20 июл. 2013 г.

Дақиқа қадри. Абрамов ва Қосимов даврида.

Изоҳ: Ушбу мақола шунчаки Ўзбекистон терма жамоасининг Саралаш босқичидаги натижаларининг статистикаси холос. Ушбу статистика мураббийларнинг кучли ёки кучсиз эканлигини англатмайди. Дақиқалар ҳеч қачон мураббийнинг кучини ўлчаб берадиган мезон эмаслигини яхши биладиган мухлисларга буни тушунтириш шарт эмас, менимча. Тушунмайдиган мухлислардан эса... Узр сўрайман. Айб менда, демак, яхши тушунтира олмабман.

ЖЧ-2014 Саралашининг гуруҳ босқичлари якунлангач, мазкур турнирда Ўзбекистон терма жамоасининг иштироки ҳақида шу даражада кўп маротаба фикр-мулоҳазалар, мақолалар ёзилдики, бу мавзунинг қўл урадиган, ёритадиган жойини ўзи қолмади. Асосий таҳлилий, танқидий мақолалар Стадион.Уз сайтида эълон қилинди. Бошқа сайтлар ҳам қўл қовуштириб тургани йўқ албатта. Менимча, мавжуд ҳолат батафсил, атрофлича муҳокама қилинди. Кимдир айбни мураббийда деди, кимдир унга қарши чиқди. Қарши чиққанларга раддия билан қарши чиқишувди, эртаси куни қарабсизки, қарши чиққанларга қарши чиққанлар фикрига қарши чиқишиб яна битта раддия пайдо бўлди. Хуллас, қий-чув, ур-тўполон кўп бўлди. Футбол атрофида ҳам, футболдан ташқарида ҳам.

Майли, мен бу борада кимнидир ёнини олмайман. Мен бетараф. “Қосимов кутилган натижа кўрсата олмади, кетсин” дегувчилардан ҳам, “Қосимов зўр акахон, қолсин” дегувчилардан ҳам эмасман. Мен бир оддий мухлис: ютсак қувониб, ютқазсак ғам чекувчи, оддий футбол мухлисиман холос.

Аммо... Аммо ҳозирги мақолам терма жамоамизнинг Саралаш ўйинларида кўрсатган натижаларига бағишланади. Ҳамма голларни ҳисоблади, ғалаба-ю, очколарни байроқ қилиб кўтариб чопишди. Рекорд очко олдик дейишди ва ҳ.к. Мен эса бошқа томонига эътибор қилмоқчиман. Лаҳзаларга!

Юқорида айтгандим-а: мен бир оддий мухлис, ғалаба ва мағлубиятни турлича ҳазм қиладиган деб? Ана шу мезондан келиб чиқиб, оддий мухлис сифатида неча дақиқа хурсандчилик нашидасини тортганман-у, неча дақиқа ғамгин ҳолатда бўлганман, шуни бир ҳисоблаб чиқай дедим. Ҳа-я, олдиндан айтиб қўяй, буларни ҳисоблашим учун нари борса 10 дақиқа вақтим кетди. Қиладиган ишинг йўқми бошқа, дейдиган мухлисларни кўп кўрганмизда, шунинг учун айтдим, қўйдим, холос.

Хуллас, диққат қилинг. Ўзбекистон терма жамоаси 2-босқични ҳисобга олмаганда, 3 ва 4-босқичларда жами 14 та ўйинда майдонга тушди. Шундан 7 та ўйинда Вадим Абрамов бош мураббий сифатида жамоани бошқарган бўлса, 7 та ўйинда Миржалол Қосимов Ватанимиз жамоасини олға бошлади.

Энди дақиқаларга келсак. Терма жамоа Саралаш босқичида неча дақиқа дуранг ўйнаган, неча дақиқа ғалаба қозониб турган ва неча дақиқа мағлубият аламини тортишган. Ўйинларга турли хил миқдорда қўшимча вақтлар қўшиб берилганлигини ҳисобга олиб, ҳамма ўйинни яхлит 90 дақиқа деб оламиз. Шунда осонроқ бўлади.

