Показаны сообщения с ярлыком Shaxsiy hayot. Показать все сообщения
Показаны сообщения с ярлыком Shaxsiy hayot. Показать все сообщения

28 сент. 2013 г.

Шахсий блогим 1 ёшга тўлди!

Ўтган йили август-сентябрь ойларида Facebook ижтимоий тармоғи орқали “Қонунчиликдаги янгиликлар” рукни остида бир нечта постлар қолдира бошлаган эдим. Мазкур постларда қонунчиликда бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар бериб борар эдим. 27 сентябрь куни Facebookда қолдирган мана бу постим якунда ҳозир Сиз ўқиб турган блогнинг дунёга келишига туртки бўлган эди. Ўшанда Sanjar Rizayev изоҳ қолдириб, “Siz blog oching bir” деган таклифни илгари сурган эдилар. Бу таклиф HamzaFoziljonov томонидан қўллаб-қувватланганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Хуллас, ўша таклифни ўйлаб кўриб, блог очишга аҳд қилгандим. Агар маъқул келса, фурсатдан фойдаланиб, блогим ҳақидаги баъзи маълумотларни Сизларга етказсам дегандим.

Блогдаги биринчи хабарим “Bismillohdanboshladik...” деб номланиб, 27 сентябрь куни соат 20:14 да қолдирилган экан.

Агар ортга назар ташлайдиган бўлсак, ўтган бир йил давомида блогимга 78 та блогпост қолдирдим. Улар орасида турли йўналишда, турли мавзуларда, турли мазмунларда ёзилган хабарлар бор эди.
  
2013 йилнинг 17 апрелида Xushnudbek.uz доменини олдим ва ўша кундан буён блогимга мазкур манзил орқали ҳам кирса бўладиган бўлди.

Доимий равишда янгилаб боришга, барқарорликни таъминлашга қўлдан келганча ҳаракат қилдим. Агар эътибор берсак, фақат 2013 йилнинг февраль ойидагина блогимга биронта хабар қолдирмаган эканман. Қолган барча ойларда озми-кўпми, яхшими-ёмонми бирон нима қоралашга ҳаракат қилдим. 

Блогимга бугунги кунгача 42 978 марта ташриф буюрилган. Ҳозирча энг кўп ташриф буюрилган ой – 2013 йилнинг июль ойи бўлиб турибди: 7407 марта қадам ранжида қилинган.

Энг кўп ўқилган хабарлар кетма-кетлигидан шу нарса маълум бўлдики, блогга ташриф буюрувчиларни ОТМдаги тўлов-контракт суммалари кўпроқ қизиқтирган. Мисол учун, энг кўп ўқилган хабар 1 мартдан олий таълим муассаларида тўлов-контракт суммалари ошганлиги ҳақидаёзилган хабар бўлса (1088 марта), 4-ўринда “Олий таълим муассаларида 1 сентябрдан тўлов-контракт суммалари ошди” номли хабар турибди (978 марта). Иккинчи ўринда “Миллий хавфсизлик хизмати, Прокуратура ва Ички ишлар органлари терговчилари ҳақида”ги хабар (1025 марта), “Трастбанк”ка ёзилган хат эса кўп ўқилганлиги бўйича учинчи ўриндан жой эгаллаган (1015 марта).

Блогда бугунги кунгача 191 та изоҳ қолдирилган. Бу ҳар бир хабарга ўртача 2,4 тадан изоҳ қолдирилган дегани. Албатта бу ҳозирча кам, лекин ўйлашимча, мазкур рақам яна ошиб борса керак. Ҳар ҳолда шунга умид қиламан.

Блогга турли излаш тизимларидан (Google, Yandex ва ҳ.к) қидириб киришда фойдаланилган калит сўзларнинг кучли учлигида қуйидаги калит сўзлар ўрин эгаллаган:
1. xushnudbek.blogspot.com
2. milliy xavfsizlik xizmati
3. миллий хавфсизлик хизмати

Блогга ташриф буюриш аудиторияси бўйича қуйидаги давлатлар кучли учликни ташкил қилган:
1. Ўзбекистон (20019 марта)
2. Россия (1993 марта)
3. АҚШ (1852 марта)

Ҳозирча, блогим ҳақида шулар. Агарда блогимни кимгадир фойдаси теккан бўлса, кимдир ўзи учун қизиқарли бирон нарса ололган бўлса, бундан хурсандман.

