23 июл. 2013 г.

Сен айиққа ашнамисан?


Куни кеча блогимга “Дақиқа қадри. Абрамов ва Қосимов даврида” деб номланган мақола жойлаштирган эдим. Мақолада Ўзбекистон терма жамоаси билан боғлиқ қизиқарли статистика жой олганди. Бунақа ҳисоб-китобли хабарлар жуда кўп учраб туради, ким қанча масофа югургани-ю, ким неча дақиқа тўп сурганигача. Қайси дарвозабон неча дақиқа гол ўтказмагани-ю, қайси жамоа узоқ муддат “қуруқ” серия олиб борганигача. Бунақа хабарлар тиқилиб ётибди! Оддий статистика, тамом. Лекин минг афсуски, менинг мақолам мухлисларда турлича кутиб олинди. Дастлаб, мақола Стадион.уз сайтида эълон қилинди. Сайт мухлисларининг муносабатидан сездимки, қаердадир хатолик кетган. Негадир ҳамма дарров

АБРАМОВ ЯХШИМИ ЁКИ ҚОСИМОВ

деган саволга жавоб излашга тушиб кетган. Ушбу ҳолатни кузатиб, эртаси куни Уфф.уз сайтидаги блогимга мақолани жойлашдан олдин, атайин бошига изоҳ ёздим. Мақсадим мураббийларни солиштириш эмас. Ақли, эс-ҳуши жойида футбол мухлиси бор-ки, дақиқалар билан боғлиқ статистика орқали мураббийни кучини аниқламайди, бу аҳмақона иш дедим. Қоғозга ўраб албатта. Йўқ, барибир ўша-ўша гап. Нима эмиш, Қосимовда айб йўқ эмиш. У 4-босқичда жамоани бошқарганмиш. Унинг рақиблари кучли бўлган эмиш. Тўғри! Тўппа-тўғри! Бу гапларга 100% қўшиламан. Аммо савол:


КИМ ҚОСИМОВНИ АЙБЛАДИ?!

Ҳали бирон жойда Қосимовга қарши ФИКР бермадим. Умуман олганда ўша мақоламда биронта таҳлилий ФИКР ёзмаганман. Ўзимнинг шахсий позициям ҳақида 1 та сўз ҳам йўқ. Мен бор нарсани, ФАКТни, оддий СТАТИСТИКАни ёзгандим холос. Бошланғич синфда қўшиш-айиришни ўрганган исталган инсон ўзи менсиз ҳам ҳисоблай олиши мумкин бўлган рақамларни ёздим холос. Ҳеч нарсани тўқимадим, ҳеч нарсани осмондан олмадим. Ва асосийси



ҲЕЧ КИМ

ни айбламадим ҳам. Ўзи биласизми, ушбу мақолани анча олдин эълон қилишим керак эди. Аммо бирдан интернет сайтларида Бош мураббий ҳақидаги таҳлилий, танқидий мақолалар сони кўпайиб кетгач, бу ишни қилмасликка қарор қилдим. Чунки айнан ўша “маҳмадоналар”* қаторида мени ҳам мураббийга тош отяпти деб ўйлашмасин дея кутишга аҳд қилдим. Орадан вақт ўтди. Ур-тўполон бироз босилди. Стадион.уз сайтида терма жамоа ҳақидаги “жырний”да ёзиладиган мақолалар тўхтади. Отишма тугагач бошини секин окопдан чиқарадиган аскар каби мен ҳам блогимга мақоламни жойлаштирдим. Аммо жойлаштирдиму, дарров “халқ душмани” сифатида,

КАМПАНИЯ**ВОЗЧИЛИК

ишларига шерик сифатида ҳукм чиқаришди. Тўғрисини айтайми? Умуман кўнглимга олганим йўқ. Ортиқча эътибор ҳам бермадим. Чунки футбол оламида озми-кўпми, ҳаваскор сифатида қалам тебратаётганимга ҳам 5 йил бўлибди. Шу чоққача биронта мақоламни эслай олмайманки, умуман танқид қилишмаган бўлса. Шу сабабли, бетимиз қотиб, юзимизни териси қалинлашиб кетган бу борада.
Билдим, билдим. Савол бермоқчисиз менга-а? Шоша-пиша коммент ёзадиган пастки қисмга шошилманг. Нима демоқчи эканлигингизни сезгандекман. Хўш, агар эътибор бермаган бўлсанг, агар сенга “по барабану” экан, унда нега бу мақолани ёзаяпсан, индамай кетавермайсанми, демоқчи эдингиз-а? Албатта, чиройли киноя, пичинг ва қочириқлар билан ёзар эдингиз бу гапни. Коммент охирига албатта “а, нима дедингиз?” деб ҳам қўшиб қўймоқчи бўлганлар бордир, ҳойнаҳой. Мазкур мақолани

