11 мар. 2013 г.

Миллий хавфсизлик хизмати, Прокуратура ва Ички ишлар органлари терговчилари ҳақида



Яқинда талабаларга “Жиноят процессуал ҳуқуқи” фанидан “Дастлабки терговнинг умумий шартлари” мавзусида дарсга киришдан олдин, қайси жиноятлар ким томонидан тергов қилиниши ҳақида маълумот тайёрлагандим. Ўша маълумотларни блогимга жойлаштиришни маъқул деб топдим.

Ушбу мақола бироз илмийлик касб этиши мумкин. Кўпчилик учун нотаниш атамалар ҳам учраши мумкин. Баъзилар зерикиши, охиригача ўқимаслиги ҳам мумкин. Шунчаки, инсонларда табиатан жиноят ишларни тергов қилиш ва тергов органлари ҳақидаги маълумотларга қизиқиш борлиги сабабли ушбу блогпостни ёзишга қарор қилдим. Имкон қадар содда тилда ёзишга ҳаракат қиламан.

Жиноят-процессуал кодексининг 345-моддасига асосан, барча жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ўтказилиши шарт қилиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикасида фақат 3та орган томонидан дастлабки тергов олиб борилади. Булар:
1)                      Прокуратура терговчилари;
2)                      Ички ишлар органлари терговчилари;
3)                      Миллий хавфсизлик хизмати терговчилари.

Шунингдек, прокурорлар ҳам дастлабки терговни олиб боришлари мумкин (ЖПК 344-модда).

Сизда савол туғилиши мумкин, қайси ҳаракатлар жиноят сифатида эътироф этилади, жиноятлар рўйҳати қаерда берилган деб. Бизда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг Махсус қисмидан ўрин олган 97-302-моддалар жиноятларнинг умумий рўйхатини ташкил этади. Яъни, агарда содир этилган ижтимоий хавфли, қонунга хилоф қилмиш ўша моддалар орасида саналмаган бўлса, демак, у жиноят эмас.


Маълумот учун:
Бугунги кунда, бизда 228 та ижтимоий хавфли қилмиш жиноят ҳисобланади.


Эътиборли томони, юқорида эслатиб ўтган 3та тергов органи барча жиноятлар бўйича ҳам дастлабки терговни олиб боравермайди. Қонунчилик бўйича, уларга жиноятлар бўлиб берилган. Улар фақатгина ўзларига юклатилган жиноятлар бўйича дастлабки терговни олиб бора олишади холос. Фанда ушбу ҳолат “мазмунан терговга тегишлилик” деб номланади.

Қайси органга қайси жиноятлар учун дастлабки терговни олиб бориш ваколати берилганлиги ЖПКнинг 345-моддасида батафсил ёзилган.

Мақоланинг давомини қуйидаги манзилдан ўқишингиз мумкин:

БАТАФСИЛ ЎҚИШ

1 мар. 2013 г.

1 мартдан олий таълим муассаларида тўлов-контракт суммалари ошди



2012/2013 ўқув йили учун Республика олий таълим муассасаларида таълим йуналишлари ва мутахассисликлар бўйича битта талабани бир йиллик ўқитиш қийматига ўзгартириш киритилди. Ушбу ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган.
Унга кўра Олий таълим муассасаларида бакалавриатура, магистратура ва иккинчи таълимда тўлов-контракт суммалари миқдори аввалгисидан таҳминан 10% атрофида қимматлашган.
Ҳозирги ҳолат бўйича энг баланд тўлов-контракт суммаси ҳуқуқ, халқаро муносабатлар, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар йўналишларида бўлиб, мазкур йўналишларнинг бакалавриатурасида тўлов-контракт суммаси 5 млн. 850 минг сўмни, иккинчи таълим ҳамда магистратурасида эса 6 млн. 430 минг сўмни ташкил қилмоқда.
Юқорилиги бўйича кейинги ўринларда иқтисодиёт ва бизнес ҳамда соғлиқни сақлаш йўналишлари турибди. Ушбу йўналишларининг бакалавриатураси 5 млн. 250 минг сўм, иккинчи таълим ва магистратура эса 5 млн. 760 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Бакалавриатура бўйича энг кичик сумма 4 млн. сўмни, иккинчи таълим ва магистратурада 4 млн. 340 минг сўм қилиб белгиланган.

