29 авг. 2013 г.

1 сентябрь соат 14:00 да #uzb22 хештэгини трендга чиқаришга ҳаракат қиламиз


Гап Твиттер ижтимоий тармоғи ҳақида кетмоқда. Билсангиз керак.

Хўш, аввало тренд нима ўзи?

Твиттер Тренди – жаҳон миқёсида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулар ўнглиги бўлиб, муҳокаманинг қанчалик кенг ва узоқ давом этаётганига қараб, ҳар дақиқа, ҳар соатда ўзгариб туриши мумкин. Бундан ташқари, Твиттерда 30дан ортиқ мамлакатларнинг алоҳида трендлар рўйхати бўлиб, унда ўша мамлакат фойдаланувчилари томонидан энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулар ўнлиги чиқиб туради. (Кун.уз таърифи)

Илгари ҳам Твиттерда рўйхатдан ўтган ўзбек фойдаланувчилари баъзи хештэгларни трендга чиқаришга уруниб кўришган. Ёппасига илк марта трендга чиқишга уриниш 2011 йил Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги муносабати билан #uzb20 хештэги билан содир бўлганди. Бу ҳақида Газета.уз сайти ҳам хабар қилганди. Аммо ўша йили трендга чиқишни уддалай олмаганмиз.

Кейинги йил #uzb21 учун ҳаракат қилдик. Бу ҳақида ҳам электрон ОАВлар хабар қолдиришди. Масалан, яна ўша Газета.уз ёки Кун.уз.

2011 йилги муваффақиятсизликдан тўғри хулоса чиқарилиб, шунингдек, бир йил ичида Твиттерга аъзолар сонининг ошганини ҳисобга олиб, 2012 йилда #uzb21 хештэгини трендга чиқаришга муваффақ бўлдик. Бу ҳақида Газета.уз,   Кун.Уз сайтлари ҳам хабар қилишганди.

Ўшанда #uzb21 ни трендга чиққанлигини тасдиқловчи бир қанча скриншотлар ҳам Твиттер тармоғида қолдирилган эди.




Твиттердаги машҳур микроблоггерлардан бири #AzamatMurodov трендга чиқишда ким қандай ҳисса қўшганлиги ҳақида http://www.tweetarchivist.com/ сайти маълумоти асосида статистик хабар ҳам қолдирган эди.




Хуллас, ўтган йили уддалаганмиз. Эслатиб ўтаман, ўтган йили дастлаб 31 август куни ўша ишни қилмоқчи бўлганмиз, аммо эплай олмаганмиз. Кейин 1 сентябрга белгилаб, мақсадга эришганмиз. Шу сабабли ҳам, мазкур йилда айнан 1 сентябрга белгилашга қарор қилдик. Бу ҳақида махсус твит ҳам қолдирдим. Ва мазкур твит ҳозирча 42 марта РТ қилинган.



Трендга чиқиш учун нима қилиш керак?

Энг аввало ёзаётган барча твитларимизга #uzb22 хештэгини қўшиб ёзишимиз керак. Ва умуман трендга чиқиш ҳақида аввалроқ Муҳрим Аъзамхўжаев ўзининг блогида бу ҳақида ёзган эди. Ўқиб олсак, ёмон бўлмасди.

Энди яна қўшимча маслаҳатлар бор эди.

1. Битта твитга бир нечта (айтишларича 3 та бир хил) хештэг ёзиб бўлмайди. Бундай твитлар спам ҳисобланади ва ҳисобга олинмайди. Масалан, мана бундай ёзманг:



2. Агарда Сиз ўша куни Твиттерга телефондан кирсангиз, унда аввалдан тайёр твитларни “Черновик”ка сохранить қилиб қўйинг.  Бу усул вақтдан ютиш учун катта қулайлик беради. Яъни Сиз твит ёзиб ўтирмасдан, шунчаки, ёзилган твитларни “Отправить” қиласиз холос. Эринмасдан 50-100 та твитни сақлаб қўяверинг.