Имконингиз бўлса, блогимни кузатиб боришда давом этинг. Тез орада блогимда сюрприз бўлади. Вақти соати келганда бу қандай сюрприз эканлигини билиб оласиз, Худо хоҳласа.

Саломат бўлинг!

20 июн. 2013 г.

"Билайн"нинг рекламаси қонунийми?

Юртимиздаги мобил алоқа операторлари билан боғлиқ мавзу ўтган йилдан буён энг оммабоп ва кенг муҳокама қилинаётган мавзулар хит-парадида 1-ўринга кўтарилиб олганига анча бўлди.
Алоқа бозорида яққол ҳокимлик қилаётган икки компания бир-бири билан ўзаро рақобати мобайнида турли янгиликлар ўйлаб топишга, шундоқ ҳам кўп абонентини яна кўпайтиришга ҳаракат қилишмоқда. Шу сабабдан иккала компания ҳам абонентлар учун оригинал хизматлар ўйлаб топиш, уларни кенг миқёсда реклама қилиш борасида ишлар олиб бормоқда.
Гапни кўпайтирмасдан, асосий мавзуга ўтаман.
“Билайн” (“Unitel” МЧЖ ва “Buzton” ҚК МЧЖ) алоқа оператори 2013 йилнинг 31 март куни ўзининг янги “Зўр-Зўр МегаБит” тарифини ишга туширганлиги ҳақида расмий сайти орқали маълумот берганди. Компания томонидан тайёрланган ушбу тариф режасининг рекламаларида кунига 5 Мб дан сўнг Интернетдан бепул фойдаланиш имконияти мавжудлиги таъкидланган.
Аммо тариф режасининг шартларига жиддийроқ эътибор берсак, аслида ундай эмаслигини кўриш мумкин. Тариф режаси ҳақидаги маълумотларга илова сифатида кичкина шрифтларда қуйидагича изоҳ берилган:
“Кунига 5 Мбдан сўнг бепул. Биринчи 5 Мб Интернет нархи $0.07/Мб ни ташкил қилади.
Технологик чеклаш кунига 25 бепул Мб ларни ташкил қилади, улар тугагандан сўнг Интернет тариф режасига асосан тарифланади. Бепул Мб лар кейинги кунга ўтказилмайди”.
"Zo'r-zo'r MegaBit" тариф режаси рекламаси

"Zo'r-zo'r MegaBit" тариф режаси изоҳи || Beeline.uz

Албатта ушбу ёзув мижозларни чалғитиши табиий. Сабаби реклама қилинаётганда катта қилиб, “Кунига 5 Мб дан сўнг БЕПУЛ ИНТЕРНЕТ”деб ёзиб қўйилган. Хўш, нега рекламани ўзидаёқ “Кунига 5 Мб дан сўнг 25 мб Бепул интернет” деб ёзилмаган?! Алоҳида, кичик шрифтларда ёзишдан мақсад нима? Мақсад, мижозларни чалғитишми?
Интернет тармоғида кўпчиликнинг ушбу масаладаги эътирозларини ўқиб, бу ҳақида қонунчилик нима дейишига қизиқиб кўрдим. Ва у ердан кўплаб ажойиб нарсаларни топдим.
Гап шундаки, “Реклама тўғрисида”ги Қонунга биноан “Билайн” компаниясининг мазкур рекламасини нотўғри реклама деб топиш учун асослар мавжуд. Мазкур Қонуннинг 13-моддасига кўра, ноаниқлиги, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, Қонунда нотўғри реклама тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.

