20 авг. 2013 г.

Олий таълим муассаларида 1 сентябрдан тўлов-контракт суммалари ошди



2013/2014 ўқув йили учун Республика олий таълим муассасаларида таълим йуналишлари ва мутахассисликлар бўйича битта талабани бир йиллик ўқитиш қийматига ўзгартириш киритилди. Ушбу ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2013 йил 30 июль куни тасдиқланган.
Ҳозирги ҳолат бўйича энг баланд тўлов-контракт суммаси ҳуқуқ, халқаро муносабатлар, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар йўналишларида бўлиб, мазкур йўналишларнинг бакалавриатурасида тўлов-контракт суммаси 6 млн. 750 минг сўмни, иккинчи таълим ҳамда магистратурасида эса 7 млн. 420 минг сўмни ташкил қилмоқда.
Бакалавриатура бўйича энг кичик сумма 4 млн. 600 минг сўмни, иккинчи таълим ва магистратурада 4 млн. 990 минг сўм қилиб белгиланган.
Эслатиб ўтаман, шартнома асосида таълим олувчи талабалар учун бир қанча имкониятлар мавжуд бўлиб, улардан энг биринчиси таълим кредитидир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт аcосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги 318-сонли қарорига кўра, 2001/2002 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун тижорат банклари томонидан таълим кредитлари бериб борилмоқда. Мазкур қарор матни билан мана бу ерда танишишингиз мумкин. Таълим кредитини қандай олиш бўйича маслаҳатни эса Maslahat.uz сайтидан олишингиз мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси ҳамда “Меҳр нури” жамғармалари 2005 йилдан буён “Таълим грантлари” дастурини эълон қилиб боришади ва унда ғолиб бўлганларнинг шартнома пулини тўлаб беришади. Мазкур грантнинг кредитдан фарқи, тўланган суммани кейинчалик жамғармаларга қайтариш шарт эмас. Ҳозирда мазкур грант навбатдаги ўқув йили учун танловни эълон қилган ҳамда ҳужжатлар 5 сентябргача қабул қилинади. “Таълим грантлари” ҳақида “Меҳр нури” жамғармасининг расмий сайтидан ҳам маълумот олишингиз мумкин. 
Шахсан ўзим, ушбу грант ғолиби бўлганман ва менга 4 йил давомида бакалавр ҳамда 2 йил магистратура босқичида шартнома пулимни тўлаб беришган. Грант ҳақидаги шахсий маслаҳатларимни қуйидаги манзилдан ўқишингиз мумкин. Фақат маълумотлар бироз олдинги, ҳозирда анкетага ҳамда керакли ҳужжатлар рўйхатига баъзи ўзгартиришлар киритилган.


2013/2014 ўқув йили учун Республика олий таълим муассасаларида БАКАЛАВРИАТ таълим йуналишлари бўйича битта талабани бир йиллик ўқитиш қиймати (сўмда)

Ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогик фанлар, жумладан касбий таълим
4 млн 600 минг
Гуманитар фанлар
Ҳаёт ҳақидаги фанлар, табиий фанлар
Математика ва статистика, амалий математика ва информатика
Ижтимоий ва аҳлоқий фанлар
Муҳандислик ва муҳандислик иши, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш тармоқлари
Қишлоқ ва сув хўжалиги
Ижтимоий таъминот
Спорт фаолияти
Атроф муҳит муҳофазаси, ҳаётий фаолият хавфсизлиги
Шарқ филологияси, туркий тиллар филологияси, роман-герман филологияси
5 миллион
Журналистика ва ахборот
Ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги
Қурилиш
Хизмат кўрсатиш соҳаси
Транспорт
Санъат
5 млн 400 минг
Архитектура
Иқтисодиёт ва бизнес
6 млн 050 минг
Соғлиқни сақлаш
Халқаро муносабатлар
6 млн 750 минг
Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар
Ҳуқуқ