Натижалар қуйидагича:
Ўзбекистон терма жамоаси 14 та ўйинда:
Ғалаба         — 466 дақиқа
Дуранг        — 721 дақиқа
Мағлубият  — 74 дақиқа

Вадим Абрамов бош мураббийлигидаги 7 та ўйинда натижалар қуйидагича:
Ғалаба         — 272 дақиқа
Дуранг        — 358 дақиқа
Мағлубият  — 1 дақиқа (балки 1 дақиқа ҳам эмасдир, Эрон билан қўшиб берилган дақиқаларда гол ўтказгандик ёдингизда бўлса)

Вадим Абрамов бошчилигида терма жамоа 1 дақиқадан кўп вақт ичида майдонда бошини эгиб ҳаракат қилмаган экан.

Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги 7 та ўйинда натижалар қуйидагича:
Ғалаба         — 194 дақиқа
Дуранг        — 363 дақиқа
Мағлубият  — 73 дақиқа

Хуллас, биз сўнги саралаш босқичида кўпроқ асабийлашганмиз. Юракни кўпроқ ҳовучлаганмиз.
Юқоридаги рақамлар қаердан пайдо бўлгани Сизга янада тушунарли бўлиши учун қуйида батафсил жадвални тақдим этаман:

Вадим Абрамов қўл остидаги ўйинлар:

Босқич / Тур / Сана
Рақиб / Ҳисоб
Гол урилган дақиқалар
Жами
3-босқич
1-тур. 02.09.2011
Тожикистон
1-0
72
Ғалаба – 18;
Дуранг – 72;
Мағлуб – 0.
3-босқич
2-тур. 06.09.2011
Япония
1-1
Ўзб – 8;
Япон – 65
Ғалаба – 57;
Дуранг – 33;
Мағлуб – 0.
3-босқич
3-тур. 11.10.2011
КХДР
1-0
26
Ғалаба – 64;
Дуранг – 26;
Мағлуб – 0.
3-босқич 4-тур. 11.11.2011
КХДР
1-0
48
Ғалаба – 42;
Дуранг – 48;
Мағлуб – 0.
3-босқич 5-тур. 15.11.2011
Тожикистон
3-0
35, 60, 70
Ғалаба – 55;
Дуранг – 35;
Мағлуб – 0.
3-босқич 6-тур. 29.02.2012
Япония
1-0
54
Ғалаба – 36;
Дуранг – 54;
Мағлуб – 0.
4-босқич.
1-тур. 03.06.2012
Эрон
0-1
90+3
Ғалаба – 0;
Дуранг – 90;
Мағлуб – 1.

Миржалол Қосимов қўл остидаги ўйинлар:

Босқич / Тур / Сана
Рақиб / Ҳисоб
Гол урилган дақиқалар
Жами
4-босқич.
2-тур. 08.06.2012
Ливан
1-1
Ўзб - 12
Ливан - 34
Ғалаба – 22;
Дуранг – 68;
Мағлуб – 0.
4-босқич.
3-тур. 11.09.2012
Ж.Корея
2-2
Ўзб - 13, 59
Ж.К. - 44, 57
Ғалаба – 31;
Дуранг – 57;
Мағлуб – 2.
4-босқич.
4-тур. 16.10.2012
Қатар
0-1
13
Ғалаба – 77;
Дуранг – 13;
Мағлуб – 0.
4-босқич.
5-тур. 14.11.2012
Эрон
0-1
71
Ғалаба – 19;
Дуранг – 71;
Мағлуб – 0.
4-босқич.
6-тур. 26.03.2013
Ливан
1-0
63
Ғалаба – 27;
Дуранг – 63;
Мағлуб – 0.
4-босқич.
7-тур. 11.06.2013
Ж.Корея
1-0
43
Ғалаба – 0;
Дуранг – 43;
Мағлуб – 47.
4-босқич.
8-тур. 18.06.2013
Қатар
5-1
Ўзб - 61, 72, 74, 87, 90+1
Қатар - 37
Ғалаба – 18;
Дуранг – 48;
Мағлуб – 24.