ЁЗИШДАН МАҚСАДИМ

шундаки, мени хавотирга солган ташвиш бор. Бир нарса юрагимни тирнаб, ўйнаётир. Йўқ, йўқ, GM Uzbekistan машиналари нархи ошишини бунга сира алоқаси йўқ. Масала бошқа жойда. Ҳа, йўўўўқ, нима деяпсиз, мухлислик маданиятини ҳам кўтариб чиқмоқчи эмасман-ей ҳозир. Ҳа, мақола тагида сўкса, сўкибди-да, ўзи жавобини беради, муқаддас ойда қилган иши учун. Энди шуни мақола қилиб ёзиб, ҳаммага олиб чиқишим шартми? А, нима дедингиз?!
         Гапнинг пўст калласи қуйидагича: мени

МУХЛИСЛАР ИККИ ФРОНТГА БЎЛИНИБ ОЛИБ

ягона мақсад йўлидан адашиб кетаётгани хавотирга солмоқда. Қаттиқ ўйлатирмоқда. Бу яққол сезилмоқда, инкор қилишга шошилманг. Аҳвол шу даражадаки, ҳар қандай хабарда дарров Қосимов ва Абрамов солиштирилмоқда. Аҳвол шу даражадаки, кимдир “Ўзбекистон терма жа...” деб оғиз очиши билан “Қосимовда айб йўқ” дея эътироз билдириш бошланмоқда. Аҳвол шу даражадаки, “Тито Виланова “Барселона”дан кетди” деган хабарда ҳам, “Абрамовни қайтариш керак” дея изоҳ берилмоқда. Аҳвол шу даражадаки, Абрамов 1953 йили туғилган экан, Қосимов 1970 йили туғилган экан дея оддий маълумот ёзилса ҳам (мақсадсиз), дарров “Ўв, сен нима деяпсан, нима бу билан Қосимовни ёши кичкина деб ерга уряпсанми?” деб жавоб қайтарилмоқда. Аҳвол шу даражадаки...
         Мен мухлисларни иккита жамоага мухлислик қилиб, ўзаро қирпичоқ бўлганини кўрганман, масалан

РЕАЛ МАДРИД ва БАРСЕЛОНА

жамоалари мухлислари, ёки ана боринг ўзимизни пойтахт ёки воҳа жамоалари. Бунда мухлислардаги мотивация ва мақсадлар айро тушади. Бири бунисига кўнгил қўйган, бири бошқасига. Ёхуд мухлислар иккита турли футболчи томон бўлиб, бир-бири билан баҳслашган, бир-бири урушганини кўрганман. Мана масалан, оддий мисол


РОНАЛДУ ва МЕССИ

мухлисларини олайлик. Қайси бири зўрлигини кўрсатиш учун, ўзининг севимли футболчиси устунроқлиги исботлаш учун нималар қилишмайди дейсиз. Бу ерда ўша ҳолат, иккита турлича мақсад, иккита алоҳида йўл. Лекин, лекин, иккита мураббийлар учун мухлислар икки фронтга бўлинганини кўрмагандим илгари. Тўғри, ўз вақтида Моуриньо Гвардиоладан зўрлигини таъкидлаш билан “Реал” мухлислари ўзларини “Барселона”дан ҳам яхши эканлигини уқтириш мақсади бўлгандир, бундай ҳолларда мураббийлар “жангини” тушунаман. Аммо, қандай қилиб, ҳаммада ягона мақсад, ягона манфаат, яъни