2013/2014 ўқув йили учун Республика олий таълим муассасаларида МАГИСТРАТУРА таълим йуналишлари бўйича битта талабани бир йиллик ўқитиш қиймати (сўмда)

Ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогик фанлар, жумладан касбий таълим
4 млн 990 минг
Гуманитар фанлар
Ҳаёт ҳақидаги фанлар, табиий фанлар
Математика ва статистика, амалий математика ва информатика
Ижтимоий ва аҳлоқий фанлар
Муҳандислик ва муҳандислик иши, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш тармоқлари
Қишлоқ ва сув хўжалиги
Ижтимоий таъминот
Спорт фаолияти
Атроф муҳит муҳофазаси, ҳаётий фаолият хавфсизлиги
Шарқ филологияси, туркий тиллар филологияси, роман-герман филологияси
5 млн 480 минг
Журналистика ва ахборот
Ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги
Қурилиш
Хизмат кўрсатиш соҳаси
Транспорт
Санъат
5 млн 970 минг
Архитектура
Иқтисодиёт ва бизнес
6 млн 640 минг
Соғлиқни сақлаш
Халқаро муносабатлар
7 млн 420 минг
Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар
Ҳуқуқ

Мазкур ўзгаришлар жорий йилнинг 1 сентябридан амалга киритилади.

6 авг. 2013 г.

Кириллдан лотинга (лотин>кирилл) ўгирувчи макроснинг хатолари тўғриланди



Куни кеча блогимда кириллдан лотинга (ёки аксинча) ўгирувчи макрос ва уни қандай ўрнатиш ҳақида ёзгандим. Ўша блогпостда макроснинг хатоларини ҳам бирма-бир кўрсатиб ўтгандим. Кўпчиликда бу қизиқиш уйғотганини ҳисобга олиб, ушбу макроснинг хатоларини тўғрилаш ва бундан фойдаланувчиларга қулайлик уйғотиш лозимлиги ҳақида ўйлаб қолдим. Компьютер дастурларига, боз устига имло билан боғлиқ лойиҳаларга қизиқишим туфайли мазкур масалани ижобий ҳал этиш учун уруниб кўрдим. Менимча, баъзи натижалар пайдо бўлди. Ҳозирда макросдаги қуйидаги хатоликларни бартараф этдим, текшириб кўришингиз мумкин. Хатоларни қандай бартараф этганлигим ҳақида ҳам тўхталдим, сабабики, худди шундай аналог дастурларда ҳам шунга ўхшаш хатоликлар бўлса, муаллифлари тўғрилаб қўйиши мумкин. Масалан, alif.uz сайти ёки бошқалар.

Кирилл-лотин макросини юклаб олиш (*.zip форматда, ҳажми 4 кб.)

Кириллдан лотинга:

1. Кирилл ва лотинда ёзилишида фарқ қиладиган сентябрь-sentabr, октябрь-oktabr, бюджет-budjet каби сўзларни энди “sentyabr”, “oktyabr”, “byudjet” деб ўгирмайди, мазкур хатолик тўғриланди.
Муаммони бартараф этиш учун шундай сўзлар рўйхати макросга жойланди.

2. Сўз ўртасида унлидан кейин келган “е” ҳарфи билан боғлиқ муаммо ҳам бартараф этилди. Биламизки, имло қоидаси бўйича, унлидан кейин келган “е” ҳарфи “ye” кўринишида ёзилади. Буни асосан фамилияларда кўришимиз мумкин. Масалан, Атоев-Atoyev, Боқиев-Boqiyev. Илгари макрос шундай кўринишдаги сўзларни Atoev, Boqiev деб ўгирар эди. Ҳозирда имло қоидаси бўйича ўгиради.
Муаммони бартараф этиш учун “ае”, “ее”, “ёе”, “ие”, “ое”, “уе”, “яе”, “юе” каби сўз бирикмалари формулага туширилди.

