладими? Уларда ўқиётган юқори курс талабаларининг тақдири нима бўлади? Айтиш жоизки, юқоридаги факультетларда таҳсил олаётган талабалар ўз ўқишларини давом эттиришади. Агарда кейинги йилларда ҳам қабул квоталари ажратилмаса, унда охирги битирувчилар битириб кетгунгача факультетлар ўз фаолиятини давом эттиришади. Сўнги битирувчилар тамомлагандан сўнг, факультетлар тугатилиши мумкин. Бу 2016/2017 ўқув йилларига тўғри келади.

Маълумот ўрнида шуни айтишим мумкинки, Dtm.uz сайти маълумотларига кўра, ўтган йили Ўзбекистон миллий университетининг “Ҳуқуқшунослик” факультетига 25 нафар ўзбек гуруҳига, 5 нафар рус гуруҳига талабалар қабул қилинган. Ўтиш бали давлат гранти учун ўзбек гуруҳига 213, рус гуруҳига 223,6 бўлган бўлса, тўлов-контракт учун ўзбек гуруҳига 190, рус гуруҳига 201,6 балл бўлган.

Самарқанд давлат университетининг “Ҳуқуқшунослик” факультетига эса ўтган йили 50 нафар талаба қабул қилинган. Ўтиш бали давлат гранти учун 215,2, тўлов-контракт учун 201,7 баллни ташкил қилган. Университет расмий сайтининг маълумотига кўра, ҳозирда факультетда 377 нафар таҳсил олмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2011/2012 ўқув йилидан бошлаб Наманган давлат университетининг “Ҳуқуқшунослик” факультетига ҳам талабаларни қабул қилиш тўхтатилган эди.

Эндиликда юртимизда учта олий ўқув юрти юриспруденция йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш билан шуғулланади. Булар: Тошкент давлат юридик институти, Қорақалпоқ давлат университетининг “Ҳуқуқшунослик” факультети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Халқаро ҳуқуқ” факультети (халқаро ҳуқуқий фаолият бўйича).

Мазкур йилда ушбу ОТМларига қуйидагича квоталар ажратилган:

1. Тошкент давлат юридик институтига – 450 та;
2. Қорақалпоқ давлат университетига юриспруденция йўналиши бўйича – 20 та;
3. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига юриспруденция (Халқаро ҳуқуқий фаолият) йўналиши бўйича – 90 та.\


17 июн. 2013 г.

Қайси ОТМ нечта талаба қабул қилади? (тўлиқ рўйхат)

Кеча 2013/2014 ўқув йили учун ОТМларга қабул квоталари ажратилгани ҳақида хабар берган эдим. Кўпчилик қайси ОТМга нечта квота ажратилганлиги ҳақида савол бергандан сўнг, бу ҳақида ҳам маълумот беришга қарор қилдим.

Олдин айтганимдек, 2013 йил 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “2013/2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Ушбу қарорда олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квотаси белгилаб берилган бўлиб, унга кўра 2013/2014 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 56 607 нафар талаба қабул қилинади. Бу ўтган йилги билан бир хил. Шуларнинг 19 120 нафари давлат грантида ва 37 487 нафари тўлов-контракт бўйича таҳсил олади.

Қабул квотаси сони бўйича ОТМлар рейтинги қуйидаги кўринишда бўлди:
1.     Тошкент давлат техника университети — 2530 нафар
2.     Тошкент ахборот технологиялари университети (филиаллари билан) — 2255 нафар
3.     Тошкент давлат аграр университети (филиали билан) — 1950 нафар
4.     Қорақалпоқ давлат университети — 1825 нафар
5.     Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти — 1685 нафар

Қабул квоталари республика ОТМлари бўйича қуйидагича тақсимланган (алифбо тартибида):

Тўлиқ рўйхат


15 июн. 2013 г.

2013/2014 ўқув йили учун қабул квоталари тасдиқланди



2013 йил 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “2013/2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Ушбу қарорда олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квотаси белгилаб берилган бўлиб, унга кўра 2013/2014 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 56 607 нафар талаба қабул қилинади. Шуларнинг 19 120 нафари давлат грантида ва 37 487 нафари тўлов-контракт бўйича таҳсил олади. Ўтган йилги қабул квоталари билан солиштирадиган бўлсак, қабул қилиниши режалаштирилган талабаларнинг умумий сони ўзгармаган. Ўтган йилги Президент қарорида ҳам 56 607 нафар қабул квотаси белгиланган бўлиб, амалда 56 559 нафар талаба қабул қилинган эди. Аммо ушбу йилда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул квоталарига ўзгартириш киритилган. Ўтган йили 19 340 нафар талаба давлат гранти асосида қабул қилинган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 220 нафарга камайтирилган. Тўлов-контракт асосида қабул квотаси эса мос равишда 220 нафарга кўпайтирилган.

