28 мар. 2013 г.

Муддатидан олдин чиқиш нима дегани?



Ўзбекистон-Ливан ўйинидан сўнг Олимхўжа Бўроновнинг “Муддатидан аввал ЖЧга чиқишимиз мумкин” деган мақоласи эълон қилинди. Ушбу мақолада терма жамоамиз мундиалга ҳаттоки, муддатидан олдин чиқиши мумкин бўлган вариантлар баён этилган. Ҳозир сиз ўқиб турган мазкур мақола билан юқоридаги ўша мақолани ака-ука деб ҳисоблашингиз мумкин, худди мақола муаллифлари каби.

Ушбу мақолани ғалабадан сармастликка, подадан олдин чанг чиқаришга ёки ҳотиржамликка берилишга йўйманг. Шунчаки, сал кўнгилни кенгроқ қилиб, енгилгина ўқинг, тамом. Ҳа, биламан, Қатарни ютсак ҳам чиқа олмаслигимиз мумкин, лекин бу бошқа мавзу. Ҳозир эса фақат муддатидан олдин чиқиш имкониятлари ҳақида гаплашамиз.

Энг аввало “муддатидан олдин чиқиш нима?” деган саволга жавоб берсак. Чунки баъзи мухлислар ҳисоб-китоб қилиб, биз Ж.Кореяни ютсак бўлди, ўшанда фақатгина Ж.Корея-Эрон дуранг ўйнамаса, биз муддатидан олдин чиқарканмиз деб нотўғри ўйлашмоқда. Чунки Ж.Корея ва Эрон сўнги турда баҳс олиб боради. Сўнги турда маълум бўладиган вазият – бу муддатидан олдин чиқиш дегани эмас.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – 11 июнь куни Ж.Кореядаги ўйинда ҳакам финал ҳуштагини чалгандан сўнг, барча футболчиларимиз-у, мураббийларими, делегациямиз аъзолари-ю, мухлислар, шифокорлар-у массажчилар – ҳамма-ҳаммаси майдонга югуриб чиқиб, Шуҳрат Мақсудовни ўртага олишиб, “Андижон полка” рақси билан ЖЧга чиққанимизни байрам қилади дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – худди ўша ҳуштак чалингандан сўнг (ҳакамники албатта), қўшниларимизни безовта қилиб, овозимиз борича бўкириб, ўкириб, яна бир нарсалар қилиб, ЖЧга чиққанлигимиз учун бақириб йиғлаймиз дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – йигитларимизни Ж.Кореядан кутиб олиш учун аэропорт олдига минглаб мухлислар чиқиб, карнай-сурнай, вадаванг-вадаванг қилиб, бир нималар ёзиб ташланган баннерларни кўтариб, “Чилонзор” гул бозоридан махсус ясатилган юзлаб букетларни олиб, ҳамма машҳур санъаткор-у, хонанда-ю, созанда-ю, ҳаммасини обчиқиб, кўчаларга Бразилия фонида расмга тушган йигитларимизни катта баннерларини илиб, кейин эса, футболчиларимизни усти очиқ машина ёки автобусларда Тошкент кўчалари бўйлаб сайр қилидириб олиб ўтиш дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – ўйин якунланиши билан телеканалларимизда ўнлаб махсус кўрсатувлар ташкил қилиб, роликлар тайёрлаб, суҳбатлар уюштириб, Тохир Кападзени чақириб “Колхозча футболнинг ҳосили” ҳақида гаплашиб, “Спорт” телеканали эса, олдиндан кундуз куни ёзиб олган интервьюларини кечқурун “Жонли эфир” ёзуви остида бериб, ҳар бир футболчимиз ҳақида махсус ҳужжатли фильмлар тайёрлаб эфирга узатиш дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – сўнги турдан ўрин олган Қатар билан бўладиган ўйиндан 1 соат олдин ва 1 соат кейин Озодбек Назарбеков бошчилигидаги хонандаларимиз қўшиқ айтиб концерт қилади дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – ўша Қатар билан ўйинга билетлар нархи ҳозиргидан икки баравар қимматроқ бўлиб, Асқар Толибжонов ташкилотчилигида 30 минга яқин билет ҳозиргидек қандайдир 3-4 кунда эмас, қандайдир 3-4 соатда “тўлиқ сотиб бўлинади” дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – Қатар билан сўнги ўйинга исталган таркибни олиб тушиш мумкинлигидан, Гейнрих ҳам майдонга тушиб, натижада Гейнрихни ўйиндан сўнг хурсанд кўрамиз дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – GM Uzbekistan бошлиғини норози қилиб, Миржалол Қосимов ва яна 1-2 та футболчига “Малибу”, қолганларига “Эпика”, заҳирадгиларга эса, “Келинглар, шулар ҳам хафа бўлмасин” деб, “Ласетти” берилади дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – Мурод Ражабов бош ролга Жаҳонгир Позилжоновни чақириб (демак, Жавлон Шодмонов, ҚВЗдаги Отабек, яна анави Хоразмлик бола ҳам аниқ бўлади), футбол ҳақида бир марта кўришга арзигулик биронта фильм ишлайди дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – 12 июндан Ўзбекистондаги барча Тур-агентликларида Бразилияга борадиган чипталар нархи ошиб кетади дегани.