3. “Ц” ҳарфи билан боғлиқ барча муаммолар бартараф этилди. Эндиликда “ц” ҳарфи кичик ҳарф билан сўз бошида келганда “ts” дея хато ўгирмайди. Яъни “цирк”ни “tsirk” эмас, энди “sirk” ўгиради.
Муаммони бартараф этиш учун “ц” ҳарфи билан бошланувчи сўзлар рўйхати макросга киритилди. Рўйхат билан бу ердан танишишингиз мумкин.

Шунингдек, илгари макрос имло қоидаси бўйича “ц” ҳарфи сўз ўртасида ундош ҳарфдан кейин келганда “ts” дея ўгирар эди. Масалан, акция – aktsiya. Ушбу муаммо ҳам бартараф этилди. Ҳозирда, акция – aksiya дея ўгиради.
Муаммони бартараф этиш учун барча ундош ҳарфлар билан “ц” ҳарфининг бирикмаси формулага туширилди. Масалан, “бц-bs”, “вц-vs”, “гц-gs” ва ҳ.к.

Кўриб турганингиздек, кириллдан лотинга ўгиришда ҳамма хатоликлар тўғриланди.

Лотиндан кириллга:

1. Илгари макрос катта ҳарфлар билан ёзилганда “YU”, “YO”, “YA”, “SH”, “CH” каби ҳарф бирикмаларини “ЙУ”, “ЙО”, “ЙА”, “СҲ” деб ўгирар эди. Масалан, “AQSH”ни “АҚСҲ” каби. Ҳозирда ушбу муаммо бартараф этилди.
Муаммони бартараф этиш учун муаммоли сўз бирикмалари макросга катта ҳарфларда ҳам киритиб чиқилди. Масалан, “SH-Ш”, “CH-Ч” каби.

2. Кирилл ва лотинда ёзилишида фарқ қиладиган сентябрь-sentabr, октябрь-oktabr, бюджет-budjet каби сўзларни энди “сентабр”, “октабр”, “буджет” деб ўгирмайди, мазкур хатолик тўғриланди.
Муаммони бартараф этиш учун шундай сўзлар рўйхати макросга жойланди.

3. “Ц” ҳарфи билан боғлиқ баъзи муаммолар бартараф этилди. Эндиликда “ц” ҳарфи сўз бошида келганда “с” дея хато ўгирмайди. Яъни “Sirk”ни “Сирк” эмас, энди “Цирк” ўгиради. Бу муаммо катта ҳарфлар билан ёзилганда ҳам, кичик ҳарфлар билан ёзилганда ҳам бартараф этилди.
Муаммони бартараф этиш учун “ц” ҳарфи билан бошланувчи сўзлар рўйхати макросга киритилди. Рўйхат билан бу ердан танишишингиз мумкин.

Ҳозирча, лотиндан кириллга ўгиришда 2 та хатолик қолди. Бири сатр бошида келган “Э” ҳарфини “E” деб (“Erkin-Эркин”) ўгириши бўлса, иккинчиси сўз ўртасида келган “ц” ҳарфи билан боғлиқ муаммо. Биринчисини қанақа бартараф этишни билмадимку, лекин иккинчи муаммони ечиш учун ундошдан кейин “ц” ҳарфи келадиган деярли барча сўзлар рўйхатини тузиб чиқдим. Уларни макросга ҳам киритдим, фақат макрос ҳажми 64 кб.дан ошиб кетганлиги сабабли, ишга тушириш имкони бўлмади. Менимча, макрос ҳажми 64 кб.дан кўпайиб кетса, Microsoft Word дастури қабул қилмас экан.

4. Лотин ёзувида "мўътабар", "мўъжиза", "мўжаз", "мўътадил" каби сўзлар ёзилганда "ў" ҳарфидан кейинги айириш белгиси тушиб қолади. Яъни, "mo'tabar", "mo'jiza" каби. Мана шундай сўзлар билан боғлиқ муаммолар ҳам бартараф этилди.
Муаммони бартараф этиш учун шундай сўзлар рўйхати макросга жойланди.