Кўпчиликда олдин тўлов-контракт суммасини тўлаб қўйганлар учун бу янгилик таалуқлими ёки йўқ деган савол туғилиши мумкин. Бу борада шуни айтишим мумкинки, олдинроқ тўлов-контрактни тўлаб қўйганлар ҳам юзага келган фарқни тўлашлари лозим. Фарқ қандай ҳисобланади? Фарқ ошган суммани тенг ярмига бўлган ҳолда ҳисобланади. Масалан, айтайлик, илгари тўлов-шартнома суммаси 3 млн. 600 минг сўм бўлган. Янги қиймат бўйича 4 млн. сўм этиб белгиланган. Демак, 400 минг сўм ошган. Мана шу вазиятда 2012/2013 ўқув йилининг 2-ярми учун яна 200 минг сўм тўланиши керак.



13 янв. 2013 г.

ЎзБлоггерлар эстафетасида иштирок этинг!



Ҳурматли дўстлар!

Хабарингиз борми, йўқми, хуллас, ўзбек тилида блог юритадиганлар ўртасида чемпионат ўтказиш борасида таклиф бергандим.

Ушбу таклиф бўйича бир қанча фикрлар билдирилди. Барча фикрларни ўрганиб чиққан ҳолда, ҳозирча қуйидаги хулосага келдик.

Чемпионатни бошлашдан олдин, тайёргарлик ва ўзига хос машғулот ўтказиш мақсадида дастлабки босқичда “ЎзБлоггерлар эстафетаси” ўтказамиз.

Эстафета қуйидаги кўринишда ўтади:

1.  Дастлаб ушбу лойиҳада қатнашиш истагини билдирган ЎзБлоггерларнинг умумий рўйхатини тузиб оламиз. Лойиҳада ўзбек тилида блог юритадиган барча инсонлар иштирок этиши мумкин.
2.  Танлаб олинган йўналиш бўйича эстафетани кимдир бошлайди ва мақоласининг сўнгида эстафета таёқчасини рўйхатдаги исталган Блоггерга узатади.
Масалан: эстафетани мен бошлаб бераман ва мақолам сўнгида энди навбат Темур Аъзамга дейман. Темур мақола ёзиб, Диёрга навбатни беради, Диёр Муҳримга ва ҳ.к.
3. Эстафета таёқчаси олинган кундан, ўз мақоласини ёзиш учун максимум 4 кун вақт берилади.
4. Энди масаланинг бир томонига диққат қилсак. Иштирокчилар сони кўп бўлишини ижобий таҳмин қилган ҳолда айтиш мумкинки, эстафета узоққа чўзилиб кетади. Яъни, таҳминан 20 киши деб олсак, унда эстафета 2 ойдан кўпроқ вақтга чўзилиб кетиши мумкин. Шу сабабли, Темур Аъзам таклифи билан, иштирокчиларни гуруҳларга бўлиб оламиз. Гуруҳлар 4 ёки 5 кишидан ташкил этилади, бу хоҳловчилар сонига чамбарчас боғлиқ.

Менимча, шу қоидалар ҳозирча етади. Қоидалар кўп мураккаб бўлиши ҳам маъқул эмас.

Эстафета йўналишини (кенгайтирилган мавзу) кейинроқ эълон қиламиз.

Демак, диққат қилинг, ЎзБлоггерлар эстафетасини очиқ деб эълон қиламан!!!

Унда иштирок этишни хоҳловчилар, қуйидаги усулларда эстафетада қатнашиш истагини билдиришлари мумкин:

1.        Ушбу блог остига - ўз блоглари манзилини ёзган ҳолда;
2.        Facebookда ташкил этилган махус “ЎзБлоггерлар” гуруҳи орқали;
3.        Twitterда мени ментион қилган ҳолда ёки DM хати орқали - @xushnudbek;
4.        Менинг e-mailимга (xushnud_x@mail.ru) мактуб йўллаш орқали.

Қадрли ЎзБлоггерлар, таклифингизни кутамиз!



11 янв. 2013 г.

ЎзБлоггерлар чемпионати (таклиф)



Twitter ижтимоий тармоғида бир “ярамас” одатим бор (чунки бу одатим “timeline шайдолари”га ёқмайди). Яъни маълум бир кунда маълум бир мавзу танлаб, Twitterда ўшани муҳокама қилишни сўрайман. Шундан кейин бошланади, биров у деган, биров бу деган, хуллас тимелине “қайнайди”. Шу кунгача #uzbmusic, #uzbkino, #Hojiboy, #uzbcity, #uzbook, #uz2012, #twiparodiya ва шунга ўхшаш мавзуларда қизғин суҳбат қурдик.
Бугун “Фуқаролик жамияти” журналининг навбатдаги сонини ўқий туриб, унда ёритилган асосий мавзуни Twitterга ҳам кўчиришга аҳд қилдим - #uzbOAV.