Муддатидан олдин чиқиш дегани, бу – “Futball Mundial” кўрсатувининг навбатдаги сонида, “ЖЧ дебютанти” рукнида Ўзбекистон терма жамоаси намойиш этилади дегани.

Мана шунақа аломатлар бўлсагина, муддатидан олдин чиқиш ҳисобланади.

Хўш, биз Ж.Кореяда қандай натижа кўрсатсак, ЖЧга муддатидан олдин чиқамиз?

Натижа ўзи 3 хил бўлади, биласиз. Ғалаба, дуранг, мағлубият.

Мағлубият бўлса, биз муддатидан олдин чиқа олмаймиз, ҳар қанақасига.

ДУРАНГ
Муддатидан олдин чиқишимиз учун ғалаба қозонишмиз шарт эмас. Дуранг ҳам кифоя. Фақат бунда бизга яхшигина омад кулиб боқиши ҳам керак.

Ушбу вариантда воқеалар ривожи қуйидагича кўриниш олади:

8-тур. 4 июнь.
Ливан – Ж.Корея — фарқи йўқ, келинг биз Ж.Корея ютади деб ҳисоблаймиз.
Қатар – Эрон — дуранг

Гуруҳдаги вазият:
Ж.Корея –13
Ўзбекистон – 11
Эрон – 8
Қатар – 8
Ливан – 4

9-тур. 11 июнь.
Ж.Корея – Ўзбекистон — дуранг
Эрон – Ливан — Ливан ютади

Гуруҳдаги вазият:
Ж.Корея – 14
Ўзбекистон – 12
Эрон – 8
Қатар – 8
Ливан –7

Кўриб турганингиздек, Ўзбекистон муддатидан олдин, Ж.Кореяда дуранг ўйнаб ҳам, ЖЧ йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу назарияда фақат битта сенсация бўлади холос, яъни Ливан Эронни Озодийда ютиши керак. Қолгани ҳақиқатга яқин. Умуман олганда барчасидан умидини узган ва ўзининг энг охирги ўйинини ўтказаётган Ливан ҳар қандай босимдан ҳоли тарзда, мухлислари учун ўйнаб, ютиб қўйиши ҳам мумкин-ку...

ҒАЛАБА
Дуранг билан чиқиб бўлган жойда, ғалаба билан ҳам бемалол муддатидан олдин чиқа оламиз. Фақат бунда қуйидаги 4 та вариантдан исталган бири бўлиши керак.
1.    Қатар ўз уйида Эронни ютиши керак;
2.    Ливан ўз уйида Ж.Кореяни ютиши керак;
3.    Ливан Эронни ютиши керак;
4.    Эрон иккала ўйинда ҳам дуранг ўйнаши керак.