Мана натижаларимизнинг рақамларда кўриниши шунақа бўлган экан. Хулоса ўзингиздан. Мен бетараф. Кимнидир ёнини олишдан, кимнидир танқид қилишдан йироқман. Мақсадим мураббийлар кучини ўлчаш эмас. Шунчаки, қизиқ маълумотни Сизларга етказсам дегандим. Мен бир оддий мухлис: ютсак қувониб, ютқазсак ғам чекувчи, оддий футбол мухлисиман холос.

Абитуриентлар ўзлари ҳақида интернетдан маълумот олишлари мумкин

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат тест марказининг расмий сайтида янги интерактив хизмат ишга тушди.

Ушбу хизмат ОТМларга ҳужжат топширган абитуриентлар ҳақида маълумот беришга мўлжалланган. Бунинг учун Давлат тест маркази расмий сайтининг “ABITURIYENTINFO” деб номланган махсус саҳифасига ташриф буюриш кифоя.


Саҳифага кирсангиз, қуйидаги махсус шакл намоён бўлади:
 

Бунда абитуриент ўзи танлаган ОТМни танлаб, сўнгра қуйидаги шахсий маълумотларини киритиши лозим:
1. Фамилияси
2. Исми
3. Отасининг исми
4. Паспорт серияси
5. Паспорт рақами
6. Туғилган санаси

Эътибор беринг! Маълумотлар фақат лотин алифбосида ҳамда катта ҳарфларда ёзилиши лозим.

Барча маълумотларни киритиб бўлгач, ОК тугмасини босилгач, экранда абитуриент ҳақидаги қуйидаги маълумотлар пайдо бўлади:
1. ОТМ
2. Таълим тури
3. Талим тили
4. Тест коди
5. Чет тили (менимча, бу ерда чет тилидан мақсадли таълим ҳақидаги тавсиянома бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот)
6. Йўналиши
7. Ҳарбий имтиёзи
8. Ижодий имтиҳони
9. Махсус коди

Маълумот ўрнида айтишим мумкинки, ушбу интерактив хизматнинг жуда катта фойдаси бўлиб, бу энг аввало абитуриентда ҳужжатлари тўғри қабул қилинганлиги ҳақида ўзида ишонч уйғотиши учун зарур. Чунки ўтган йиллардаги амалиётда баъзан ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида абитуриент билан боғлиқ маълумотларнинг нотўғри киритилганлиги ёки бутунлай бошқа йўналишга ҳужжатлар қабул қилинганлиги каби ҳолатлар ҳам учраган эди. Мана шундай техник хатоликларнинг олдини олиш ва хатоликларни вақтлироқ аниқлаб, ўз вақтида тўғрилаш учун ушбу янги интерактив хизматнинг ўрни катта бўлади деб ўйлайман.

Яна шуни эслатиб ўтмоқчи эдимки, Давлат тест маркази расмий сайтида бугунги кунгача абитуриентлар билан боғлиқ бошқа интерактив хизматлар ҳам фаолият юритаётган эди. Масалан, “ABITURIYENT 2013” саҳифаси орқали қайси ОТМга нечта абитуриент қабул қилинганлигини онлайн кўриш мумкин бўлса, “2012-2013 ўқув йили учун ўртачаўтиш баллари” саҳифасида ўтган йили қайси ОТМда ўтиш балли қанақа бўлганлиги ҳақида маълумот олиш мумкин. Шунингдек, “ONLINE TEST” саҳифаси орқали абитуриентлар ўз билимларини синаб кўриш имкониятига эга бўладилар.

15 июл. 2013 г.