Жорий йилда олий таълим муассасаларига 6.300 нафар магистр, шундан 1548 нафари давлат гранти, 4752 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Магистратурада ҳам бакалавр таълим йўналиши каби ўтган йилгига қараганда давлат грантига 18 нафар талаба камроқ қабул қилинадиган бўлди.

Тошкент кимё-технология институти (Қўнғирот бўлими)нинг махсус сиртқи бўлимига давлат гранти бўйича 65 нафар ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимига 50 нафар талаба қабул қилинади(15та давлат гранти, 35та шартнома асосида). Мазкур қабул квота кўрсаткичи ўтган йилги каби қолдирилган, ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ.

Айтиб ўтиш жоизки, ўтган йили ҳужжат топширган абитуриентлар сони бўйича рекорд натижа қайд этилган эди. Яъни 432 минг нафардан кўпроқ абитуриент талабалик бахтига мушарраф бўлиш учун ўз омадини синаб кўришга аҳд қилган эди. Бу бир ўрин учун ўртача 7,6 киши даъвогарлик қилган деганидир.

Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдимки, ушбу йилда тест синовларини ўтказиш низомининг янги таҳрири ишлаб чиқилган бўлиб, қабул қилиниш арафасида. Унга кўра қабул жараёнидаги баъзи тартиб ва қоидаларга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилиши мумкин. Хабарингиз бор, ҳужжат қабул қилиш 20 июнь кунидан бошланади ва 20 июлгача давом этади.



5 июн. 2013 г.

Ғалаба ва биз муддатидан аввал ЖЧдамиз!

Ёз эндигина ўз жазирамалари, кутилмаган ёмғир ва шамоллари билан юртимизга кириб келган бир вақтда, футбол мухлислари кузни ёдга олишмоқда. Чунки жўжаларни санайдиган пайтдамиз ҳозир. Қатар ва Ливанни жўжалари палағда чиқиб қолди десангиз. Тушунса бўлади, уларда ҳаво ҳарорати юқори, иссиқ урдириб қўйишган, шекилли. Ушбу икки терма жамоа тўғридан-тўғри йўлланмадан расман маҳрум бўлишди. Ливан плей-оффдан ҳам умидини узган бўлса, Қатар мўжиза туфайлигина плей-оффга чиқиши мумкин. Майли, хуллас, энди фақат диққатимизда 3та терма жамоа бўлади: ЎЗБЕКИСТОН, Ж.Корея ва Эрон. Энди имкониятларни ва гуруҳдаги вазиятни таҳлил қилсак.
Энг қизиғи тўғридан-тўғри йўлланма учун ҳаракат қилаётган учала терма жамоа ҳисобида ҳам 2тадан ўйин бор. Фақат Эрон ва Ўзбекистон битта уй, битта меҳмонда ҳаракат қилса, Жанубий Корея иккала ўйинни ҳам ўз уйида ўтказади, бу катта устунлик албатта. Лекин Ж.Кореянинг иккита ўйини ҳам асосий рақибларига қарши бўлишини ҳам унутмаслик керак. Келинг, энг аввало гуруҳдаги вазият ва кейинги ўйинлар анонсини билан танишиб олсак, сўнгра бизга қандай ҳисоблар кераклиги ҳақида гаплашиб оламиз.
Гуруҳдаги вазият:
1.     Ж.Корея – 11 очко; +6
2.     Ўзбекистон – 11 очко; +2
3.     Эрон – 10 очко; +1
4.     Қатар – 7 очко; -4
5.     Ливан – 5 очко; -5

Қолган икки тур ўйинлари:
9-тур
Ж.Корея – Ўзбекистон
Эрон – Ливан

10-тур
Ўзбекистон – Қатар
Ж.Корея – Эрон


Ана энди терма жамоамиз имкониятларини кўриб чиқамиз.

Плей-офф нақд

Энг аввало бир хушхабар билан бошламоқчиман: биз плей-офф йўлланмасини нақд қилиб қўйдик! Худо кўрсатмасин-у, ҳар қанақа кўнгилсизликда ҳам биз гуруҳда 3-ўриндан пастга тушиб кетмаймиз, бу аниқ.

Муддатидан аввал чиқиш

Кейинги хушхабар: 11 июндаги Жанубий Кореяда бўладиган ўйинда ғалаба қозонсак, биз муддатидан олдин ЖЧга чиқамиз! Бу ҳам аниқ! Ўшанда Қатар билан сўнги турдаги ўйин, шунчаки расмиятчилик учун бўлади.

Иккита дуранг билан чиқиш

Хўш, агар бизда иккита дуранг бўлса-чи? Чиқишимиз мумкин, фақат... Ўзига хос шартлари бор. Келинг, кўриб чиқамиз.