Юқоридаги 4та вариантдан ИСТАЛГАН бири бўлса ҳам, биз ғалабага эришсак, муддатидан олдин чиқишимиз мумкин.

Муддатидан олдин чиқиш дегани эса, бу – ... (мақолани яна бошидан ўқинг, агар эринмасангиз)

27 мар. 2013 г.

Натижами ёки ўйин?



Photo: the-uff.com

Мақолани кеча ўйиндан кейин Twitterда ёзган фикрим билан бошламоқчиман:
“1 тийинга қиммат ўйин, лекин жуда қимматли 3 очко билан барчани табриклайман!!! Насиб қилса, ЖЧга албатта борамиз энди!”

Мақола бошланди. Ўйин ҳақида кўп гапирмоқчи эмасман, фақат натижа ҳақида гаплашамиз. Чунки ўйин борасида ёзадиган нарсани ўзи йўқ. Сабаби ўйин йўқ, тамом.

Танқид қиляпман-а? Сиз ҳам балки шу фикрларимга қўшилаётгандирсиз. Балки. Аммо натижа-чи? Натижани танқид қилишга асосимиз борми? Ўйинни расво деганимиз билан, натижа бор-ку. Келинг, аниқ рақамларга қараймиз. Ҳозирги таҳлилимиз, ЖЧ Саралашининг сўнги иккита босқичи асосида ҳисобланган.

Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ Саралашининг сўнги иккита босқичида жами 12 та ўйин ўтказди. 12 та ўйинда бизникилар ҳисобида 8 та ғалаба, 3 та дуранг ва бор-йўғи 1 та дурангли мағлубият (голимиз ҳисобланмаганди Эронга) бор.

12 та ўйинда жами 27 очко тўпладик (ўтган босқичда 16 очко, ҳозир 11 очко). Яъни 36 очколик имкониятдан 27 олдик.

Тўплар нисбатимиз 14-5, яъни +9.

Сўнги 2та босқичда мураббийлар натижалари:
В.Абрамов – 7 та ўйин: 5 ғалаба, 1 дуранг, 1 мағлубият. Тўплар нисбати, 8-2, яъни +6.
М.Қосимов – 5 та ўйин: 3 ғалаба, 2 дуранг. Мағлубият йўқ ҳозирча (бўлмасин ҳам). Тўплар нисбати: 6-3, яъни +3.

Кўриб турибсизки, Абрамов жамоаси камроқ гол ўтказган. Гол уриш бўйича натижа деярли тенг.

Энди бошқа жаомалар билан натижаларимизни солиштирамиз.
Очко йиғиш бўйича, энг яхши натижа бизда. Биздан кейинги натижалар қуйидагича:
ЎЗБЕКИСТОН – 12 ўйиндан 27 очко;
Ж.Корея – 11 ўйинда 23 очко;
Австралия – 11 ўйинда 21 очко;
Япония – 12 ўйинда 23 очко;
Ироқ – 11 ўйинда 20 очко.

Ғалабалар сони бўйича ҳам биз етакчимиз. Бизнинг натижамизни фақатгина Ж.Корея такрорлай олиши мумкин, агарда кейинги турда ғалаба қозонса. Натижалар қуйидагича:
ЎЗБЕКИСТОН – 8 та ғалаба (12 ўйиндан);
Ж.Корея – 7 та ғалаба (11 ўйиндан);
Япония – 7 та ғалаба (12 ўйиндан);
Австралия – 6 та ғалаба (11 ўйиндан).

Мағлубиятлар сони бўйича ҳам, биз энг яхши натижа кўрсатиб турибмиз, Худога шукур. Фақат биздагина ягона мағлубият. Бу борадаги рейтинг:
ЎЗБЕКИСТОН – 1 та (12 ўйиндан);
Ж.Корея – 2 та (11 ўйиндан);
Эрон – 2 та (11 ўйиндан);
Австралия – 2 та (11 ўйиндан).
Қолган жамоаларда 3 ва ундан кўпроқ мағлубият.