ВАТАН ЖАМОАСИ МАНФААТИ

ётган бир пайтда, бундайин икки қирғоққа ажралиб олиш мумкин? Хўп, Абрамов ўйинни даҳшат чиройли қилиб берган дейлик, лекин барибир у ватан жамоасидан устун бўла олмайди-ку! Хўп, Қосимов жуда ҳурматли шахс, “Ўзбекистон ифтихори” экан, майли, лекин барибир 10 та Қосимов ҳам Ўзбекистон терма жамоасидан устун эмас-ку! Сал кўнгилни кенг қилайлик. Танқидларни тўғри қабул қилайлик. Абрамовни танқид қилган, қилаётган ва қиладиганлар аҳмоқ эмасдир? Уларда ҳам асос бор-ку: 6-0, Олимпия терма жамоаси, Эрондан мағлубият. Қосимовни танқид қилаётганларни бирдан “ватан хоини”, “кампаниявоз”га чиқариб қўймайлик, уларнинг ҳам дардини бир тинглаб кўрган маъқулмасмикин? Улар ҳам дили куйганидан, юраги эзилганидан ёзаётгандир ва энг муҳими конкрет асослар билан ёзишаётгандир?! Унақамасде...
Энди

МЕНИНГ ПОЗИЦИЯМ

ҳақида икки оғиз. Мен аввал ҳам айтганман: мен бетараф. Кимнингдир шахсини устун қўймайман. Менга терма жамоанинг ўйин сифати ва натижаси муҳимроқ, мураббийдан кўра. Агарда мени АнтиҚосимовчи дея тўла-тўкис тасаввур қилган бўлсангиз, унда бироз шошилманг. Ливан билан ўйиндан кейиноқ, кўпчилик тасодифий кирган гол эвазига қозонилган натижадан бироз қониқса-да, лекин ўйиндан кўнгли тўлмай, Қосимовни танқид қилишни бошлаб юборишган эди. Ваҳоланки, ўшандаги мухлислар норозилиги охир-оқибат бежизга эмаслиги исботланди, биз тўплар нисбатидан мағлуб бўлдик. Агар Ливанга битта ўлик эмас, кўпроқ гол урилганда... Хуллас, ярани янгиламаймиз, мавзуга қайтамиз. Ўша кунлардаги норозиликлар болалаган бир пайтда мен “Натижами ёки ўйин?” деб номланган мақола ёзгандим. Унда тушкунликка тушмаслик, гарчи ўйин ёқмаган бўлса-да, лекин натижаларимиз, айниқса Қосимов кўрсатаётган натижалар яхши эканлигини таъкидлагандим.
Юқорида айтганидек, менга натижа муҳимроқ. Менга мураббийнинг кимлиги кейинги даражада. Ўша биз орзиқиб кутган ЖЧга Қосимов олиб чиқадими, Абрамов олиб чиқадими, Амет Мемет олиб чиқадими, Самвел Бабаян олиб чиқадими ёки ана боринг, ҳеч қанақа мураббийсиз йигитларни ўзлари ўйнаб олиб чиқадими, уни қизиқчилиги йўқ. Асосийси натижа ва ўйин бўлса, бўлди. Ёки сизга фарқи борми? Қани, мухлислар орасида биронта

МАРД БОРМИ

қўлини кўтарсин-чи, мана менга мураббийни фарқи бор, агар фалон мураббий терма жамоани бошқарса, ЖЧга чиқолмаслигини тилайман дейдиган? Қани, мураббийнинг шахсиятини ВАТАНИМ жамоаси манфаатидан устун қўяман мен, дейдиган мардлар қўлини кўтарсин-чи! Қани, менга Ўзбекистон терма жамоасининг натижаси, унинг ЖЧга чиқишидан ҳам кўра, фалон мураббийнинг қолиши, кетиши, келиши кўпроқ қизиқарлироқ дейдиган мардлар қўлини кўтарсин-чи! Кўтаринг қўлингизни, нега уялаяпсиз? (Шуҳрат ака, бўлди ҳар сафар кўтараверманг, бошидаёқ кўрганман)
         Хулласи калом, дўстлар, илтимос Сизлардан, ҳозир шахсиятни бир четга суриб турайлик. Биламан, ушбу мақоламни фойдаси жуда кам. Барибир кўпчиликка зиғирча ҳам таъсир қилмаслиги аниқ. Худди шу мақолани тагида ҳам “Абрамов йўқолсин Қосимов” деган гаплар ёзилади, фақат кимдир вергулни йўқолсиндан олдин, кимдир кейин қўяди холос.
Ҳа, айтганча, шахсий позициямда ушбу икки мураббий ҳақида тўхталиш эсимдан чиқибди. Дастлаб

