28 мар. 2013 г.

Муддатидан олдин чиқиш нима дегани?



Ўзбекистон-Ливан ўйинидан сўнг Олимхўжа Бўроновнинг “Муддатидан аввал ЖЧга чиқишимиз мумкин” деган мақоласи эълон қилинди. Ушбу мақолада терма жамоамиз мундиалга ҳаттоки, муддатидан олдин чиқиши мумкин бўлган вариантлар баён этилган. Ҳозир сиз ўқиб турган мазкур мақола билан юқоридаги ўша мақолани ака-ука деб ҳисоблашингиз мумкин, худди мақола муаллифлари каби.

Ушбу мақолани ғалабадан сармастликка, подадан олдин чанг чиқаришга ёки ҳотиржамликка берилишга йўйманг. Шунчаки, сал кўнгилни кенгроқ қилиб, енгилгина ўқинг, тамом. Ҳа, биламан, Қатарни ютсак ҳам чиқа олмаслигимиз мумкин, лекин бу бошқа мавзу. Ҳозир эса фақат муддатидан олдин чиқиш имкониятлари ҳақида гаплашамиз.

Энг аввало “муддатидан олдин чиқиш нима?” деган саволга жавоб берсак. Чунки баъзи мухлислар ҳисоб-китоб қилиб, биз Ж.Кореяни ютсак бўлди, ўшанда фақатгина Ж.Корея-Эрон дуранг ўйнамаса, биз муддатидан олдин чиқарканмиз деб нотўғри ўйлашмоқда. Чунки Ж.Корея ва Эрон сўнги турда баҳс олиб боради. Сўнги турда маълум бўладиган вазият – бу муддатидан олдин чиқиш дегани эмас.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – 11 июнь куни Ж.Кореядаги ўйинда ҳакам финал ҳуштагини чалгандан сўнг, барча футболчиларимиз-у, мураббийларими, делегациямиз аъзолари-ю, мухлислар, шифокорлар-у массажчилар – ҳамма-ҳаммаси майдонга югуриб чиқиб, Шуҳрат Мақсудовни ўртага олишиб, “Андижон полка” рақси билан ЖЧга чиққанимизни байрам қилади дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – худди ўша ҳуштак чалингандан сўнг (ҳакамники албатта), қўшниларимизни безовта қилиб, овозимиз борича бўкириб, ўкириб, яна бир нарсалар қилиб, ЖЧга чиққанлигимиз учун бақириб йиғлаймиз дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – йигитларимизни Ж.Кореядан кутиб олиш учун аэропорт олдига минглаб мухлислар чиқиб, карнай-сурнай, вадаванг-вадаванг қилиб, бир нималар ёзиб ташланган баннерларни кўтариб, “Чилонзор” гул бозоридан махсус ясатилган юзлаб букетларни олиб, ҳамма машҳур санъаткор-у, хонанда-ю, созанда-ю, ҳаммасини обчиқиб, кўчаларга Бразилия фонида расмга тушган йигитларимизни катта баннерларини илиб, кейин эса, футболчиларимизни усти очиқ машина ёки автобусларда Тошкент кўчалари бўйлаб сайр қилидириб олиб ўтиш дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – ўйин якунланиши билан телеканалларимизда ўнлаб махсус кўрсатувлар ташкил қилиб, роликлар тайёрлаб, суҳбатлар уюштириб, Тохир Кападзени чақириб “Колхозча футболнинг ҳосили” ҳақида гаплашиб, “Спорт” телеканали эса, олдиндан кундуз куни ёзиб олган интервьюларини кечқурун “Жонли эфир” ёзуви остида бериб, ҳар бир футболчимиз ҳақида махсус ҳужжатли фильмлар тайёрлаб эфирга узатиш дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – сўнги турдан ўрин олган Қатар билан бўладиган ўйиндан 1 соат олдин ва 1 соат кейин Озодбек Назарбеков бошчилигидаги хонандаларимиз қўшиқ айтиб концерт қилади дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – ўша Қатар билан ўйинга билетлар нархи ҳозиргидан икки баравар қимматроқ бўлиб, Асқар Толибжонов ташкилотчилигида 30 минга яқин билет ҳозиргидек қандайдир 3-4 кунда эмас, қандайдир 3-4 соатда “тўлиқ сотиб бўлинади” дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – Қатар билан сўнги ўйинга исталган таркибни олиб тушиш мумкинлигидан, Гейнрих ҳам майдонга тушиб, натижада Гейнрихни ўйиндан сўнг хурсанд кўрамиз дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – GM Uzbekistan бошлиғини норози қилиб, Миржалол Қосимов ва яна 1-2 та футболчига “Малибу”, қолганларига “Эпика”, заҳирадгиларга эса, “Келинглар, шулар ҳам хафа бўлмасин” деб, “Ласетти” берилади дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – Мурод Ражабов бош ролга Жаҳонгир Позилжоновни чақириб (демак, Жавлон Шодмонов, ҚВЗдаги Отабек, яна анави Хоразмлик бола ҳам аниқ бўлади), футбол ҳақида бир марта кўришга арзигулик биронта фильм ишлайди дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – 12 июндан Ўзбекистондаги барча Тур-агентликларида Бразилияга борадиган чипталар нархи ошиб кетади дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – “Futball Mundial” кўрсатувининг навбатдаги сонида, “ЖЧ дебютанти” рукнида Ўзбекистон терма жамоаси намойиш этилади дегани.

