27 мая 2013 г.

“Қизил диплом” қайси талабаларга берилади?


Халқ орасида “қизил диплом” атамаси билан номланадиган дипломларнинг расмий номи аслида “имтиёзли” дипломдир. Олий таълим муассасаларида “имтиёзли” дипломлар бакалавриатура босқичида ўқув дастурларини ўзлаштиришда катта ютуқларга эришган талабаларга берилишидан хабарингиз бор. Аммо ҳамма ҳам “имтиёзли” дипломни олишнинг аниқ қонун-қоидасидан хабардор бўлмаса керак. “Имтиёзли” диплом берилиши ҳақида кўпчиликда турли фикрлар мавжуд. Кимдир барча баҳолар “5” (аъло) бўлиши керак деб таъкидласа, кимдир талабанинг умумий ўртача ўзлаштириши 86%дан юқори бўлиши керак деб ўйлайди. Аслида ҳам шунақами? Келинг, юқоридаги масала бўйича таълим тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қилсак.
“Имтиёзли” диплом бериш тартиби Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2009 йил 22 майдаги 160-сон буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисида”ги низомда кўрсатиб ўтилган. Мазкур низомнинг 22-бандида қуйидагича тартиб-қоида белгиланган:
“22. Ўқув дастурларини ўзлаштиришда катта ютуқларга эришган ва ўқув режасидаги барча фанларнинг камида 3/4 қисми бўйича 86 балл ва ундан юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган, (бошқа фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи 71 баллдан кам бўлмаган), шунингдек, якуний давлат аттестацияси синовларининг ҳар бири бўйича камида 86 балл ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган бакалавриат битирувчисига «имтиёзли» диплом берилади”.

Юқоридаги банддан хулоса қилган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, “имтиёзли” диплом таҳсил олиш давомида ўтилган барча фанларнинг камида 3/4 қисмидан “5” (аъло) баҳо олган, шунингдек, бошқа фанларнинг биронтасидан “3” (қониқарли) баҳо олмаган ва ниҳоят якуний давлат аттестация синовларининг барчасидан “5” (аъло) баҳо олган талабага “имтиёзли” диплом берилади. Кўриб турганингиздек, “имтиёзли” диплом олишда талабанинг барча семестрлар бўйича чиқариладиган умумий ўртача ўзлаштириши ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Яъни ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 83-84%ни ташкил қилган талаба ҳам “имтиёзли” диплом олиши мумкин. Бундан ташқари, биронта “4” (яхши) баҳо олмалик керак деган тушунча ҳам нотўғри. Низомдан келиб чиқадиган бўлсак, барча фанларнинг 1/4 қисми бўйича “4” (яхши) баҳо олган талабага ҳам “имтиёзли” диплом берилиши мумкин. Масалан, талаба таҳсил олиш давомида ўқув дастури бўйича жами 60та фан ўқиган бўлса, шундан 45та фандан “5” (аъло), 15та фандан “4” (яхши) баҳо олган бўлса, унга “имтиёзли” диплом бериши мумкин, башарти у якуний давлат аттестациясидаги барча фанлардан камида 86 балл тўплаган бўлса.
Эслатма: Мазкур мақолада мен шартли равишда “5”, “4”, “3” баҳолар атамасини ишлатдим. Аслида ҳозирда амалда бўлган “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисида”ги низомга кўра, юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида баҳолашнинг рейтинг тизимига ўтилган ва баҳо тизимидан воз кечилган. Низом бўйича рейтинг баллари мос равишда қуйидаги баҳоларга тенглаштирилган:
86-100 балл – 5;
71-85 балл – 4;
55-70 балл – 3.
Шунчаки, муштарийларга тушунарли бўлиши учун айнан “5 (4, 3) баҳо” атамаларини қўллашни афзал деб топдим.

6 комментариев:

  1. Вот именно с этой статьи начинаю читать этот блог.

    ОтветитьУдалить
  2. Имтиёзли диплом олганларга қандай имтиёз бор.

    ОтветитьУдалить
  3. temurbeklarda qizil diplom olish tartibi qanaqa

    ОтветитьУдалить
  4. Кизил диплопни олшта тулов йукми хеч кандай шу тугрсида малумот кере менга

    ОтветитьУдалить
  5. Assalomu alaykum.Masalan asosiy fanidan 1 kursda 3 olgan yakuniydan lekin oxirgisida 5 bilan yopgan bolsa ham boladimi.Barbir eng oxirgisi tushadi diplomga tushadiku.Javob un oldindan rahmat

    ОтветитьУдалить
  6. 57 fan
    "5" 30 ta
    "4" 11 ta
    "3" 8 ta imtiyozli diplom olib bòladimi?

    ОтветитьУдалить