30 сент. 2012 г.

ҚЯ: Хизмат вазифасини бажараётганда ҳалок бўлган ИИВ ходимларига ойлик маошининг 50 баравари миқдорида нафақа тўланади

Qasamyod qabul qilish vaqtida © mvd.uz
“Хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки тан жароҳати олган ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларига бир йўла тўланадиган нафақани тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида” Ички ишлар вазирининг буйруғи чиқди.

Унга кўра ички ишлар органи ходими ва ҳарбий хизматчиси хизмат вазифасини бажараётган вақтда ҳалок бўлганда, унинг меросхўрларига марҳумнинг ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача бўлган миқдорда нафақа тўланади. Бу нафақа ўрта ҳисобда агар ИИО ходимининг ойлигини 500 минг сўм деб оладиган бўлсак, унда 25 млн. сўм бўлади.

Ходим хизмат вазифасини бажараётган вақтда яраланганда, майибланганда ёки контузия олганда, унга:

Оғир тан жароҳати олганда, ойлик иш ҳақининг 25 бараваригача (ўртача 12,5 млн. сўм);

Ўртача оғир тан жароҳати олганда, ойлик иш ҳақининг 10 бараваригача (ўртача 5 млн. сўм) бўлган миқдорда нафақа тўланади.

Енгил тан жароҳати олганда ходимга нафақа расмийлаштирилмайди.

ИИВнинг Портловчи қурилмалар ва моддаларни зарарсизлантириш ва йўқ қилиш махсус отряди ва Алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядлари ҳамда уларнинг қуйи тизими ходимлари хизмат вазифасини бажараётган вақтда:

Ҳалок бўлганда – марҳумнинг ойлик иш ҳақининг 100 бараваригача бўлган миқдорда (ўртача 50 млн. сўм);

Оғир тан жароҳати олганда, ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача бўлган миқдорда (ўртача 25 млн. сўм);

Ўртача оғир тан жароҳати олганда, ойлик иш ҳақининг 20 бараваригача бўлган миқдорда (ўртача 10 млн. сўм).

Эътиборли томони ушбу Низомдаги қоидалар нафақат ИИВ ходимларига, балки ИИВ Қоровул қўшинларининг ҳарбий қисмларида ва Тошкент олий ҳарбий техник билим юртида муддатли ва шартнома асосида ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга, шунингдек, ИИВ тизимига кирувчи таълим муассасаларида таҳсил олаётган курсант ва тингловчиларга ҳам тадбиқ этилади.

Эслатиб ўтаман, ушбу нафақалар бир марталик ҳисобланади.

Мазкур ҳужжат 2012 йилнинг 29 сентябридан кучга киради.

Номи: Хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки тан жароҳати олган ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларига бир йўла тўланадиган нафақани тўлаш тартиби тўғрисида ЙЎРИҚНОМА
Қабул қилган орган: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги
Қабул қилган раҳбар: Ички ишлар вазири Б. МАТЛЮБОВ
Қабул қилинган сана: 2012 йил 19 сентябрь
Кучга кириш санаси: 2012 йил 29 сентябрь
Сақлаб олиш:

Комментариев нет:

Отправить комментарий