3. TweetDeck дастуридан фойдаланувчилар бир нечта профилларидан бир вақтни ўзида битта твитни юборишлари мумкин. Масалан, мен ҳозирда 5 та профилни активлаштириб қўйдим. Ўзим учун бир марталик профиллар ҳам очволдим. Фақат ўша куни фойдаланилади, кейин ишлатилмайди. Ҳар ҳолда 1 та ёзган твитим 5 та бўлиб кетади. Масалан, мен аллақачон 100 дан ошиқ твитларни тайёрлаб қўйганман. Ўша куни ёзиб ўтирмайман, шунчаки юбораман холос. Агар ўша 100 та твитни  TweetDeckдан жўнатсам, 500 та твит бўлиб кетади. Сиз ҳам шунақа қилишингиз мумкин.

4. Хештэг ҳисобланиши учун фақат твит ёзиш шарт эмас. Балки #uzb22 хештэги қўшилган твитларни РТ (ретвит) қилса ҳам, алоҳида твит каби ҳисобга ўтади. Шунинг учун ёзишга эринганлар, фақат РТ қилиб ўтириш ҳам мумкин.

5. Юқоридаги пунктдан келиб чиқиб, ёзилган твитларда асосан РТ қилишга ундайдиган сўзлар битилгани маъқул. Масалан,


Шунда Сиз нафақат 1 та твит эмас, балки РТ қилинганлар сонича твит ёзганга тенг бўласиз.

6. Электрон ОАВларимиздан яна бир бор мазкур акция ҳақида ёритишларини илтимос қилиб қоламиз.

Ҳозирча шулар. Яна нимадир эсга тушиб қолса, ёзарман.

Барча юртдошларимизга энг улуғ, энг азиз байрамимиз муборак бўлсин!

27 авг. 2013 г.

Спорт журналистлари билан бўлган учрашув ҳақида

Минг марта ўқигандан, бир марта эшитган яхши


26 август куни Чирчиқдаги “Бўстон” санаторийсида “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази томонидан ўтказилаётган медиа-оромгоҳ доирасида юртимиздаги кўзга кўринган спорт журналистлари ҳамда медиа-оромгоҳ иштирокчилари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Дўстона ва кўтаринки руҳда ўтган мазкур учрашувда Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Даврон Файзиев, Норбек Ниёзов, Камолиддин Алимов ва Беҳзод Назаровлар иштирок этишди.
Учрашувдан мақсад нима эканлиги ҳақида ортиқча гапириб ўтирмайман, ҳаммага тушунарли бўлса керак. Ёш журналистлар билан ўз ҳаётий ва касбий тажрибасини ўртоқлашиш, уларга тегишли кўрсатмалар, қимматли маслаҳатлар бериш ва ҳ.к. Тушунарлидир.
Бироқ учрашув оддий мастер-класс ёки журналистика дарсидан фарқли ўлароқ норасмий кўринишда, “дилдан суҳбат” форматида бўлиб ўтди. 3 соатга яқин бўлиб ўтган мазкур учрашувда иштирокчилар фақат журналистика ҳақида эмас, балки ўзларини қизиқтирган шахсий саволлари билан ҳам мурожаат қилишди ҳамда тўлақонли, қизиқарли жавоб олишга муваффақ бўлишди.
Хўп, қуруқ олиб қочмасдан конкрет гапга ўтамиз. Аслида бўлиб ўтган учрашувдаги савол-жавобларни матн кўринишида жойлаш хоҳишим бор эди. Аммо! Аммо иккита сабаб туфайли бундай қилмасликка қарор қилдим. Биринчидан, эриндим. Шунча гапни матнга “таржима” қилиш анча вақтни олади ва бу менга ўхшаган дангаса учун мушкул вазифа.
Иккинчидан, ўзимни замонавий, интернетни яхши биладиган қилиб кўрсатиш ниятида учрашувнинг диктофонга ёзиб олинган вариантини жойлашни афзал билдим. Хуллас, ўзингизни қизиқтирган саволларга жавобларни танлаб, энди ўқишингиз эмас, балки тинглашингиз мумкин. Оригинал овозга нима етсин, а, лаббай?


