9-тур
Ж.Корея – Ўзбекистон — дуранг
Эрон – Ливан — Эрон ютади

Гуруҳдаги вазият:
Эрон – 13
Ж.Корея – 12
Ўзбекистон – 12

Кўриб, турганингиздек, агар биз сўнги турда Қатар билан дуранг ўйнасак, очколаримиз сони 13тага етади. Бундай вазиятда Ж.Корея-Эрон баҳси натижасини кутишга мажбур бўламиз. 3та вариант бор:
Эрон ютса: Биз ЖЧга чиқамиз.
Дуранг бўлса: Биз чиқа олмаймиз / тўплар нисбатига кўра Ж.Кореядан қолиб кетамиз.
Ж.Корея ютса: Эрон билан тўплар нисбатини ҳисоблашга тўғри келади. Бизда икки дурангдан кейин +2 лигича қолади. Эронда бир ғалаба, бир мағлубиятдан кейин тўплар нисбатини қанақа бўлишини билмаймиз. Хуллас, 50/50!

Кўрганингиздек, икки дуранг билан чиқиш имконияти роса чалкаш. Лекин хар ҳолда назарий жиҳатдан бор.

Бир дуранг, бир мағлубият билан чиқиш

Бундай имконият ҳам бор. Агар ўша дуранг Қатар билан қайд этилса ва биз Ж.Кореядан ютқазсак, унда фақатгина Эроннинг иккита ўйинда мағлуб бўлиши ёки максимум иккала ўйинда ҳам дуранг ўйнашини кутишимиз керак. Ва яна биз Ж.Кореядан фақат 1 тўп фарқи билан ютқазишимиз шарт! Шунда турнир жадвали қуйидагича бўлади:

1.     Ж.Корея – 15 ёки 17 очко.
2.     Ўзбекистон – 12 очко.
3.     Эрон – 10, 11 ёки 12 очко.

Эронда тўплар нисбати иккита дурангдан кейин ҳам ўзгармайди, +1 лигича қолади. Агар Ж.Кореядан 1та тўп фарқи билан ютқазак, бизда ҳам +1 бўлади. Мусобақа регламентига кўра, очколар ва тўпдар нисбати тенг бўлса, унда ким кўпроқ гол урганга қаралади. Ҳозирча, бу кўрсаткич бизда яхшироқ. Демак, ушбу вариантга яна бир банд қўшиш керак, яъни Эрон 2-2, 3-3, 4-4 га ўхшаган дурангларни қайд этмаслиги керак ёки аксинча биз қайд этишимиз керак.
Э, хуллас, бу ҳам бош оғриқ, лекин хар ҳолда назарий имконият бор.
Агарда Ж.Корея билан дуранг, Қатар билан мағлубият бўлса, унда ҳам деярли шундай ҳолат. Фақатгина назарий жиҳатдан яна битта вариант қўшилади, яъни Ж.Кореяни Эронга ўта йирик мағлуб бўлиши Лекин бу вариантни ҳисобламаган ҳам маъқул.

Иккита мағлубият билан чиқиш

Иккита мағлубиятда ҳам имконият бор. Фақат бунда Эрон иккала ўйинни ҳам ютқазиши ёки камида битта дуранг ўйнаши, агар дуранг ўйнаса, тўплар нисбати бизда яхшироқ бўлиши керак. Ишониш қийин-у, лекин бу ҳам бир вариант.

Шунингдек, иккита ғалаба ёки бир ғалаба+бир дуранг вариантларида аниқ чиқишимизни айтиш шарт бўлмаса керак.
Энди нақадар аччиқ бўлмасин, қолиб кетиш вариантларини кўриб чиқамиз.

Қатарни ютиб ҳам қолиб кетиш

Агарда биз Ж.Кореядан ютқазсак-у, Қатарни ютсак, очколаримиз сони 14 тага етади. Аммо ушбу натижа бизга етарли бўлмаслиги ҳам мумкин. Бу вариантни олдинги мақолаларда ҳам кўриб чиққандик, кўп тўхтатилиб ўтирмайман. Қисқа қилиб айтганда, Ж.Корея ва Эрон сўнги турда ўзаро дуранг ўйнайди, натижада Эронда ҳам 14 очко бўлади ва ё тур олдин Ливанни йирик ҳисобга ютгани ҳисобига тўплар нисбати бўйича чиқади.

Иккита дуранг билан қолиб кетиш

Бу ҳақида юқорида тўхталдим.

Шунингдек, битта дуранг ва иккита мағлубият ҳақида гапириш шарт бўлмаса керак.

Нима бўлган тақдирда ҳам, энг асосийси ЖЧ учун бизда жуда катта имконият пайдо бўлди! Навбатдаги ўйинда битта ғалаба ва тамом! Йигитларимиз бор куч-ғайратларини ишга солишса, бунинг устига Яратганни ўзи қўллаб-қувватлаб омадимизни берса, ишонаманки, Ж.Кореяни ўз уйида мағлубиятга учратишимиз ҳам ҳеч гап эмас. Ана шунда, ўзгалар ўйинини ҳисоб-китоб қилиш, рақиблар натижасини интиқлик билан кутиш, узундан-узун назарияларга тўла мақолалар ёзишга ҳам ҳожат қолмайди. Демак, ҳаммаси ўз қўлимизда!
Фақат битта назария бор: Ж.Кореяда ғалаба ва биз ЖЧдамиз!