Дастурчи дўстларимиздан илтимос:

Дастурлаш тилини тушунадиган, шу соҳада фаолият олиб бораётган ва инсонлар мушкулини осон қилишни дилига тугиб қўйган дастурчи дўстларимиздан иккита илтимосимиз бор:
1. Мана шу макросларни автоматик усулда Microsoft Word дастурига ўрнатишни имконини қилиб беришса яхши бўлар эди. Масалан, *.exe форматидами ёки бошқача усулдами, шундоқ “Далее” қилиб, осонгина устоновка қилишни имконини яратиб беришса, макросни қандай ўрнатишни расмлар билан тушунтирган мақолани тайёрлашга кетган вақтим ва меҳнатимга ҳам рози бўлар эдим, рости!

2. Лотиндан кириллга ўгиришдаги юқорида келтирилган иккита муаммони бартараф этишда кўмак беришса. Айниқса, “ц” ҳарфи билан боғлиқ. Мен “ц” ҳарфи иштирок этган деярли барча сўзларнинг рўйхатини тузишга ҳаракат қилдим. Ўша сўзларни макросга киритиб, лотиндан кириллга ўгираётганда муаммосиз ўгиришига ёрдам беришса. Юқорида айтганимдек, ўзим ҳам ушбу ишни қилиб кўрдим, фақат файл ҳажми билан боғлиқ муаммога дуч келдим ва уни бартараф этишга дастурий билимларим етмади.

Олдиндан раҳмат!

3 авг. 2013 г.

Кириллдан лотинга (лотин>кирилл) ўгиришнинг энг қулай усули ҳақида

1993 йил 2 сентябрдаги “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганидан хабарингиз бор. Шундан буён юртимизда лотин ва кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифболари амал қила бошлади. Мазкур ҳолат кўпчиликда лотин ёзувидан кирилл ёзувига ёки аксинча кириллдан лотинга ўгирадиган дастурларга эҳтиёж туғилди. Ҳозирда бундай дастурлар сони анча кўпайиб қолди. Лекин шундай бўлсада, баъзи дастурлар “қ”, “ғ”, “ҳ” ҳарфларини ўгиришда камчиликларга эга бўлса, яна баъзи дастурлар интернет сайтларида бўлиб, фақат онлайн ҳолатида ишлаши бироз ноқулайдир. Чунки ҳар доим ҳам интернетга кириш имкони бўлавермайди-ку, тўғрими?
Шунинг учун ўзим бир неча йиллардан буён фойдаланадиган дастурни тавсия қилмоқчиман. Мазкур дастур Ziyouz.com сайти администратори Давронбек Тожиалиев томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у Microsoft Word дастурига ўрнатиладиган макрослардир. Ушбу макроснинг афзаллиги шундаки, Сиз бевосита Word дастурида ишлаш давомида файлнинг ўзида кириллдан лотинга ёки аксинча ўгириш имконига эга бўласиз. Алоҳида “копировать” қилиб, бошқа дастурга “вставить” қилишнинг ҳожати йўқ. Бунинг устига ҳарфларни ўгиришда деярли камчиликлари йўқ. Фақат баъзиларини ҳисобга олмаганда. Камчиликлар ҳақида қуйироқда батафсил ёзаман.
Энди ушбу макросни қандай қилиб Microsoft Word дастурига ўрнатишни тушунтираман. Ziyouz.com форумида Давронбек Тожиалиев ушбу жараённи батафсил суратлар билан тушунтириб ўтган. Мазкур мавзуни мана бу манзилдан кўришингиз мумкин.
Юқоридаги манзилда Microsoft Word дастурининг 2003 йилги версияси учун амал қилади. Ҳозирда кўпчилик Word дастурининг 2007, 2010 йилги версияларини ишлатишини ҳисобга олиб, ушбу версиялар учун ҳам макросни ўрнатишни расмлар билан тушунтиришга ҳаракат қиламан. Чунки 2003 йилги версиядан бироз фарқ қилади.