Ушбу Қонун нормасидан келиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра юқорида таъкидлаган “Билайн” рекламасини нотўғри деб топиш мумкин:
1) “Билайн” компаниясининг юқоридаги рекламасида ушбу хизматдан фойдаланувчиларни чалғитувчи маълумот мавжуд. Чунки “Зўр-зўр МегаБит” тариф режасида 5 мегабайтдан сўнг Интернет чексиз текин эмас, у суткасига бор-йўғи бепул 25 мегабайтни тақдим этади холос. Ундан ошган трафиклар учун абонентлар пул тўлашда давом этишади. Демак, рекламани чалғитувчи деб топиш мумкин.
2) Ушбу рекламани бўрттириб юборилган деб ҳисобласак ҳам бўлади. Яъни 5 мб трафикдан сўнг суткасига бор-йўғи 25 мб текин трафик берилади холос, лекин компания кун давомида БЕПУЛ Интернет тақдим этилади деб бўрттириб юборишган. Йўқса, тасаввур қилинг, эртага қайсидир бошқа алоқа компанияси кунига 5-10 дақиқа текин гаплашишни тақдим қиладида, “Бизда кун давомида VIP гаплашинг” дея реклама қилади. Хўш, шу тўғрими?
3) Ушбу рекламани ноаниқ реклама деб топиш учун ҳам асослар мавжуд. Менимча, бунга ортиқча изоҳ шарт эмас.
4) Шунингдек, мазкур реклама натижасида шахсларга, яъни компаниянинг ушбу тариф режасидан фойдаланувчи абонентларига моддий ва маънавий зарар етиши мумкинлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Чунки барча абонентлар ҳам кичкина, кўз илғаши қийин бўлган шрифтларда берган маълумотини ўқишмаган ёки улар компания таъкидлаганидек “технологик чеклаш”ни билишмайди. Бу ҳақида ҳам қонунчиликда махсус қоида мавжуд. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига кўра, истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилиши кераклиги белгиланган.

Кўриб турганингиздек, “Билайн” компаниясининг “Зўр-зўр МегаБит” тариф режасини тарғиб қилувчи рекламалар нотўғри реклама бўлиб, уларнинг натижасида истеъмолчиларга, компания мижозларига асоссиз зарар етказилиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд.
Мазкур хулосага келганимдан сўнг, бу борада бирон амалий чора кўриш учун ҳаракат қилишга қарор қилдим. “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига кўра, рекламани нотўғри деб топиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат Қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари қабул қилади. Шу сабабли ҳам, ушбу масала бўйича Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат Қўмитасига тегишли тартибда хат билан чиқдим. 24 май куни топширилган хатимга Қўмита томонидан 19 июнь куни жавоб олдим. Ушбу жавоб хати Қўмита раисининг ўринбосари У.Турдиев номидан бўлиб, унда қуйидагилар ёзилган эди:

“Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат Қўмитаси Сизнинг мурожаатингини ўрганиб чиқиб қуйидагиларни маълум қилади.

“Реклама тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талабдир.

Қўмита томонидан, “Билайн” савдо маркаси остида реклама қилинган “Зўр-зўр МигаБит” тарифи ўрганиб чиқилиб, ҳақиқатдан ҳам тариф режасидаги технологик чеклов, кичкина шрифтларда берилганлиги ва бу ўз навбатида истеъмолчилар учун асосий ахборотни олишлари учун қийинчилик туғдираётганлиги маълум бўлди.

Шу муносабат билан, ушбу ҳолатлар бўйича уяли алоқа компаниясига нисбатан тегишли кўрсатма бериш юзасидан иш олиб борилаётганлигини маълум қиламиз”.



Демак, Қўмита ҳам реклама кўнгилдагидек эмаслигини қайд этган ва компанияга тегишли кўрсатма бериш юзасидан иш олиб борилаётганлигини таъкидлашган. Жавоб хати Қўмита номидан 10 июнь кунги сана билан чиқиш рўйхатидан ўтказилганлигини ҳисобга олсак (почтамиз хатни 9 кунда Тошкентдан Тошкентга олиб келибди), ўтган давр мобайнида компанияга қандайдир тегишли кўрсатма берилганлигига ва бу борада бирон амалий ҳаракат амалга оширилишига умид қилиб қоламан.

24 апр. 2013 г.

«Трастбанк»га хат!



 “Ҳолва деган билан, оғиз чучимайди”
(“Бу эпиграф”, – муаллиф изоҳи)

Яқинда иш билан “Ўрда” даҳаси томонларга йўлим тушганди. Йўл-йўлакай ўша даҳада жойлашган “Трастбанк” хусусий очиқ акциядорлик биржа банкининг Республика биноси олдига қўйилган тошлавҳага кўзим тушди. Тошлавҳада ёзилган банк номида баъзи имловий хатоликлар мавжудлигини бир қарашда пайқаш унчалик қийин эмасди. Умуман олганда ушбу тошлавҳа суратини илгари интернет орқали ҳам бир неча марта кўргандим.