Тўплар нисбати бўйичагина, биз юқори ўринларда эмасмиз. Эринмасдан гол урганлар борей! Мунча голни нима қилишаркин, ҳайронман. Нишонлашга ҳам эриниб кетишса керак. Масалан, Япония 28 та гол урган. Ж.Корея эса 25 та. Бу борада энг яхшилар.
Япония - +21;
Ж.Корея - +16;
Эрон - +12;
ЎЗБЕКИСТОН - +9
Ироқ - +9.

Аммо, лекин, бироқ! Бизда энг яхши ҳимоя экан. Ўзбекистон энг кам тўп ўтказган ҳозирча. Тўп ўтказганлик бўйича натижалар қуйидагича:
ЎЗБЕКИСТОН – 5 та
Эрон – 7 та
Япония – 7 та
Ж.Корея – 9 та

Хуллас, натижалар шунақа. Деярли ҳар жабҳада етакчимиз. Нимага ишонишни ҳам билмайсан, кечаги ўйингами ёки натижаларгами? Балки, мен ошириб юбораётгандирман. Ахир Ўзбекистон ҳар доим кечагидек ёмон ўйнаган дея олмаймиз-ку, тўғрими? Ҳар қандай терма жамоада ҳам бироз ўйини қовушмаган вақтлар бўлади-ку, балки бундан ортиқча фожеа ясаш шарт эмасдир?

Биз ҳозир нимага эътироз билдира оламиз?
Ҳимоягами? Ахир ҳимоямиз ҳаммадан яхши эканку! Охирги 3 та ўйинда тўп ўтказмади-ку!

Ҳужумгами? Ахир энг кўп ғалаба бизда экан-ку! Гол урмасдан ғалаба қозониб бўлмайди-ку!

Мураббийгами? Ахир Миржалол Қосимов ҳали ютқазмади-ку! Жамоани гуруҳда 1-ўринга олиб чиқди-ку!

Тактикагами? Жисмоний ҳолатгами? Нима бўлишидан қатъий назар, натижалар бошқа нарсани кўрсатмоқда-ку!

Билетгами? Ох, ох, билетлар... Бошқа мавзуга ўтиб кетиб қолдим, узр.

Буни бир нарсага ўхшатиш мумкин. Баъзан бирон манзилга жуда шошаётганимизда биз ҳаракатланаётган автомобил жуда секин юраётгандек туюлаверади. Аммо бехосдан спидометрга қарасангиз, 120-130 км/с тезликка кўзингиз тушади.

Балки, биз ҳам Бразилия томон жуда шошаётганлигимиз, манзилга яқинлашганимиз сари, ўйинларимиз ҳам ёқмай бораётгандир? Чунки ҳар бир ноаниқ зарба, ҳар бир “ўхшамаган” тўп узатилиши ЖЧда бўлаётгандек тасаввур уйғотиб, “Э, бунақа ўйин билан, ЖЧда расво бўлади-ку” деб ўйлаётганимиз учун, шунақа иллюзия ҳосил қилаётгандир. Балким, балким...

Балким, балким деймиз-у, аммо барибир кечаги ўйин яхшимасда, ўртоқлар...


11 мар. 2013 г.

Юртимиз қонунчилигида нима янгиликлар? (ўтган ҳафта эълон қилинган қонун ҳужжатлари тўплами шарҳи)



Ўтган ҳафта юртимизда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланди ва Миллий қонунчилик базаси – Lex.uz сайтида эълон қилинди.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида қуйида маълумот олишингиз мумкин. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни сақлаб олиш учун устига босинг.