Ўрнатиш жараёни узундек кўриниши мумкин, аммо шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, бу нари борса 2 дақиқа вақтни олади, холос.

Энг аввало мана бу манзилдан макросларни компьютеримиз хотирасига юклаб оламиз:

Microsoft Word дастурида янги ҳужжат очамиз. Сўнг
Alt+F11
тугмалар комбинациясини босамиз. Шунда мана бундай ойна очилади:

Очилган ойнанинг чап юқори томонидаги “Project” бўлимидан “Normal” деган пунктни белгилаймиз. Шунда ўрнатаётган макросимиз келажакда очиладиган барча файллар учун автоматик ўрнатилади.

Сўнгра юклаб олган макросимизни дастурга боғлаймиз. Бунинг учун
Ctrl+M
тугмалар комбинациясини босамиз. Шунда мана бундай ойна очилади:


Очилган ойна орқали макрослар турган папкани топасиз ва ундаги макросларни белгилаб, “Открыт” тугмасини босасиз. Ҳар бир макросни юклаш учун алоҳида ушбу амалларни бажарасиз.
Иккала макрос юклангандан сўнг мана бундай кўринишга келади:


Сўнгра мазкур ойнани ёпиб, яна Microsoft Word дастурига қайтишимиз керак бўлади. Бунинг учун “File > Close and Return to Microsoft Word” амалларини бажарамиз ёки оддийгина
Alt+Q
тугмалар комбинациясини босамиз.


Word дастурига қайтгач, юқорида турган Меню сатрининг (Строка меню) исталган жойига курсорни олиб борамиз ва сичқончанинг ўнг тугмасини босамиз ҳамда контекст менюсини ҳосил қиламиз (Хуллас, ўзбекча қилиб тушинтирганда, Главная, Вставка, Разметка страницы, Ссылки каби менюларни исталган бирини устида мышкани ўнг кнопкасини босиш керак). Шунда мана бундай контекст меню пайдо бўлади:


Энди шу контекст менюдан “Настройка панели быстрого доступа” буйруғини танлаймиз. Бизга шунда мана бундай ойна очилади:


Энди тепада турган “Выбрат команды из” деган жойни босамиз. Шунда бизга узун рўйхат чиқади.

Пайдо бўлган рўйхатдан “Макросы” деган буйруқни танлаймиз.

Бизга пайдо бўлган ойнанинг чап томонида биз юклаган иккита макрос туради, ўнг томонида тезкор буйруқлар рўйхати бўлади.

Биз макросларни бирма-бир белгилаб, сўнгра уларни “Добавить” қиламиз.

Ана, иккала макрос ҳам юқоридаги тезкор менюдан жой олди. 



Энди уларни ўзимизга қулай қилиб номлаб оламиз ҳамда символини ўзгартирамиз. Бунинг учун макросни белгилаб, пастдаги “Изменить” тугмасини босамиз.

Бизга мана бундай янги ойна очилади:

Бу ойна орқали биз макрослар номини ва символини ўзгартиришимиз мумкин. Мен одатда макросларга “K >> L” ҳамда “L >> K” номларини бераман. Символга эса чапга ҳамда ўнга йўналтирувчи белгиларни танлайман. Буёғи энди ўз дидингизга ва хоҳишингизга боғлиқ. Иккала макросни ҳам ўзгартириб бўлгач, бизда якуний ойна пайдо бўлади:


Ҳамма ишни қилиб бўлдик, энди бемалол “ОК” тугмасини босишингиз мумкин. Шунда бизнинг Microsoft Word дастуримизнинг юқорисида қуйидагича тезкор меню пайдо бўлади:

Ана энди исталган Word файлни очсангиз мана шу менюлар тураверади. Белгилардан ўзингизга керагини (Лотиндан кириллга ёки аксинча) боссангиз, файлдаги матнни тезда ўгириб беради. Текшириб кўришингиз мумкин.