РАСМИЙ: Магистратурага чет тилидан ҳам имтиҳон қўшилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 июлдаги 199-сонли қарорига асосан Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2012 йил 24 июлдаги ПФ-4456 сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2012 йил 10 декабрдаги ПҚ-1875-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек магистратурада тайёрланадиган кадрларнинг илмий салоҳияти ошириш, магистратурага илмий фаолият юритиш қобилиятига эга бўлган ва чет тилларини чуқур биладиган абитуриентларни қабул қилишни таъминлаш мақсадида бир қатор ўзгартиришлар киритилган.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори билан тасдиланган Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди (янги қоидалар қорайтириб берилган):

14. Магистратурага кириш синови умумий баллари қуйидагилардан ташкил топади:
магистратурага киришда танлаган мутахассислик бўйича билим даражасини белгиловчи махсус фанлардан синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 100 баллгачани ташкил этади);
Чет тили (хорижий филология, хорижий тил ва адабиёти таълим йўналишлари базасидаги мутахассисликлар учун иккинчи чет тили) бўйича синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 50 баллгачани ташкил этади).
демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти асослари бўйича синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 50 баллгачани ташкил этади).
Олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи (ўзлаштириш тегишли равишда 55 баллдан 100 баллгача бўлган диапазонда ифодаланади) аниқланади.
Халқаро (TOEFL бўйича камида 58 ёки IELTS бўйича камида 5 балл) сертификат тақдим этганларга чет тилидан 50 балл қўйилади ва улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди.
Магистратурага ўқишга киришда энг кўп тўпланиши мумкин бўлган (максимал) балл — 300 ни ташкил этади.

25. Магистратурага ҳар бир кириш синови учун белгиланган максималл баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаганлар навбатдаги кириш синовига киритилмайди ҳамда магистратурага қабул қилинмайди.

13 июл. 2013 г.

Тестда қайси фанга неча балл берилади? (тўлиқ рўйхат)

Кўпчилик абитуриентларни қизиқтирадиган асосий саволлардан бири, бу ўзи танлаган ва ҳужжат топширган таълим йўналишида қайси фанлардан имтиҳон бўлади ҳамда қайси бирига неча балл берилишидир. Улар юқоридаги асосларга қараб тайёргарликка кучларини тақсимлашади.
Абитуриентларга қулайлик туғдириш мақсадида барча йўналишлар бўйича фан блоклари ҳамда уларга бериладиган баллар рўйхатини тақдим этишга қарор қилдим.



ТАТУга кириш имтиҳонларида 4-фанга неча балл берилади? (ҳуқуқий саволларга жавоблар-3)

Савол: Мен ушбу йили Тошкент ахборот технологиялари университетига ҳужжат топширмоқчиман. Эшитишимча, мазкур университетга 4-блок сифатида чет тили ҳам қўшилган эмиш. Шу гапда қанчалик жон бор. Агар инглиз тили қўшилган бўлса, унда баҳолаш қандай бўлади. Қайси фанга неча балл берилади.

Жавоб: Ҳа, Тошкент ахборот технологиялари университетининг барча йўналишларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 26 мартдаги ПҚ-1942-сонли қарорига асосан “Чет тили” фанидан ҳам имтиҳон бўлиши белгиланган. Натижада абитуриентлар 4 та фан блоки бўйича имтиҳон топширади: математика, физика, она тили ва адабиёти ҳамда чет тили.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2013 йил 1 июлдаги 225-сонли буйруғи билан 2013/2014 ўқув йили учун “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари таълим йўналишлари рўйхати ва тест бўйича уларга мувофиқ келувчи фанлар мажмуаси” тасдиқланди. Ушбу буйруққа асосан, Тошкент ахборот технологиялари университетида 4 та фан блоки бўйича тест синовлари ўтказиладиган йўналишларда қуйидагича баллар тақсимоти белгилаб берилди:
Математика фанидан (жами 36 та савол) 1 та тўғри жавоб учун  - 3,1 балл;
Физика фанидан (жами 36 та савол) 1 та тўғри жавоб учун  - 2,1 балл;
Она тили ва адабиёти фанидан (жами 18 та савол) 1 та тўғри жавоб учун  - 1,1 балл;
Чет тили фанидан (жами 18 та савол) 1 та тўғри жавоб учун  - 1,1 балл.
Кўриб турганингиздек, гарчи 4-фан блоки қўшилган бўлса-да, лекин саволлар сони ҳам, умумий баллар миқдори ўзгаришсиз қолган. Шунчаки, 2 та фан блокида саволлар сони 18 тадан бўлиши белгилаб берилган холос.
Шунингдек, яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ТАТУнинг барча йўналишларида ҳам 4 та фан блоки бўйича имтиҳон бўлиб ўтмайди. Чунки 2 та йўналишда, яъни “5350300‑Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида иқтисодиёт ва менежмент” ҳамда “5350600‑Ахборотлаштириш ва кутубхонашунослик” йўналишларида илгари ҳам чет тилидан имтиҳон бўлар эди. Шу сабабли мазкур йўналишларга бу қоида таълуқли эмас.
4 та фан блоки бўйича қуйидаги йўналишлар имтиҳон топширади:

1. 5330500‑Компьютер инжиниринги (“Компьютер инжиниринги”, “АТ-Сервис”, “Ахборот хавфсизлиги”, “Мультимедиа технологиялари”)
2. 5330501‑Компьютер инжиниринги (“Компьютер инжиниринги”, “АТ-Сервис”)
3. 5330600‑Дастурий инжиниринг
4. 5350100‑Телекоммуникация технологиялари (“Телекоммуникациялар”, “Телерадиоэшиттириш”, “Мобиль тизимлар”)
5. 5350101‑Телекоммуникация технологиялари (“Телекоммуникациялар”)
6. 5350200‑Телевизион технологиялар (“Аудиовизуал технологиялар”, “Телестудия  тизимлари ва иловалари”)
7. 5350400‑Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида касб таълими
8. 5350500‑Почта алоқаси технологияси


Савол: Мен яқинда оилавий шароитим туфайли ўзим ишлаб турган ташкилотдан ишдан бўшадим. Аммо ушбу ташкилот менга икки ой қолиб кетган маошимни бермади. Бу қонунга зид эмасми?

Жавоб: Ташкилот маъмуриятининг қилган хатти-ҳаракати қонунга зид. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари берилган бўлиб, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларнинг айрим тоифалари учун алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин.
Ҳақ тўланадиган кун дам олиш куни ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, меҳнат ҳақи шу кун арафасида тўланади.
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли барча суммаларни тўлаш ушбу Кодекснинг 110-моддасига мувофиқ равишда амалга оширилади.
Жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкин.


Савол: Мен турмуш ўртоғимдан ажрашмоқчи эдим. Қандай ҳолларда фақат эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилиши мумкин?

Жавоб: Ушбу масала ҳақида Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 43-моддасида сўз боради. Унга кўра агар эр-хотиндан бири:
суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;
суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;
содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.
Агар болалар ҳақида, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, улар никоҳдан суд тартибида ажратилади.


Савол: Яқинда иш юзасидан “хизмат турар жойлари” деган атамага дуч келдим. Айтингчи, “хизмат турар жойлари” дейилганда нимани тушунишимиз керак?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Уй–жой кодексининг 75-моддасида бу ҳақида сўз боради. Ушбу моддага асосан, хусусий, муниципал, идоравий уй-жой фонди ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларида жойлашган, ўз меҳнат муносабатлари хусусиятига кўра иш жойига бевосита яқин ерда яшаши керак бўлган фуқаролар кўчиб киришига мўлжалланган турар жойлар хизмат турар жойлари деб ҳисобланади.
Сайлаб қўйиладиган лавозимларни эгаллаб турган, меҳнат шартномалари бўйича ишлаётган шахсларга, ҳарбий хизматчиларнинг айрим тоифаларига, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган рўйхатдаги бошқа шахсларга бериладиган турар жойлар ҳам хизмат турар жойларига киритилиши мумкин.
Белгиланган тартибда оилавий болалар уйи ташкил этилганда тарбиясига олинган болалар билан биргаликда яшаши учун тарбиячи – ота-она этиб тайинланган фуқароларга хизмат уйи ёки хизмат квартираси берилади.
Хизмат турар жойларидан ўз мақсадида фойдаланилади.
Хизмат турар жойлари меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатига ёки хизмат даврига, сайлаб қўйиладиган лавозим муддати тугагунга қадар берилади.
Хизмат турар жойларини бериш тартиби, шунингдек уларни олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар тоифалари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.




Худайбердиев Хушнуд
Ушбу савол-жавоблар “Парвона” газетасида чоп этилган