23 авг. 2013 г.

Тузатиш: “Таълим грантлари” дастурига 1-курслар ҳам ҳужжат топширса бўлади

Яқинда блогимда ОТМларда 1 сентябрдан тўлов-контракт суммаси ошганлиги ҳақида хабар қолдирган эдим. Ўша хабарга шартнома асосида таҳсил олаётган талабаларга қўшимча енгилликлар ҳақидаги маълумотни ҳам илова қилгандим. Мазкур иловада Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси ҳамда “Меҳр нури” жамғармалари томонидан эълон қилинган “Таълим грантлари” дастури ҳақида ҳам сўз юритилган. Хабарнинг мазкур қисмига, кичик, баъзилар учун эса катта ўзгартириш киритаман:

“Таълим грантлари” дастурига 1-курслар ҳам ҳужжат топширса бўлади!!!

Блогимда эълон қилинган хабарда мазкур йилдан бошлаб “Таълим грантлари” дастури 1-курсларга татбиқ этилмаслиги ҳақида ёзган эдим ва бу кўпчиликда қизиқиш уйғотгани ҳамда мазкур йилда шартнома асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг ҳафсаласини пир қилгани маълум бўлди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Твиттерда дўстимиз Мақсад Зоҳидов таъкидлаганидек, бу хабар “Меҳр нури” жамғармасида норозиликни ҳам уйғотган.
Кеча жамғарма вакили билан бўлиб ўтган суҳбатни батафсил ёзиб ўтирмайман, шунчаки кичкина изоҳ бермоқчи эдимки, мазкур хабарни Фонд Форумнинг расмий сайтидаги мақоладан олган эдим.
Ўзбекча хабардан скриншот
Русча хабардан скриншот

Ҳеч қиси йўқ, асосийси хатолик ўз вақтида тўғриланди. Ҳужжатлар топшириш муддати 5 сентябргача ва умид қиламизки, 1-курсга шартнома асосида қабул қилинган талабалар бемалол ҳужжатларни йиғишга ва топширишга улгуришади.
Демак, шошилинг, имкониятни қўлдан бой берманг!

Гап келганда, грант олиш билан боғлиқ кўпчиликни қизиқтирган баъзи саволларга жавоб бериб кетсам.
“Меҳр нури” жамғармасининг расмий сайтида грантга номзодлар топшириши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати келтирилган. Ундаги баъзи ҳужжатларни мазкур йилда 1-курсга қабул қилинган талабалар топшира олмайди. Ўша ҳужжатлар ўрнига қуйидаги аналогдаги ҳужжатлар топширилиши керак:
1. Талаба олий ўқув юртида таълим олиши ҳақида деканатдан маълумотнома;
Мазкур маълумотнома фақат юқори курс талабаларига берилади. Унинг ўрнига 1-курс талабалари ОТМ қабул комиссиясидан ўзи тўплаган балли ва ўтиш балли кўрсатилган маълумотномани олиши керак.

2. Рейтинг дафтарчаси нусхаси.
Ўз-ўзидан тушунарлики, мазкур ҳужжатни ҳам олиш имконияти йўқ 1-курсларда. Шу сабабли, унинг ўрнига ОТМгача таҳсил олган ўқув муассасаси (мактаб, лицей, коллеж) томонидан берилган диплом ва баҳолар ёзилган иловасининг нусхасини топширишлари лозим.

3. Тавсиянома.
Тавсиянома одатда талаба таҳсил олаётган ОТМ профессор-ўқитувчилари ва раҳбарларидан олинар эди. 1-курсга қабул қилинганлар эса ОТМгача таҳсил олган ўқув муассасаси (мактаб, лицей, коллеж) профессор-ўқитувчилари ва раҳбарларидан олишса жоиз бўлади.

“Таълим гранти”ни олиш бўйича янада тўлиқ маълумотларни “Меҳр нури” жамғармасининг расмий сайтидан ёки 239-27-86, 239-2787 телефон рақамларидан (код: 998 71) олишингиз мумкин.

Барчага омад!