Тошлавҳани кўрдим-у, хаёлимга бир фикр келди. Одатда имловий хатоларни кўрганда кўпинча кимларнидир саводсизликда айблаймиз, устидан куламиз ёки пичинг ва истеҳзоларимизни изҳор этамиз-у, лекин ўша хатоларни тўғирлаш учун аниқ амалий ҳаракат қилиб кўрмаймиз. Мана шундай кайфиятни ўзгартириш вақти келмадимикин деган ўйда, мазкур тошлавҳани ўзгартириш учун уриниб кўришга аҳд қилдим. Бу ишнинг натижаси қандай бўлиши ҳали ўзимга ҳам қоронғу эди.

Хўш, ишни нимадан бошлаш керак? Аввало банк маъмуриятига хабар қилиш керак. Қандай усулда? Бундай вазиятларда оғзаки ёки телефон орқали хабар бериш кифоя бўлмаслиги мумкин. “Хўп, қиламиз” дейилган билан, аммо натижа бўлиши даргумон. Энг самарали йўли – ёзма мурожаат қилиш!

Хуллас, ё устидан, ё остидан дея, “Трастбанк” бошқарув раисига хат ёздим. Мана ўша хат матни (Эксперт таҳририда):


“Трастбанк” хусусий очиқ акциядорлик биржа банки бошқарув раиси Ш.Р.ХАДЖИЗАДАЕВга

Ҳурматли Шерзод Рафатович!

Аввало, шуни алоҳида қайд этиш керакки, “Трастбанк” ХОАББ юртимизда фаолият олиб бораётган 30 дан ортиқ банклар орасида ўз нуфузига эга бўлган, шунингдек, мижозларга сифатли хизмат кўрсатиб келаётган барқарор банкларимиздан бири ҳисобланади. 2013 йилда “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги “Трастбанк” хусусий очиқ акциядорлик биржа банки фаолиятини баҳолаб, унинг узоқ муддатли дефольт эмитент рейтингларини “Барқарор” прогноз кўрсаткичларида қайта эътироф этгани ҳам ана шундан далолатдир.
Шундай бўлса-да, банк фаолиятининг айрим жиҳатлари бўйича ўз таклифимни Сизга юборишни ният қилдим.
Гап шундаки, “Трастбанк” ХОАББнинг бош офисига кираверишдаги банк номи ёзилган тошлавҳада банк номининг ўзбек тили лотин алифбосида ёзилган қисмида, минг таасуфки, жиддий имловий хатоларга йўл қўйилган. Ушбу тошлавҳадаги ёзув бир неча йиллардан буён турибди ва мазкур лавҳанинг расми интернетдаги бир қанча ижтимоий тармоқларда (Facebook, Twitter ва ҳ.к.) муҳокама ҳам қилинган. Ачинарлиси, ушбу муҳокамаларда банк номига кўплаб салбий ва танқидий фикрлар баён қилинган. Лекин ҳалигача бу хатолик бартараф этилмагани мени бироз ҳайрон қолдирмоқда.
Ўйлайманки, Республикамизда нуфузли банк номига даъвогарлик қилаётган «Трастбанк»дек муассасада саводхонлик билан боғлиқ бундайин яққол хатоликни мавжуд бўлиши, бунинг устига ушбу хатолик мажозий маънода банкнинг юзини белгилаб турган тошлавҳада акс этгани ачинарли ҳолат. Ахир мижозларда банкнинг сифатли ва бехато фаолиятига бўлган ички ишонч, мана шундай ташқи атрибутлар билан ҳам белгиланади. Қолаверса, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 7-моддасида давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилиши белгилаб қўйилган.
Мазкур хатим натижасида тошлавҳадаги имловий хатолар тез фурсатда тўғирланишига умид билдириб,

Сизга чексиз ҳурмат билан,

фуқаро Худайбердиев Хушнуд Ғайратович.

Манзил: ************
Телефон: +998-9******
E-mail: xushnud_x@mail.ru


Илова: тошлавҳадаги имловий хатолар матни (1 варақ) ва унинг фотосурати (1та фотосурат).