Мавзуни муҳокама қила туриб, бир лойиҳа миямга келиб қолди. Юртимизда интернет ривожланиб бормоқда ҳамда ўзбек фойдаланувчилари орасида блог юритадиганлар сони кундан-кунга ортмоқда. Бу борада Муҳрим ўз блогида мақола ёзган ва ЎзБлоггерларнинг кичик сарҳисобини қилган эди.

Блоглар сони кўп, аммо унда ёзилаётган фикрлар кам. Блоггерларга узвийлик етишмайди, стабиллик йўқ. Масалан, мен ҳам ушбу блогни очганимда, дастлаб жавлон уриб фаолият олиб боришга ҳаракат қилдим, лекин кейинчалик азалий одатим – дангасалигим тутиб қолди. Ҳозир блогимда фикрлар кам, деярли йўқ.

Вой, чалғиб кетибман, хуллас, лойиҳа ҳақида. Лойиҳанинг асосий мазмуни шундан иборатки, ЎзБлоггерлар орасида танлов/чемпионат/лига ўтказсак. Бундан кўзланган асосий мақсад, Блоггерлар фаоллигини ошириш, ўзаро фикр алмашиш, мавзуни муҳокама қилиш, уни ўзига хос услубда ёритиш, эркин фикр билдириш кўникмасини ошириш, Блоггерлар орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ва яна шунга ўхшаган олди-қочди мақсадлар :)

Энди конкрет таклиф, механизм ҳақида қисқача (бу менинг таклифим холос):

1.  Танловни узвийликда олиб бориш мақсадида бир марталик танлов эмас, узоқроқ давом этадиган чепионат/лига шаклида ташкил қилиш керак.

2.  Чемпионат/лига қуйидаги кўринишда ўтади:
a) Дастлаб, танловда қатнашиш хоҳишини билдирган блоггерлар рўйҳатдан ўтказилади ва умумий турнир жадвали таркибига киритилади.
b)            Чемпионат/лига маълум бир турдан иборат бўлади (5, 7, 10, 15, 20)
c)  Ҳар бир тур маълум бир даврга (ҳафта/10 кун/ой) тўғри келади.
d) Ҳар турда барча учун ягона мавзу танлаб олинади.
e) Блоггерлар ушбу мавзу бўйича ўз блогларида блогпост ёзади. Блогпост исталган жанрда, исталган услубда (масалан, фақат расмли), исталган ҳажмда ёзилиши мумкин.
f) Блогпостда танқид, таҳлил, таклиф кабилардан ўрин ажратилиши мақсадга ўта мувофиқ!
g) Турлар тугагандан сўнг, ушбу мавзуга даҳлдор барча мақолалар интернетда овозга қўйилади ва умумий рейтинг шакллантирилади (шу жойда қанақа балл беришни ўйлаб кўриш керак).
h) Барча турлар якунлангандан сўнг ғолиблар рейтинг жадвали бўйича аниқланади.

Овозга қандай қўйилади?
1.  Имкони борича ушбу чемпионат/лига интернет ОАВларида, ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб борилишини таъминлаш керак. Бунда бизга Kun.uz, Muloqot.uz, Gazeta.uz, Olam.uz, Uff.uz, Stadion.uz каби оммабоп сайтлар ёрдам берса яхши бўлар эди.
2. Шунингдек, Facebook, Twitter каби ижтимоий тармоқларда барчамиз тарғиб қилишимиз керак (балким алоҳида гуруҳлар очилар).
3.  Овозга қўйиш ҳам балким айнан ўша ижтимоий тармоқларда олиб борилар. Facebook’да – like, Twitter’да – RТ ҳисобига.

Ҳозирча шулар, бу ўта хомаки вариант. Калламга келганини таҳрирламасдан Wordга туширдим. Албатта бу лойиҳани такомиллаштириш борасида сизнинг таклиф ва мулоҳазаларингиз зарур бўлади. Балки, бу ҳақида Блогингизда пост қолдирарсиз :) 1-турга тайёргарлик сифатида!

Фикрларингизни кутаман.

P/S: Лойиҳани ёзаётган вақтимда яна бир фикр келиб қолди, яъни қатнашмоқчи бўлган блоггерларни рўйҳатини йиғиб, қуръа ташлаб, pley-off шаклида ҳам ўтказса бўлади. Масалан, Темур Аъзамга қарши Муҳрим! 2 та мақола, 2 та иштирокчи. Овозга қўямиз – битта ғолиб!