ЭЪТИБОР БЕРИНГ:
Мазкур макрослар файлдаги барча матнни ўгиради. Агарда сизга матннинг ҳаммасини эмас, унда маълум бир қисминигина ўгириш керак бўлса, унда ўша қисмдан нусха олиб, янги файл очиб, ўша янги файл ичида ўгириб олишингиз керак бўлади.

МАКРОСНИНГ КАМЧИЛИКЛАРИ:

Кириллдан лотинга:
1. Кирилл ва лотинда ёзилишида фарқ қиладиган сўзларнигина хато ўгиради. Масалан, сентябрь-sentabr, бюджет-budjet каби сўзларни sentyabr, byudjet деб ўгиради.

2. Сўз ўртасида унлидан кейин келган “е” ҳарфини ҳам нотўғри ўгиради. Биламизки, имло қоидаси бўйича, унлидан кейин келган “е” ҳарфи “ye” кўринишида ёзилади. Буни асосан фамилияларда кўришимиз мумкин. Масалан, Атоев-Atoyev, Боқиев-Boqiyev. Мана шундай кўринишдаги сўзларни Atoev, Baqoev деб ўгиради.

3. “Ц” ҳарфи билан боғлиқ муаммолар бор. “Ц” ҳарфи кичик ҳарф билан сўз бошида келганда “ts” дея хато ўгиради. Масалан, цирк – tsirk. Аслида “sirk” бўлиши керак. Катта ҳарф билан ёзилганда эса муаммо йўқ.
Шунингдек, имло қоидаси бўйича “ц” ҳарфи сўз ўртасида ундош ҳарфдан кейин келганда “ts” эмас, балки “s” бўлиши керак. Масалан, акция – aksiya. Мана шу ҳолатда ҳам макрос нотўғри ўгиради, яъни “aktsiya” деб. Унли ҳарфдан кейин келган “ц” ҳарфини ўгиришда муаммо йўқ.

Лотиндан кириллга:
1. Катта ҳарфлар билан ёзилганда “YU”, “YO”, “YA”, “SH”, “CH” каби ҳарф бирикмаларини “ЙУ”, “ЙО”, “ЙА”, “СҲ” деб ўгиради. Масалан, “AQSH”ни “АҚСҲ” деб ўгиради. Кичик ҳарфлар билан ёзилганда бундай муаммолар йўқ.

2. Кирилл ва лотинда турли хил ёзиладиган сўзларда хато қилади. Ўша юқоридаги sentabr, budjet мисоллари.

3. Сатр бошида келган “Э” ҳарфини “E” деб ўгиради. Масалан, “Erkin-Эркин” сўзини “Еркин” деб ўгиради. Аммо бу фақат сатр бошида келгандагина. Матн ўртасида келганда муаммо йўқ.

4. “Ц” ҳарфи билан боғлиқ муаммолар бор. “Ц” ҳарфи сўз бошида келганда, “С” дея нотўғри ўгиради. Масалан, Sirk – Сирк. Аслида “Цирк” бўлиши керак. Бу хатолар катта ҳарф билан ёзилганда ҳам, кичик ҳарф билан ёзилганда ҳам такрорланади.
Шунингдек, сўз ўртасида унлидан кейин келган барча “ц” ҳарфини “тс” қилиб ўгиради. Масалан, militsiya – милитсия, sivilizatsiya – сивилизатсия.
Ундошдан кейин келган барча “ц” ҳарфини “с” қилиб ўгиради. Масалан, aksiya – аксия.


Мен дуч келганима ва ҳозир эслай олганларим шулар. Менимча, бошқа хатоларга йўл қўймайди. Ушбу хатолар бошқа аналог дастурларга қараганда бир мунча камроқ деб ҳисоблайман.

Ишлатиб кўринг, умид қиламанки, Сизга манзур келади ва ишингизни анча қулай қилади.

Омад!