30 апр. 2013 г.

“Xolat”лар “Holat”га алмаштириб чиқилмоқда



Яқиндагина “Трaстбанк” билан боғлиқ воқеа ҳақида блогимга ёзган эдим. Унда банк томонидан тошлавҳадаги имловий хатолар тўғирлангани ҳақида баён қилинганди.

Ушбу хабар жамоатчилик орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди. Бу албатта қувонарли. Мен учун эмас, ўзбек ёзуви имлосига эътибор кучаётгани учун. Турли ОАВлар ўз сайтларида бу ҳақида маълумот беришди. Хусусан, Kun.uz, 12News.uz ва Darakchi.uz сайтларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Ҳозир гап бошқа ёқда. Имловий хатоларни тўғирлаш борасида яхшигина муҳокама кетаётгани бошқа мутасаддиларга ҳам таъсир қилган кўринади.

Тошкент шаҳри бўйлаб, мустақиллик йилларида қайта тикланган, реконструкция қилиниб, замонавий кўринишга келган объектлар олдига “Янги ҳолат”, “Эски ҳолат” рукнидаги суратлар акс эттирилган ижтимоий баннерлар ўрнатиб чиқилган эди.


Ўша баннерлардаги “holat” сўзи, имловий хато билан “xolat” деб ёзилган эди. Бу ҳақида ижтимоий тармоқларда фикр билдирилганди. Бугунги кунга келиб, тегишли мутасадди шахслар мазкур хатоларни тўғирлашни бошлашди.

Ҳозиргина “Амир Темур” ҳиёбонидаги худди шундай ижтимоий баннерлардан бирида мавжуд бўлган имловий хатолар тўғирлаб қўйилди.

 
Баннер ўзгартирилаётган ҳолат ©
 
“Барчаси кичкина қадамлардан бошланади” дейишгани бежиз эмас. Мана, секин-аста бу кичик ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда. Фақат бунга ишониш ва олға интилиш керак холос. Қолгани бир гап бўлар. Нима дедингиз?

Ҳозирги ҳолат ©