Мана шунақа аломатлар бўлсагина, муддатидан олдин чиқиш ҳисобланади.

Хўш, биз Ж.Кореяда қандай натижа кўрсатсак, ЖЧга муддатидан олдин чиқамиз?

Натижа ўзи 3 хил бўлади, биласиз. Ғалаба, дуранг, мағлубият.

Мағлубият бўлса, биз муддатидан олдин чиқа олмаймиз, ҳар қанақасига.

ДУРАНГ
Муддатидан олдин чиқишимиз учун ғалаба қозонишмиз шарт эмас. Дуранг ҳам кифоя. Фақат бунда бизга яхшигина омад кулиб боқиши ҳам керак.

Ушбу вариантда воқеалар ривожи қуйидагича кўриниш олади:

8-тур. 4 июнь.
Ливан – Ж.Корея — фарқи йўқ, келинг биз Ж.Корея ютади деб ҳисоблаймиз.
Қатар – Эрон — дуранг

Гуруҳдаги вазият:
Ж.Корея –13
Ўзбекистон – 11
Эрон – 8
Қатар – 8
Ливан – 4

9-тур. 11 июнь.
Ж.Корея – Ўзбекистон — дуранг
Эрон – Ливан — Ливан ютади

Гуруҳдаги вазият:
Ж.Корея – 14
Ўзбекистон – 12
Эрон – 8
Қатар – 8
Ливан –7

Кўриб турганингиздек, Ўзбекистон муддатидан олдин, Ж.Кореяда дуранг ўйнаб ҳам, ЖЧ йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу назарияда фақат битта сенсация бўлади холос, яъни Ливан Эронни Озодийда ютиши керак. Қолгани ҳақиқатга яқин. Умуман олганда барчасидан умидини узган ва ўзининг энг охирги ўйинини ўтказаётган Ливан ҳар қандай босимдан ҳоли тарзда, мухлислари учун ўйнаб, ютиб қўйиши ҳам мумкин-ку...

ҒАЛАБА
Дуранг билан чиқиб бўлган жойда, ғалаба билан ҳам бемалол муддатидан олдин чиқа оламиз. Фақат бунда қуйидаги 4 та вариантдан исталган бири бўлиши керак.
1.    Қатар ўз уйида Эронни ютиши керак;
2.    Ливан ўз уйида Ж.Кореяни ютиши керак;
3.    Ливан Эронни ютиши керак;
4.    Эрон иккала ўйинда ҳам дуранг ўйнаши керак.

Юқоридаги 4та вариантдан ИСТАЛГАН бири бўлса ҳам, биз ғалабага эришсак, муддатидан олдин чиқишимиз мумкин.

Муддатидан олдин чиқиш дегани эса, бу – ... (мақолани яна бошидан ўқинг, агар эринмасангиз)

3 комментария:

  1. Maqolaga gap yo'q. Oddiygina yaxwi fikirlar. Buyog'ini esa kuzatib boramiz.

    ОтветитьУдалить
  2. Муддатидан олдин чиқиш дегани 8 миллион фунт соФ маблағ дегани

    ОтветитьУдалить
  3. Maqola yaxshi chiqibdi. Jurnalistikadan ham bor ekanda...

    ОтветитьУдалить