АБРАМОВ ҲАҚИДА

гапирсам. Мен уни кучли мураббий ҳисоблайман. Кимдир ушбу фикримга қўшилмаса, бу мени футболни тушунмайман дегани эмас. Аммо Абрамовни ҳозир терма жамоага мураббий бўлишига қаршиман! Аввало бу қарор қандайдир натижани таъминлаб беришига кафолат йўқ. Бироқ ушбу қарор муҳитни ёмонлаштиради. Мухлисларни том маънода иккига ажралишига, зимдан душманга айланиш жараёнини кучайтиради. Тасаввур қилинг, сайтда хабар чиқса, “Абрамов терма жамоа бош мураббийи бўлди” деган. Ўша ердаги урушни фараз қилинг энди. Бир-бирини камситиш, бир-бирини масхара қилиш, “Ҳа, қалай, ҳолинга маймунлар йиғладими?” деган пичинглар кўпаймайдими? Шу сабабли ҳозирда Абрамовнинг терма жамоага келиши менимча, нотўғри қарор бўлар эди.
         Ана энди терма жамоамизнинг бугунги кундаги бош мураббийи

ҚОСИМОВ ҲАҚИДА

икки оғиз фикримни айтсам. Қосимовни қаттиқ ҳурмат қиламан. Ўзбек футболининг фахри. Гап бўлиши мумкин эмас. Аммо биз уни мураббий сифатида таҳлил қилишимиз керак. Хўш, мураббий сифатида ҳам ёмон иш олиб бормади. Бир қадам қолганди ЖЧга. Кучли рақибларни ер тишлатдик. Қойил. Лекин... Лекин кутилган натижа бўлмади, яъни биз тўғридан-тўғри ЖЧга чиқа олмадик. Шу нуқтаъи назардан ундан норози бўлишга, унга эътироз билдиришга ҳаққимиз бордир, ахир? Мен БАРЧА АЙБ Қосимовда дейишдан бутунлай йироқман. Терма жамоа атрофидагиларнинг ҳам улуши бор. Шу жумладан Қосимовнинг ҳам улуши йўқ эмас. Хўп, майли, биз Мираброр Зуфарович гапларини инобатга оламиз, яъни Қосимов олдига тўғридан-тўғри ЖЧга чиқиш вазифаси қўйилмаган экан. Нега чиқара олмадинг деб айблашимиз нотўғри деб ҳисоблаймиз, хўп. Аммо танганинг иккинчи томонига эътибор қаратайлик. ЎФФ Президенти таъкидладиларки, биз Қосимовга бошқа вазифа, яъни ёшларни кашф этиш, уларни жалб қилишни топширгандик дедилар. Хўш, унда бу вазифа қай даражада уддаланди? Қани, терма жамоада ёшлар? Фақат Гадоевми? Хуллас, гапирса гап кўп, аммо давом этиш ниятим йўқ. Яна номим қорага чиқиб қолиши мумкин. Балки аллақачон шунақа бўлгандир ҳам...
         Сўнги сўз ўрнида, Қосимов терма жамоа тарихида энг зўр натижа кўрсатди дея бот-бот такрорлаётганларга қарата айтмоқчи эдимки, терма жамоанинг ҳозирги натижаси биз учун янгилик эмас. Гуруҳда 3-ўринни эгаллаб, плей-оффга чиқишни илгари ҳам уддалаганмиз. Демак, ҳозирча, биронта янги тарих, янги саҳифа ҳали очилмади. Агар насиб қилса, Иорданияни ютиб, кейинги босқичга ўтсак, ана унда айтишимиз мумкин. Ҳа, айтганча, сиз очокларни эсламоқчисиз-а? Биз энг кўп очко олдик демоқчимисиз? Бу борада яхшиси шахсан ўзим ҳеч қанақа фикр билдирмайман, шунчаки Twitter ижтимоий тармоғида @prorab15 томонидан ёзилган твитдан иқтибос келтираман (имло аслича қолдирилди):

akam oqishga kiralmagach maqtangandi: men 178 ball oldim,uyimizdan oldin xech kim buncha olmagan, kira olmasang nima keragi bor? #qosimov



___________________________

Сноска:
* Мираброр Усмоновнинг “Футбол шарҳи” кўрсатувига берган интервьюсида бир гуруҳ журналистларга берилган таъриф

** Зафар Имомхўжаевнинг “Футбол шарҳи” кўрсатувида олган интервьюсида бир гуруҳ журналистларга берилган таъриф

Комментариев нет:

Отправить комментарий