Илова

Тошлавҳадаги ёзув:

HUSUSIY OCHIK
AKTSIYADORLIK
BIRJA BANKI

TRASTBANK

Имловий хатолар билан ёзилган сўзлар:

Хато сўзлар
Имло қоидаси бўйича тўғри вариант
HUSUSIY
XUSUSIY
OCHIK
OCHIQ
AKTSIYADORLIK
AKSIYADORLIK



 Сўнг 9 апрель куни хатни, иловани ва фотосуратни (чоп этилган ҳолатда) “Трастбанк” биносига олиб бориб, девонхонага топширдим.



18 апрель куни, яъни орадан 9 кун ўтиб, телефоним жиринглади. Жавоб бердим. Билдимки, қўнғироқ қилган инсон шахсан “Трастбанк” Бошқарув раиси Хаджизадаев Шерзод Рафатович экан.
— Бизга хат юборган экансиз, ушбу масала юзасидан телефон қилаётгандим. Агар имкониятингиз бўлса, Сиз билан кўришмоқчи эдим, - деган гапларини эшитиб, бажонудил ушбу таклифни қабул қилишимни билдирдим. Эртаси куни учрашишга келишдик.

Келишилган вақтда “Трастбанк”га бордим ва у ерда Бошқарув раиси Шерзод Рафатович билан кўришдик. Мени илиқ кутиб олдилар. Анчагина суҳбатлашдик. Суҳбат давомида мени чақиришларидан мақсад, аввало банк номидан ва шахсан ўзларининг номидан миннатдорчилик билдириш, банкнинг имиджини ўйлаб, қимматли вақтини аямасдан хат ёзган инсон, яъни банкнинг дўсти билан (сўзлар аслидан ўзгартирилмади) яқиндан танишиш эканлигини билдирдилар. Шунингдек, ушбу хат юзасидан махсус йиғилиш қилинганлиги ва хатони тезда бартараф этиш лозимлиги ҳақида тегишли кўрсатмалар берилганини таъкидладилар. Шу ва шунга ўхшаш мавзуларда ярим соатга яқин суҳбат қурдик. Эътиборли жиҳати, Шерзод Рафатович миннатдорчилик белгиси сифатида “Трастбанк” номидан эсдалик пакетини совға қилдилар. Пакетда “Трастбанк” белгиси туширилган блокнот, ручка, стол тақвими, банк ҳақидаги маълумотлар жамланган брошюра ва ҳ.к.лар бор эди. Шу билан мазмунли суҳбатимиз ўз ниҳоясига етди. ОАВ тили билан айтганда, суҳбат якунида “самимий ва дўстона қабул учун” миннатдорчилик билдирдим.

"Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич" рукнидаги фотосурат:



Ростини айтсам, воқеалар ривожи бундай бўлишини умуман кутмагандим. Катта бир банкнинг раисини шахсан ўзи телефон қилиб (бирон ўринбосари орқали чақиртирса ҳам бўларди), ўзи кутиб олиб, миннатдорчилик билдириб, ҳурмат бажо келтирганлари таҳсинга сазовор. Гап берилган эсдалик совғасида ҳам эмас. Чунки бошиданоқ мен бирон манфаат кўзламаганман. Гап муносабатда. Гап қилинган эътиборда. Гап самимийликда.

Яна ҳам қувонарли томони ва энг асосийси тез кунларда банк олдидаги ўша тошлавҳа тўғирланди. Бугун атайин бориб, яна суратга олиб келдим. Эсдалик сифатида. Қачонлардир мана шу тошлавҳадаги имловий хатолар менинг ташаббусим билан тўғирланган деб эслаб юраман.

Кўриб турибсиз, “ҳаракат қилса, ғўрадан ҳолва битади”. Ушбу, айтиш жоиз бўлса, дастлабки муваффақиятдан руҳланиб, бундай ҳаракатни яна давом эттиришга қарор қилдим. Асосий мақсадим, ўзбек тилига бўлган эътибор ва ҳурматни янада мустаҳкамлаш. Техник ёки бошқа сабабларга кўра йўл қўйилган имловий хатоларни тўғирлашга ўз ҳиссамни қўшиш.

Хўш, Сиз-чи, Сиз? Сиз ҳам шундай хайрли ишга қўшилмайсизми?

Тез фурсатда, Кун.уз сайти билан ҳамкорликда мазкур йўналишда бир ижтимоий акцияни бошлаш арафасидамиз. Умид қиламанки, юртдошларимиз орасида ушбу акцияда иштирок этиш истагини билдирадиганлар кўплаб топилади.