Ушбу Фармонда:
-          Тошкент шаҳрида Халқаро қуёш энергияси инстиутини ташкил этиш таклифи маъқулланган.
-          “Ўзбекэнерго” ДАК ва “Suntech Power Co.” (Хитой) компанияси ўртасида “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида энг замонавий технологияларга асосланган 100 МВт  қувватли фотоэлектрик панеллар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона барпо этилиши тўғрисида келишувга эришилганлиги таъкидланган (2013 йилнинг октябрь ойигача 50 МВтли ишлаб чиқарилса, 2015 йилга келиб тўлиқ қувватга эришиш кўзда тутилмоқда)
-          Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳамда “Ўзбекэнерго” ДАКнинг Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектрик станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш таклифи маъқулланди. Бунга кўра Самарқанд вилояти ҳокимлиги 2013 йилнинг 1 июлигача электростанцияни қуриш ва жойлаштиришни таклиф этиш учун белгиланган ер майдони ажратиши белгиланди.
-          Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги 2 ой муддатда халқаро тажрибани ўрганган ҳолда қуёш ҳамда биогаз энергиясини ишлаб чиқарувчилар ва фойдаланувчиларни рағбатлантириш, уларга солиқ ва божхона имтиёзлари ва афзалликларини бериш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши белгиланди.
-          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига 2013 йилда Тошкент шаҳрида халқаро молия институтлари, етакчи халқаро экспертлар, хорижий тадқиқот марказлари ҳамда технологик ускуналар ишлаб чиқарувчи компаниялар иштирокида муқобил энергия манбаларини қўллаш масаласига доир халқаро конференция ўтказиш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юклатилди.
-          Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Фанлар Академияси, “Ўзбекэнерго” ДАК манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2013 йилнинг 1 ярим йиллигида Вазирлар Маҳкамасига “Муқобил энергия манбалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини киритиши белгиланди.
-          Мазкур Фармон ижроси Бош Вазир Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклатилди.


Ушбу қарорда тасдиқланган НИЗОМГА кўра:
-          Уйда ижтимоий ёрдам хизмати ходимлари ҳамда ногирон болаларни уйида ўқитганлик учун умумтаълим мактабларининг ўқитувчиларига ойлик йўл ҳақи компенсацияси миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида белгиланди.
-          Мактаб ўқитувчиларига – мактабдан ўқитилаётган ўқувчининг яшаш жойигача камида 1,5 километр масофа бўлганда уйда ўқитилаётган бир нафар ўқувчи учун энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида компенцасия тўланади.
-          Белгиланган компенцасияга даромад сифатида қаралмайди ва ундан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва фуқаролар суғурта бадаллари олинмайди.


Ушбу қарорда тасдиқланган НИЗОМГА кўра:
-          Бепул юриш ҳуққига эга шахсларга янги кўришда ягона гувоҳномалар берилади.
-          Эски намунада берилган гувоҳномалар мазкур Низом кучга киргандан кейин олти ой мобайнида ўз кучини сақлаб қолади.
-          «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, қуйидаги шахслар шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга:
  • 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар;
  • 1941 — 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;
  • 1941 — 1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар;
  • Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;
  • ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар;
  • кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс.
-          Ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга гувоҳнома берилмайди. Улар ҳарбий гувоҳномаси ёки кон­тракт асосида хизмат қилувчининг шахсий гувоҳномасини кўрсатган тақдирда шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланади.
-          Гувоҳномалар оч яшил рангда тайёрланиб, ўртасига Ўзбекистон Республикаси давлат чегаралари контурларининг кўриниши жойлаштирилади.
-          Гувоҳнома бланкалари ва варақалари қатъий ҳисобда турадиган ва белгиланган ҳимоя чизиғига эга ҳужжат бўлиб, ҳисобга олиш серияси ва тартиб рақамига эга бўлади.
-          Гувоҳнома ва варақа чекланмаган муддатга берилади.
-          Гувоҳнома йўқотиб қўйилган тақдирда, фуқарога гувоҳноманинг дуб- ликати берилади.
-          Гувоҳнома яроқсиз ҳолга келган тақдирда, гувоҳнома алмаштириб берилади.

Шунингдек, қуйидаги норматив-ҳужжатлар ҳам эълон қилинди: